Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари тартиби ўзгартирилади

10:20 06 Июнь 2018 Жамият
1437 0

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқилади ва такомиллаштирилади. Бу Ўзбекистон Президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорда кўрсатиб ўтилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT Генерал, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилади, ёшлар билан ишлаш бўйича проректорларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси Президент девонининг Ёшлар сиёсати масалалари хизматига юкланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар раҳбарлари — тегишли олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорларининг, инновацион ривожланиш вазири — барча олий таълим муассасалари илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларининг фаолияти натижаларини уларнинг «Йўл хариталари»да белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ойда камида бир марта танқидий муҳокама қилиб боради.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар раҳбарларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда тегишли олий таълим муассасаларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ҳисоботлари ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида муҳокама этилади.

Вазирлар Маҳкамаси муҳокама натижаларига кўра олий таълим муассасалари ректорларининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ёки нолойиқлиги масаласини кўриб чиқади. Олий таълим муассасалари ректорларининг фаолияти самарадорлигига баҳо беришда ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг кенг жалб қилинганлиги, шунингдек, Ўзбекистонда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очишда уларнинг ташаббускорлиги инобатга олинади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар