Ўзбекистонда рўй бераётган улкан ўзгаришлар ҳақида Россия оммавий ахборот воситалари нималар ёзмоқда?

12:22 20 Август 2019 Жамият
237 0

Иллюстратив фото

Қуйида мазкур саволга жавоб топишингиз мумкин.

Хусусан, “Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йил 15 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг аҳамиятига тўхталиб ўтган. Унга кўра, ушбу Фармон нафақат сайёҳлик, балки, кўплаб турдош тармоқларга тааллуқли “инқилобий ҳужжат” деб атаган. 2019 йил 1 октябридан Ўзбекистоннинг қатор халқаро аэропортларида “Очиқ осмон режими” жорий этилишига эса юқори баҳо берилган.

“Бухорода хорижий давлатлар фуқароларини ташишда “бешинчи ҳаво эркинлиги” ни қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий этилади. Бу исталган давлат самолётлари бу ерга чет эллик сайёҳларни олиб келиши ва учинчи давлатга учиб кетиши мумкинлигини англатади. Айни чоғда мамлакатдаги учта - Қарши, Термиз, Нукус аэропортлари тўлиқ очилади”, - деб ёзади портал. Манба МДҲ ҳудудида мамлакатда чартерларни ташкил этувчи авиаташувчилар ва турфирмаларни субсидиялаш тизимини биринчи бўлиб Ўзбекистон татбиқ этаётганини қўшимча қилган.

“Интерфакс” шарҳловчилари фикрича, ушбу Фармон мамлакатга келувчи туристлар сонини йилига 10 миллион нафаргача етказиш имконини беради. Сайёҳлик жабҳаси равнақи, ўз навбатида, бандликни ошириш ва қишлоқ, шаҳар ва олис жойлар аҳолиси учун янги даромад манбалари пайдо бўлишига хизмат қилади.

“ТАСС” агентлиги эса Ўзбекистонда яна 20 та мамлакат фуқароларига кириш учун визасиз режим жорий этилгани ҳақида хабар берди. Айни пайтда мамлакатда 65 та давлат фуқаролари 30 сутка давомида визасиз бўлиб туриши мумкин. Бундан ташқари, 2018 йилнинг ўрталарида Ўзбекистонда 100 та мамлакатдан транзит йўловчилар учун беш кунлик визасиз тартиб амалга киритилди.

“2020 йилдан 85 та давлат фуқаролари мамлакатда 30 сутка визасиз бўлиб туришлари мумкин, бу Ўзбекистонни МДҲ майдонидаги энг либерал виза тартибига эга мамлакатлардан бирига айлантиради”, - дейилади хабарда.

“Известия” газетаси эса 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Киев, Вена, Қоҳира, Будапешт, Доха, Афина, Брюссель, Барселона, Мадрид, Амстердам, София, Варшава, Бухарест, Прага, Женева ва бошқа кўплаб шаҳарларга авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштираётганига урғу берган. Халқаро авиарейслар географиясининг кенгайиши нафақат мамлакатга туристик оқим кўпайиши, балки қўшимча хориж инвестицияларини жалб этиш имкониятини ҳам тақдим этиши билдирилган.

“РИА Новости” ахборот агентлиги Қўқонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилгани ҳақидаги янгиликни тарқатди. Мазкур қарор 2019 йил 10-15 сентябрь кунлари мазкур шаҳарда бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивали арафасида қабул қилингани қайд этилган.

“Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Рози Гринлис ушбу қарорга изоҳ берар экан, Қўқон ўзининг халқаро алмашинувларини кенгайтириш, рўйхатдаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид билдирди, - дея ёзади “РИА Новости”. – Фарғона водийсидаги Қўқон шаҳри X асрдан буён турли номлар билан танилган, бироқ унинг гуллаб-яшнаши XVIII асрга тўғри келади. Ўшанда у ўзига адаш номдаги хонлик пойтахтига айланган эди. Унинг эски шаҳар қисмида бугунги кунда ҳам аввалгилардек заргарлик, тўқимачилик ва кулолчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича кўплаб маҳаллий ҳунармандчилик цехлари жойлашган. Маҳаллий пичоқчилик мактаби эса энг машҳуридир”.

EurAsia Daily ахборот-таҳлил маркази ердан фойдаланиш бўйича янгиликларга тўхталиб ўтган. Манба Ўзбекистон Президенти жорий йилнинг 13 августида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 26 апрель куни қабул қилиниб, Сенат томонидан 3 май куни маъқулланган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунни имзолагани ҳақида хабар берган. 

“Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 мартидан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилади, - дейилади материалда. – Ер участкаларини хусусийлаштириш доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш, қолаверса, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш шаклларда амалга оширилади. Ер участкалари Ўзбекистон фуқаролари ва резидент юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилиши мумкин”.

Ер участкаларини хусусийлаштиришнинг янги тартиб-таомили самарадорлиги 2020 йил 1 февралгача Сирдарё вилоятида режалаштирилаётган ҳуқуқий эксперимент чоғида синовдан ўтказилади. EurAsia Daily шарҳловчиларининг фикрича, Ўзбекистон расмийларининг ташаббуси хусусий мулк институтини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига фуқаролик муомаласини киритиш, фуқаролар ва ишбилармонлик субъектлари инвестициявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилгандир.

Regnum янгиликлар сайти эса ўз саҳифасига мамлакатимизда экологик тоза энергетикани равнақ топтириш бўйича давлат томонидан олиб борилаётган ишларга оид мақола жойлаштирди.

Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат табиий шароитларни инобатга олган ҳолда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича улкан салоҳиятга эга. “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги қарори билан энергетика тармоғини ислоҳ этиш вазифалари белгилаб берилди, - дейилади унда. - Бинобарин, 2030 йилгача мамлакатда қарийб 25 та қуёш электр станциясиини қуриш режалаштириляпти”.

“Хусусан, яқинда Ўзбекистон энергетика вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Осиё тараққиёт банки(ОТБ) қуёш электр станцияларини барпо этиш бўйича маслаҳатлашувга оид битим имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 800 млн. доллар, барча электр станцияларининг ялпи қуввати 1 ГВт.га тенг. Биринчи электр станциясини Сурхондарё вилояти Шеробод туманида бунёд этиш мўлжалланмоқда”, - дея таъкидлайди Regnum.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019