Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ўз ишини бошлади

18:30 29 Январь 2019 Жамият
844 0

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

“Халқ сўзи ONLINE”. Муниса Каримова/Тошкент. “Юракдан юракка етиб борадиган дипломатия”. Одатда халқ дипломатияси хусусида гап кетганда, унга худди шу таърифни беришади. Бу бежиз эмас. Расмий баёнотлардан холи, кўзлардаги қувонч, бир бирига яхшилик истаган кўнгиллар ва инсонлар туфайли айнан халқ дипломатияси сўнгги йилларда халқаро алоқаларнинг муҳим институти сифатида юқори баҳоланяпти.

Тадбирдан лавҳа./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ўз ишини бошлади. Шу муносабат билан ташкил этилган брифингда Олий Мажлис палаталари, вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, дипломатик корпус ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Янги тузилма зиммасига бир қатор долзарб вазифалар юкланяпти. ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорликни кучайтириш, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш каби тадбирлар марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”да белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, йил давомида фестиваллар, кўргазмалар, ярмаркалар, фольклор, халқ ҳунармандчилиги ва ижодиёти кўргазмаларини ташкил этиш режалаштириляпти.

“Халқ сўзи ONLINE” мухбири тадбир иштирокчиларининг дил сўзларига қулоқ тутди.

Раҳматулла Назаров, Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори, сенатор:

Раҳматулла Назаров./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 

— Жуда қисқа вақт мобайнида ШҲТ халқаро муносабатларда муҳим роль ўйнайдиган ташкилотга айланди. Бугунги кунда кузатувчи давлатлар билан қўшиб айтадиган бўлсак, тузилма 18 та давлатни ҳамкорлик асосида бирлаштиради.

Юртимизда ШҲТ Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ташаббуси илк бора Президентимиз томонидан 2017 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида тилга олинган эди. Ғоя республика миқёсида кенг қўллаб-қувватланди ва бир қатор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси, Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишидаги Марказни таъсис этиш ташаббусини илгари суришди.

Давлатимиз раҳбарининг Марказни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори янги ташкил қилинган тузилма учун жиддий кўмак бўлди. Биз ўз олдимизга қўйилган мақсадларимизга эришиш учун ҳамкорларимиз учун очиқмиз ва кўплаб маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш устида иш бошлаганмиз.

Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:

Содиқ Сафоев./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 

— ШҲТ асримизнинг тенгдошидир. У аъзо давлатлар ва халқларнинг тинчликни асраб-авайлаш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида йилдан-йилга кучайиб, кенгайиб, тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Биргина факт. ШҲТ ҳудудида йирик давлатлараро низолар қайд этилмаганининг ўзи ҳам унинг нуфузи ва минтақа давлатлари учун аҳамияти нақадар юксак эканидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ШҲТ фаолияти муваффақиятининг асосий шарти — халқлар ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланиши, ўзаро манфаатларни инобатга олиш, тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдан иборат. Бунинг учун халқ дипломатиясини ривожлантириш энг мақбул йўлдир. Ишончим комилки, Марказ жамоатчилик, парламентлар, биродарликка киришган шаҳарлар, умуман, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда қулай макон бўлиб хизмат қилади. Халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ривожлангани сари давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам муттасил равишда мустаҳкамланиб бораверади.

Владимир Тюрденев, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Владимир Тюрденев./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 

— Бу тузилма ШҲТ миқёсидаги ягона марказ бўлиб, аввало, халқларимизни ўзаро яқинлаштиришга хизмат қилади. Марказ томонидан 2019 йил учун “йўл харитаси”нинг ишлаб чиқилгани ҳамда унда муҳим вазифалар белгилангани унинг халқаро ҳаётга жиддий қадамлар ва аниқ мақсадлар билан кириб келаётганидан далолат беради. Демак, халқларимизнинг маданияти, бой тарихи, турли анъаналари ҳақидаги қизиқарли материаллар сони ортади.

Бугунги кунда бутун дунёда халқ дипломатиясининг аҳамияти кучайиб боряпти. Турли маданиятлар ҳамда тараққиётлар вакиллари бир-бирларини яқиндан тушуниш ва ўрганишга интиляпти. Марказ бу борадаги тадбирларни янги босқичга кўтариб, янада жонлантиради, деган умиддаман.

Содиқ Имомий, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Содиқ Имомий./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 

— Марказни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўз вақтида ҳамда ўз ўрнида илгари сурилган жуда муҳим қадамдир. Фуқаролик жамияти институтларини ШҲТдаги жараёнлар ва унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ижросига кенг жалб қилиш ўзаро салоҳиятимизни янада юксалтиради ҳамда самарали ҳамкорлик учун янги уфқларни очади. Айниқса, давлатлараро аёллар, ёшлар ташкилотлари, халқ ижоди жамоалари ва бошқа ижодий гуруҳлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш — халқларимизни янада яқинлаштириш билан бирга, якдиллик, тинчлик учун, тараққиёт учун ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Винод Кумар, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Винод Кумар./Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 

— Ҳиндистон ШҲТга аъзо барча давлат билан маданий ҳамда академик алоқаларни йўлга қўйган. 2019 йилда Маҳатма Гандининг 150 йиллигини кенг нишонлаш устида иш олиб боряпмиз. ШҲТ давлатларида ҳам сана муносабати билан қатор фестиваллар ўтказиш режалаштирилган.

Ўтган йилнинг июнь ойида Циндао шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига мувофиқ, ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинганини юқори баҳолаймиз. Унинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича БМТ конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш йўлидаги сайъ-ҳаракатларни бирлаштириш ҳақидаги ташаббусини ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Марказ бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга катта ёрдам беради, деб умид қиламан.

Тақдимот давомида Халқ дипломатияси маркази ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Янги лойиҳалар ва ташаббусларга старт берилди.

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019