Ўзбекистонда нодавлат таълим истиқболлари қандай? Ёхуд нодавлат олий таълим даргоҳларини ташкил этиш даври аллақачон етиб келган

15:47 04 Июль 2018 Жамият
2950 0

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар халқ билан мулоқот принципига уйғун ва ҳамоҳангликда амалга оширилаяпти. Таълим тизимидаги стратегик ўзгаришлар ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.

Бинобарин, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш, соҳага давлат-хусусий шерикчиликнинг самарали механизмларини жорий этиш, бу борада илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш бўйича қатор янгиликларга қўл урилди. Бу бежиз эмас. Сабаби яқин-яқингача ҳам тадбиркорларга нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия беришнинг марказлашиб кетгани энг долзарб ва ўз ечимини кутаётган муаммолардан бири бўлиб келаётган эди. Масалан, узоқ ҳудудларда яшовчи бирор ишбилармон хусусий боғча ёки мактаб очмоқчи бўлса, албатта Тошкентга бир неча бор келиб-кетишига тўғри келарди. Боз устига, лицензия натижаларини ойлаб кутарди. Агар лицензияни қўлга кирита олмаса, у ёғини ўзингиз ўйлайверинг. Хуллас, сарсон-саргардончилик, асаббузарликлар хўп ва кўп эди.

Зеро, давлатимиз раҳбари ҳам қатор чиқишларида мазкур мазкур масалага алоҳида тўхталиб, танқидий фикрлар билдирди ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга аниқ топшириқлар берди. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламалга айланди.

Юртбошимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қатор ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда нодавлат таълим хизматларни кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш йўлида фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда қарор лойиҳаси тайёрланди.

Уни ишлаб чиқиш жараёнида илғор халқаро тажрибалар чуқур ўрганилди. Жумладан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси делегацияси Корея Республикасига хизмат сафари уюштирди. Ташриф давомида Жанубий Кореянинг нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари кўриб чиқилди. Бир қатор мутассади ташкилотларда учрашув ва семинарлар ташкил этилиб, қарор лойиҳаси муҳокама қилинди, ўрганилган малакаларнинг намунали омиллари инобатга олинди.

Масалан, Жанубий Корея мактабгача таълим муассасаларида асосий эътибор таълим-тарбия жараёнига қаратилади. Яъни ушбу даврда олинган таълим-тарбия келажак учун пишиқ-пухта пойдеворга айланади, болаларни таълим олишга қизиқтириш боғчадан бошланиши зарур деган қатъий принципга риоя этилади. Пировардида бугун Корея Республикасида ёшларни боғчада қамраб олиш даражаси 98 фоизга етказилган. Бу эса шубҳасиз кейинги босқичдаги таълим сифатига катта таъсир кўрсатади.

Мазкур жараёнлардан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 27 мартда “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши билан нодавлат таълим муассасаларини ташкил қилиш жараёни янада соддалаштирилди, лицензия талабгорларининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш белгилаб қўйилди. Айни чоғда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали лицензия талабгорлари ҳужжатларини қабул қилишнинг электрон тизими йўлга қўйилди.

Лицензия талабгорларининг ҳужжатлари 10 кун ичида кўриб чиқиладиган бўлди. Ваҳолонки, олдин ушбу жараён 30 кунни ташкил этарди. Ўз навбатида лицензия олиш учун керак бўлган ҳужжатлар сони соддалаштирилиб, 9 тадан 5 тага камайтирилди. Барча юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни олиб бориш учун лицензия олиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Мактабгача таълим, халқ таълими вазирликлари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари билан биргаликда вилоят, туман (шаҳар) кесимида малакали мутахассислардан иборат эксперт гуруҳлари шакллантирилди.

Шулар асосида мактабгача таълим муассасалари ва улардаги таълим-тарбия жараёнларига мутлақо янгича тафаккур билан қаралаяпти. Айниқса, давлат-хусусий шерикчилик асосида МТМ ташкил этиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланган. Айни пайтда республикамизнинг ҳар бир вилоятида нодавлат мактабгача таълим муассаслари фаолият юритаётгани ва уларнинг умумий сони 339 тани ташкил этаётгани бунга мисол бўла олади. Ўйлаймизки, бундай даргоҳлар сони тизимли ва назорат остида ошиб бориши мактабгача таълим тизими сифатини янги босқичларга олиб чиқади.

Шуларга муштарак равишда умумий ўрта таълим тизимида нодавлат мактабларнинг ўрни кучайиб бориши табиий. Буни АҚШ, Буюк Британия, Япония, Германия, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларда нодавлат мактабларда таълим сифати жуда юқори даражада эканлиги тимсолида ҳам яққол англаш мумкин. Зеро, бу умумий таълим тизими сифатини юқори даражага олиб чиқишнинг энг муҳим мезонидир.

Ҳозирги кунда республикамизда нодавлат мактаблар сони 57 тани ташкил этмоқда. Уларнинг сони янада кўпайиши шубҳасиз. Хўш, бошқа муқобилларини асло камситмаган ҳолда бундай таълим масканининг афзалликлари нималарда кўринади?

Аввало, нодавлат мактабларда яратилган шарт-шароитлар барча талабларга жавоб беради. Уларда қўлланилаётган ўқув режа ҳамда ўқув дастурлари асосида ҳар бир ўқувчига алоҳида-индивидуал ёндашилади. Навқирон авлодга ўз устида мустақил ишлаши учун барча қулайликлар яратилади. Қизиқишлари ва иштиёқидан келиб чиқиб таълим берилади, икки-учта хорижий тил ўргатилади. Ўқишдан ташқари муассасанинг ўзида ташкил этилган турли фан тўгараклари, спорт машғулотлари самарали олиб борилади. Бундан ота-она ҳам, педагог ҳам, бола ҳам манфаат топади.

Умуман олганда, мамлакатимизда нодавлат таълим хизматлари соҳасидаги фаолият мактабгача (боғчалар), умумий-ўрта (мактаб) ва кадрлар малакисини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш (ўқув марказлари) таълим турлари бўйича тез ривожланиб бормоқда ва мазкур таълим турлари бўйича нодавлат таълим масканлари сони ортаяпти.

Бироқ шу кунга қадар республикамизда нодавалат ўрта-махсус (коллеж ва лицейлар) ва олий (институт ва университетлар) таълим муассаслари ташкил этилмаган. Нега? Ваҳолонки, мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини юқори босқичларга олиб чиқиш, таълим тизимидаги соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини ошириш, таълим олиш истагида бўлган ёшларимизга кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, янгича ва мустақил фикрлайдиган, рақобатбардош ва келажакда мамлкатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган кадрлар тайёрлаш учун нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш вақти аллақачон етиб келган.

Барча ривожланган мамлакатлар, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Япония, Германия, Жанубий Корея, Сингапурда нодавлат олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Таълим тизимига баҳо берувчи, дунё тан олган олий ўқув муассасаларининг жаҳон рейтингларида ҳам нодавлат таълим муассаслари энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Юртимизда эса давлат таълим даргоҳларига ажратилган квоталар таълим олмоқчи бўлган ёшларимизни 9-10 фоизинигина қамраб олаётир. Мазкур ҳолат уларни чет эл универистетлари, аксарият ҳолларда Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонда ташкил этилган нодавлат олий таълим муассасaларида таълим олишга мажбур қилаяпти. Аммо мазкур давлатларда ташкил этилган ОТМдаги таълим сифатига кафолат бериб бўлмайди, албатта. Қолаверса, бу ҳолат республикамиздан иқтидорли ва ташаббускор ёшларни чет элга чиқиб кетишига ҳам сабаб бўлаётир.

Модомики, мамлакатимизда нодавлат олий таълим муассасaларини очилиши хизматлар экспортини ривожлантиришга олиб келади. Диёримизга келган ҳар бир xорижий талаба контракт тўловини амалга оширишдан ташқари у ўз эҳтиёжларини қондириш учун йилига ўртача 10 миллион сўм сарф-харажат қилади. Бу ҳам, ўз ўрнида, иқтисодиётимизни ривожлантиришга ўзининг хиссасини қўшади.

Нодавлат олий таълим муассасларининг ташкил этилиши республикамизда янги иш ўринлар яратилиши, нодавлат ва давлат таълим сектори ўртасида соғлом рақобат муҳитини пайдо бўлиши, ёшларимизни ўзлари хоҳлаган йўналишлар бўйича таълим олиши, таълим ва саноатни чамбарчас боғланиши, таълим ва кадрлар сифатини ошиши, давлат бюджетига тушумларнинг кўпайиши, бюджетдан қопланадиган сарф- харажатларнинг камайиши каби кўп масалаларга ижобий ечим бўла олади.

Рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади, ўсиш бор жойда сифат бўлади, сифат бор жойда эса натижа бўлади. Энг муҳими, миллий қадриятлар ва замонавий ютуқларни ўзида жамлаган илм масканларидан буюк аждодларга муносиб, Ватан равнақига улкан ҳисса қўша оладиган авлодлар етишиб чиқади.

Санжар ОБИДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш
давлат инспекцияси бўлим бошлиғи


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019