Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси иқтисодиётимиз «драйвери», халқимиз турмуш фаровонлигини таъминловчи янги босқичдир

18:05 12 Сентябр 2019 Жамият
212 0

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Бозорларимиз файзу баракаси, ҳаётимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Зеро, юртимиз замини саховатли. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, давлат харид нархларининг қарийб 3 баробар оширилиши пахтачилик ва ғаллачиликни даромад келтирадиган тармоққа айлантирди. Қолаверса, пахтачиликда мутлақо янгича иш тутумига, яъни кластер тизимига ўтилгани меҳнатга муносабатни тубдан ўзгартирди. Ишни самарали ташкил этиш ва бошқариш имконияти юзага келди. Шунингдек, пахта майдонларида суғоришнинг тежамкор усуллари татбиқ этилди. Шу йилнинг ўзида 25 минг гектар пахта майдонида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилиниши натижасида ўтган йилдагига нисбатан уч баробар кўп ҳосил олиш кутилаётгани, фойдаланишдан чиққан 1 миллион 100 минг гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни такомиллаштириш;

сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш;

қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш;

қишлоқ хўжалигида ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги статистикасини тўлиқ рақамлаштириш орқали маълумотлар ҳаққонийлигини таъминлаш;

кадрлар масаласини ҳал этиш, илм-фанни ривожлантириш.

Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлашдир. Қисқача айтганда, қишлоқ хўжалигида шу пайтгача амал қилиб келган эскича иш услубидан бутунлай воз кечиш, шунчаки хом ашё етиштириш манбаига айланиб қолган соҳани тубдан ислоҳ этиш. Чунки янгича ишлаш услубига ўтиш пайти, аллақачон, етиб келди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Президентимиз ҳузурида ўтказилган йиғилишда ишлаб чиқилаётган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳокама қилинди. Унда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини юксалтириш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда тармоқ статистикасини тўлиқ рақамлаштириш орқали маълумотлар ҳаққонийлигини таъминлаш, кадрлар масаласини ҳал этиш, илм-фанни ривожлантиришга хизмат қилувчи еттита устувор йўналиш белгилаб берилди.

Жамшид ХЎЖАЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

— Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини ташкил этса-да, лекин қилаётган ишларимиз етарли эмаслиги, олдимизда катта потенциал борлиги намоён бўлмоқда. Охирги икки йил ичида биз қишлоқ хўжалигида жуда кўп ишларга киришдик. Жумладан, кластерлар, кооперациялар ташкил қилинди. Сувни тежаш, ерларни ўзлаштириш бўйича кўп ташаббусларни бошладик.

Энди кейинги ўн йилликда қишлоқ хўжалигини иқтисодиётнинг ҳақиқий “драйвери”га айлантириш учун тубдан кўп ислоҳотларни амалга оширишимиз керак. Чунки 30 йилда қишлоқ хўжалигига деярли тегинилмаган, десак, хато бўлмайди. Маҳсулотларимиз, умуман, қишлоқ хўжалигидаги инновацияларимиз бошқа давлатлар билан ҳақиқий рақобатдош бўлиши учун ислоҳотларни бугундан амалга оширишимиз керак.

Президентимиз олиб борган йиғилишни ушбу соҳадаги жуда муҳим йиғилиш, деб айтсак бўлади. Чунки унда қишлоқ хўжалиги йўналишида ўн йилда амалга ошириладиган ишларни белгилаб олдик. Бинобарин, қишлоқ хўжалигини фақатгина битта йўналишда ҳеч қачон ислоҳ қилиб бўлмайди.

Стратегияга қисқача тўхталсак, унда, аввало, ердан самарали фойдаланиш назарда тутиляпти. Солиштирадиган бўлсак, бизнинг ердан оладиган даромадимиз, тўғрисини айтганда, баъзи давлатлардан беш-олти баробар кам.

Ердан фойдаланувчи уни ҳақиқий ўзиники, деб ҳисоблайдими ёки йўқ? Стратегияда шу борадаги ишларни янада такомиллаштириш белгиланган. Ваҳолонки, таҳлилларда битта фермер ердан бир, бир ярим йил фойдаланган ҳолатлари ҳам кузатилган. Бу нимадан далолат? Агар ердан фойдаланувчи уни ўзиники, деб билмаса, қандайдир “қўрқув” бўлса, муносабат ҳам худди шундай бўлади. Ерга нафақат қараш, балки маблағларни ҳам сарфлаш керак.

Шу билан бирга, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ҳам устувор вазифалардан биридир. Яъни ундан фойдаланмас эканмиз, вақтни ҳам, маблағни ҳам йўқотамиз.

Актам ҲАЙИТОВ, 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси:

— Бугун Ўзбекистонда мавжуд ер майдонларидан, сувдан самарали фойдаланиш масаласи Президентимиз томонидан соҳа ходимлари, олимлари олдига қўйилаётган энг долзарб вазифа этиб белгиланди. Сабаби ер чекланган. Ана шу чекланган ердан фақатгина меҳнат унумдорлигини, ҳосилдорликни ошириш орқали кўпроқ даромад олиш лозим. Агар ривожланган мамлакатлар билан солиштирадиган бўлсак, ердан, сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси бўйича қатор тизимли муаммолар борлиги кўринади. Шунинг учун стратегияда қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини юксалтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, инновацион технологияларни кенг қўллашга алоҳида урғу берилган.

Бугунги кунда мавжуд суғориладиган ер майдонлари 3 миллион 200 гектарни ташкил этадиган бўлса, унга сарфланадиган сув жуда катта миқдорда исроф қилинишига олиб келаётгани мутахассислар томонидан қайд этилмоқда. Шунинг учун стратегиянинг алоҳида йўналиши сув ресурсларини тежашга қаратилган.

Яна бир муҳим йўналиш, бу — мавжуд ер ресурсларидан бир неча марта ҳосил олиш бўйича амалий чора-тадбирлардир. Бу, биринчи навбатда, ғалла эккан фермерларимиз даласида такрорий экинлардан қўшимча маҳсулот олиш. Бу орқали ҳам ички, ҳам ташқи бозорга маҳсулот чиқариш имконияти кенгаяди. Жорий йилда ғалладан бўшаган 860 минг гектар майдонга такрорий экинлар экилди. Бунинг натижасида деҳқон ва фермерларимизнинг манфаатдорлиги янада ошиш имконияти пайдо бўлди.

Энди ҳаммаси шаффоф ва аниқ ҳисоб-китобли бўлади

Очиғини айтиш керак, бугун ер майдонларининг аниқ ҳисоб-китоби юритилмаган. Агар суриштирсангиз, кадастрдаги рақам билан статистикадаги рақам бир-бирига тўғри келмайди. Кимдир йиллар давомида йўл, дарё ёки ариқнинг масофа майдонини қисқартириш эвазига экин майдонини кенгайтирган бўлса, бошқаси ер ўлчаш жараёнида кўзбўямачилик қилган. Сабаби ўтган йиллар давомида ягона автоматлашган дастур яратилмаган.

Бундан ташқари, жойларда битта ер майдонининг бир нечта хўжалик субъектларига бириктириб берилиши ёки туман ҳокими хоҳлаган пайтда олиб қўйиши билан боғлиқ ҳоллар кўзга ташланарди. Бу каби муаммолар ердан фойдаланувчиларнинг унга эгалик ҳуқуқи кафолатланмаганлигини, бу борада коррупция авж олганини кўрсатади. Мана шундай ҳолатда ер эгаси қандай қилиб ҳосилдорликни ошириш, ер унумдорлигини кўтариш ҳақида бош қотириши мумкин?! Шунинг учун 2019 йилда 50 та туманда, 2021 йилда эса республикамизнинг барча ҳудудида ерларни ҳисобга олиш ишлари тўлиқ якунига етказилиб, бу борада ягона электрон базани шакллантириш ишлари жадаллаштирилади.

Бундан ташқари, ер ажратишнинг шаффоф тизими ишлаб чиқилиб, ерга бўлган ҳуқуқлар кафолатланади.

Исрофгарчиликнинг олдини оладиган технология

Қишлоқ хўжалигини сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, республикамиз аграр тармоғида обиҳаётнинг қадри жуда баланд. Чунки юртимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асосан, сувли майдонларга тўғри келади. Бу эса сувнинг ҳар қатрасидан оқилона, тежамкорлик билан фойдаланишни тақозо этади. Бироқ амалда бунинг акси бўлмоқда.

Республикамиздаги мавжуд экин майдонларига йўналтирилаётган миллиардлаб куб метр сувнинг 
60 фоизигина экинларга етиб боради, қолган 40 фоизи эса суғориш тизимлари ва суғориш жараёнида йўқотилади.

Бу ҳам соҳада, аллақачон, умрини ўтаб бўлган усуллардан фойдаланилаётгани, сувга нисбатан беписанд муносабат шаклланганини кўрсатади. Жойларда ҳамон сув кўллаб ётган далалар, обиҳаёт исроф бўлаётган ҳолатлар мавжуд. Ваҳолонки, сувдан самарали фойдаланиш коэффициенти Европа давлатларида 80 — 85 фоизни ташкил этади.

Жаҳон сув ресурслари институти таҳлилларига кўра, 2040 йилга бориб, Ўзбекистон сув ўта танқис бўлган 33 та мамлакат қаторига кириши мумкин.

Шу жиҳатдан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига суғоришнинг тежамкор усулларини кенг қўллаш асосий масала ҳисобланади. Зеро, томчилатиб суғориш усули бежиз “дунёни очликдан қутқарадиган технология” деб баҳоланмайди. Дунё мамлакатларида томчиси тиллога тенг обиҳаётни тежаб сарфлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда бизда ҳамон экин майдонларини суғоришда сувни ҳисоб-китобсиз сарфлаш ва катта миқдорда йўқотишлар кузатилаётгани ташвишланарлидир.

Шу боис келгуси йилдан ҳар йили 200 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиб борилади.

Илғор, замон билан ҳамнафас фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзаллигини англаб етишган, албатта. Улар нафақат сувни тежаш, балки ҳосилдорликни ошириш мақсадида ҳам мазкур усулдан кенг фойдаланиб келмоқда. Сабаби ушбу усул ер унумдорлигини яхшилаш, тупроқ эрозиясининг олдини олишга хизмат қилади. Энг асосийси, мамлакатимизда суғоришнинг тежамкор усулини жорий қилаётган ер эгалари учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилган. Демак, фаолиятни янгича усул асосида ташкил қиладиган деҳқон ва фермерлар бундай имкониятдан фойдаланса кам бўлмайди.

— Мисол учун, томчилатиб суғоришни жорий этмоқчи бўлган фермерга ҳар гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилмоқда, — дейди Тошкент вилоятилик фермер Ҳамид Ғойипов. — Ёки бунинг учун банкдан олинган кредитнинг 10 фоизи давлат томонидан тўлаб бериляпти. Бундан ортиқ яна қандай ёрдам бўлиши мумкин?! Янгилик яратмасдан, ўша ўн йил олдинги услубда ишлашнинг келажаги йўқ. Инновацион ғояларга интилишимиз зарур. Бугунэртани, эртага индинни ўйлашимиз керак. Шунда кўп натижаларга эришамиз.

Мақсад — ўрганилмаган бозорларга кириб бориш

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фаол қўллаб-қувватланадиган давлатлар сирасига киради. Бугунги кунда республикамиз аграр соҳасига давлат томонидан ривожланган мамлакатларга нисбатан 2-3 баробар кўп маблағ ажратилмоқда. Бироқ ушбу маблағларни тўғри ва мақсадли йўналтириляпти, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам 2025 йилга бориб, давлат томонидан қишлоқ хўжалиги фақат бозор механизмлари асосида тартибга солинади. Тан олиш керак, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш борасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Биринчидан, бозорни ўрганиш ва бозор топиш борасида муаммолар бор.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда, хусусан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг, Мисрда 8 минг, Исроилда 12 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, бизда бу рақам 300 доллардан ошмаяпти.

Аслида, мамлакатимизнинг 20 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун 1 гектар ерда камида 10 минг долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши зарур.

Экспорт учун қулай бозорлар кам эмас. Масалан, дунё бозорида бодомнинг йиллик импорт ҳажми салкам 3 миллиард долларни, гилос ва олчаники 2 миллиард долларни, пистаники эса 1,5 миллиард долларниташкил этади. Ушбу бозорлар биз кириб борадиган ва сифатли маҳсулотларимиз билан муқим жой эгаллайдиган катта майдон. Бу орқали 2025 йилгача экспорт ҳажмини йилига 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилгани шу мақсаддаги муҳим қадамдир.

Халқаро стандартларга мос маҳсулот жаҳон бозорига чиқишнинг энг асосий воситасидир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг экспортда оқсаётгани шу жиҳат билан ҳам боғлиқ. Шу боис эндиликда Европа Иттифоқи, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва араб мамлакатлари стандартлари асосида маҳсулотларни сертификатлаш тизимини жорий этиш чоралари кўрилади. Экспорт салоҳиятини оширишда томорқа хўжаликлари бой манба ҳисобланади. Боиси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70 фоизи томорқаларда етиштирилади.

Ҳозир Ўзбекистонда 4,5 миллион аҳолининг томорқа ер майдонлари мавжуд.

Стратегиядатоморқада етиштирилган маҳсулотлар логистикасига, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида логистика ва кооперация хизматини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовордир.

Кластер нимаси билан афзал?

Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган 76 та пахта-тўқимачилик кластери ҳам қишлоқ хўжалигига татбиқ этилаётган янгича ёндашувнинг амалий тасдиғидир. Пахтачилик, боғдорчилик ва бошқа йўналишларда ташкил қилинган агрокластерлар ҳар томонлама афзаллигини намоён этмоқда.

— Қонликўл туманида шоличилик кластерини ташкил этиб, 685 кишининг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз, — дейди унинг раҳбари Умрбек Ўринбоев. — Бунинг учун 10 гектар ер майдони ажратилди. Жалб этиладиган маблағ эса 52 миллиарддан ортиқ. Хитой, Вьетнам ва Россиядан шолини қадоқловчи янги линиялар сотиб оламиз.

Ҳозирги кунда ҳосилдорлигимиз гектарига 35 — 40 центнерни ташкил қилаётган бўлса, кластер тизимини шакллантиргандан сўнг бу кўрсаткич 70 — 80 центнерга етказилади. Ниманинг эвазига? Албатта, янги технологияларни, яъни шоличилик ривожланган давлатлар усулини қўллаш орқали.

Халқимизда “Меҳнат билан бирни олсанг, илм билан мингни оласан”, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган.Шу маънода, қишлоқ хўжалигида илмга асосланган усулларнинг яхши самара бераётгани ўз исботини топган. Мисол учун, гилос бўйича асосий рақобатчиларимиз — Туркия ва Озарбайжонда экспортга июль ойидан киришилса, биз асосий ҳосилни май ойининг бошида берадиган гилос навларини яратсак, экспортдан олинадиган даромадни икки баробар оширишимиз мумкин.

Очиғи, шу пайтгача республикамиз аграр секторида кадрлар масаласи ва ишлаб чиқаришга инновацион ёндашувни татбиқ этиш борасида камчиликлар кузатилаётган эди. Соҳага ихтисослаштирилган 7 та олий таълим муассасасидан ҳар йили уч мингдан зиёд битирувчилар чиқса-да, ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги яққол сезиларди. Сабаби тизимда ишни ташкил этиш, кадрларни жой-жойига қўйиш борасида палапартишлик сезиларди. Фермер хўжаликларида ҳам соҳага оид билим ва кўникмалар етишмаслиги туфайли экинларни жойлаштириш ва юқори ҳосил олишда имкониятлар бой бериларди. Эндиликда бу каби муаммоларнинг барчасини босқичма-босқич ҳал этиш ва бунинг учун зарур мутахассислар ҳамда молиявий манбалар билан таъминлаш чоралари белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида энг катта эътибор бозор механизмларига қаратилган. Бунинг замирида деҳқон, фермер ишлагандан кейин ердан даромад топсин, деган мақсад ётибди. Шу билан бирга, унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам назарда тутилган. Чунки аҳоли ҳар йили кўпайиб бормоқда. Бу бозорда эҳтиёж ҳам ортиб боряпти, дегани. Шундай экан, пайдо бўлаётган эҳтиёжни қондиришнинг энг асосий йўллари бу унумдорлик ва ҳосилдорликни оширишдир.

Зеро, халқ, деҳқон бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ҳаётий ва аниқ вазифаларга бой эканлиги, мана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

«Халқ сўзи».


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019