Ўзбекистонда силни масофадан туриб даволаш имконияти яратилди

15:38 16 Апрель 2018 Жамият
678 0
Фото: meduniv.lviv.ua

Мамлакатимизда сил касаллигини даволаш ва ташхис қўйишда масофадан туриб маслаҳатлашиш имкони яратилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида очилган Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг маркази ана шундай имкониятни ҳам тақдим эта олади, деб ёзади ЎзА. 

Бир вақтнинг ўзида марказнинг Бухоро вилоятидаги шўъбаси ҳам фаолият бошлади. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган очилиш маросимида қайд этилишича, дунёда ҳар йили сил касаллиги сабабли 1 миллион 700 мингдан ортиқ киши вафот этади. Ўзбекистонда бу хасталикнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган чора тадбирлар натижасида сил касаллиги билан боғлиқ холатлар сони сезиларли даражада камайган. 

— Силни даволашда, айниқса, дори воситаларига чидамли турини аниқлашда бир эмас бир неча мутахассисларнинг фикри керак бўлади, — дейди ЮСАИДнинг Силга қарши кураш дастури Минтақавий тиббий директори Михаил Волик. — Масофадан туриб мулоқот қилиш имконияти сабабли шифокорлар пойтахтга келмай туриб ҳам ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлишди. Бугун малакали мутахассисларни нафақат пойтахтда балки, вилоятларда ҳам етиштиришга эҳтиёж катта. Масофавий технологиялар эса энг камхарж усуллардан бири саналади. Таълимда жорий этиладиган замонавий инновациялар натижасида, бу ердаги мутахассислар ҳам яқин орада ўз ноу-хаулари ва даволашдаги янги ёндошувларини жаҳонга экспорт қила оладилар. Бизнинг бош мақсадимиз эса, касалликни эрта аниқлаш, эрта даволаш ва максимал натижага эришишдан иборат.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар