Ўзбекистонда органик пахта етиштирилиши мумкин

17:48 21 Май 2018 Иқтисодиёт
2210 0
Фото: kabar.kg

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15-17 май кунлари АҚШга Президент Дональд Трамп таклифига биноан амалга оширган тарихий ташрифи давомида турли соҳаларда қатор муҳим битимлар имзоланди.

Шулардан бири Американинг “WCC International” компанияси билан ўзбек тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларини халқаро меъёрларга мувофиқ ҳолда сертификатлаш бўйича махсус лойиҳани амалга оширишга доир шартнома имзоланди. Бундан ташқари Ўзбекистонда органик пахтани етиштиришни таъминлаш халқаро дастурини татбиқ этиш режалаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги АҚШ билан ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган бешта ҳужжат имзолади. 
  
Жумладан, АҚШ Савдо вазирлиги билан иккитомонлама савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик Меморандуми қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимиз Американинг қуйидаги дастурларидаги иштирокини янгилайди:

- республика ҳуқуқшуносларини халқаро тижорат ҳуқуқи масалаларида ўқитиш бўйича тижорат ҳуқуқини ривожлантириш, АҚШ ва Ўзбекистон тижорат ҳуқуқи нормалари бўйича ахборот алмашиш дастури;

- республика менежерлари учун АҚШнинг етакчи компанияларида ишчи стажировкадан ўтиш, Америка компаниялари билан шериклик алоқаларини ўрнатиш ва Америка ишбилармонлик амалиёти билан танишиш бўйича махсус дастур;

- Америка бизнес уюшмалари билан олдинда турган савдо тадбирлари, кўргазмалар ва бошқа тижорат лойиҳаларига оид ахборот алмашиш бўйича ўзаро ҳамкорлик дастури.

Айни чоғда ЮСАИД билан Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик қилиш ва ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Бунда АҚШ томони зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ЖСТга кириш оқибатларини таҳлил қилиш, семинар ва конференциялар ўтказишда керакли техник кўмак кўрсатади.

Ўз навбатида мазкур ташкилот билан шу йил октябрь ойида Тошкентда Марказий Осиё савдо форумини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишга доир Меморандум қабул қилинди.

Шулар қаторида “Openbucks” компанияси билан Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш ва ўзбекистонлик ишбилармонларнинг глобал тижорат платформаси ҳамда электрон тўлов тизимига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга оид “йўл харитаси”ни тайёрлашга доир Меморандум имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?