Ўзбекистонда пенсия ёшини 63 ёшгача ошириш назарда тутилмоқда

19:30 28 Май 2018 Иқтисодиёт
1116 0

Пенсия таъминоти тизими меҳнатга лаёқатсиз ва кам таъминланган фуқароларнинг турмуш даражасини таъминлашга ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий характерга эга бўлган қатор чора-тадбирлар комплексини амалга оширилишини назарда тутади. Ушбу тизим 3,3 млн.дан ортиқ фуқароларни ўз ичига олиб, мамлакат аҳолисининг тахминан 10 фоизини қамраб олади.

Ўзбекистон Республикасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштиришга доир муайян ишлар амалга оширилган бўлиб, умумқабул қилинган пенсия суғуртаси тамойилини жорий этиш билан боғлиқ тизим модернизацияси амалга оширилган.

Бироқ, шу билан бирга, ҳанузгача муносиб пенсия миқдорларига эришишнинг аниқ меъёрлари жорий этилмасдан қолмоқда.

Фуқароларнинг ижтимоий суғурталаш тизимидаги узлуксиз иштирокини рағбатлантиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, пенсионерларнинг моддий таъминланганлик даражасини ошириш, шунингдек, барқарор пенсия тизимига эришиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг расмий веб-сайтида жорий йилнинг 28 апрель куни фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилган Концепция лойиҳаси умумҳалқ муҳокамасига тақдим этилди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан Концепция лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 25 май куни Олий Мажлис Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар Қўмитаси, Қонунчилик палатаси вакиллари, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда БМТ Ривожланиш дастури, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди.

Семинарда вазирлик ва идоралар ҳамда кенг жамоатчиликдан пенсия ислоҳотларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган дастлабки тавсиялар таҳлил қилинди ва муҳокамаси ўтказилди.

Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масаласи, хусусан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунинг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши батафсил муҳокама қилинди. Бу борада, қонунни чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда мамлакатимизнинг демографик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш тўғрисида фикрлар билдирилди.

Шу билан бирга, қонуннинг нормаларида фуқароларнинг пенсия миқдорлари уларнинг меҳнат стажлари давомийлиги ва иш ҳақига боғлиқ бўлиши ҳамда ижтимоий суғурта тизимига фаол қатнашишларини рағбатлантирувчи механизмларини жорий этилиши зарурлиги қайд этилди.

Мутахассис ва экспертлар таъкидлашича, Концепцияда ижтимоий адолатлиликни қарор топтириш жиҳатлари инобатга олиниб, ишловчи пенсионерларга тўлиқ пенсияларини тўлаш, пенсия таянч миқдорини ҳисоблашда амалдаги ҳисобга олинадиган чегаравий энг кам ойлик иш ҳаққининг 8 баробарини 12 баробаригача ошириш каби таклифларни ўз ичига қамраб олган.        

Шунингдек, таклиф этилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, семинар иштирокчилари, шу жумладан ҳалқаро молия институтлари экспертлари, янги таклиф этилаётган нормаларни босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги тўғрисида фикр билдиришди. Хусусан, дастлабки босқичда талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич ҳар йили, 2019 йилдан бошлаб 10 йилгача ошириши, пенсия ёшини эса 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 6 ойга, аёллар учун 58 ёшгача ва эркаклар учун 63 ёшгача ошириб бориш тавсия этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар