Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш нима учун кучайтирилиши керак?

15:54 07 Январь 2019 Жамият
971 0

Германия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори. Юртимизда истиқлол йилларида олмон тадбиркорлари томонидан икки юздан ортиқ алоҳида ва қўшма корхоналар ташкил этилди.

Мамлакатимиз қурилиш саноати соҳасида немис фирмалари фаол қатнашмоқда, хусусан, биргина “KNAUF” корхонаси юртимизнинг кўплаб ҳудудларида ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйган. Самарқандда фаолият юритаётган “JV MAN Auto-Uzbekistan” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси томонидан жаҳон талабларига жавоб берувчи турли русумдаги юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

DAAD — Германия академик алмашувлар хизмати, Конрад Аденауер, Фридрих Эберт, Герда Ҳенкел, Александр Хумбольдт, Науман фондлари, Гёте институти ва бошқа немис ташкилотлари Ўзбекистон таълим тизими билан фаол ҳамкорлик қилиб келяпти. Биргина DAAD деярли ҳар йили ўзбек талабалари, докторантлари ва илмий ходимларининг Германияда таълим олиши, илмий фаолият билан шуғулланиши, тажрибасини бойитиши учун бир миллион евро доирасида стипендиялар ажратади.

Германиянинг Фрайбург университети қошида тузилган DUWG —Олмон-ўзбек илмий жамияти ташаббуси билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимига катта гуманитар ва консультатив ёрдам берилаётир. Мамлакатимизда муаммоли касалликларнинг консультацияси ва уларнинг Германияда даволанишига, шифокорларимизнинг ривожланган Европа давлати клиникаларида малакасини оширишга кўмаклашилмоқда. Шунингдек, ташкилот томонидан танқис дори-дармонлар инвестицияси амалга ошириляпти.

Жамиятимиз ёрдамида ўзбек ва немис университетлари ўртасида кўплаб ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Академик айирбошлаш бўйича келишувларга мувофиқ, ўнлаб талабалар Германияда ўқиб келмоқдалар, ўзбек ёш олимлари немис университетларида докторлик диссертацияларини ёқлаб қайтяпти.

Немисзабон мамлакатлар ижодий уюшма ва фондлари билан ҳамкорликда ўзбек таржимонларини Ёҳан Волфганг Гёте, Ҳайнрих Ҳайне, Ҳерманн Ҳессе, Томас ва Ҳайнрих Маннлар, Франц Кафка, Стефан Цвайг, Арно Гайгер каби дунёга машҳур адиблар ижоди билан яқиндан таништириш ва уларнинг ижодий ишларини моддий рағбатлантиришда фаол қатнашмоқдамиз. Жумладан, ЦAD — Австрия академик алмашувлар хизмати билан йўлга қўйилган ҳамкорлик қатор йиллар мобайнида ўзбек талабалари ва немисшунос олимларининг турли ҳажмдаги стипендиялар воситасида хорижда ўқиши ва малакасини оширишда муҳим роль ўйнаяпти.

Бироқ, шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда таълим тизимида кенг шароитлар яратилганига қарамай, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабларда немис тилини ўқитиш жаҳон стандартлари даражасида эмас.

Юртимизда етишиб чиқаётган кадрларнинг немис тилини билиш, унда бемалол суҳбатлаша олиш имконияти юқори эмаслиги тобора ўз дарвозаларини дунёга кенг очиб бераётган мамлакатимизда ташкил этилаётган турли халқаро учрашувлар, конференция ва семинарларда яққол намоён бўляпти.

Юртимизда немис тили бўйича таржимонлар тайёрлаш иши ҳам қониқарсиз. Бу жараёнда дунёнинг илғор тажрибаси билан ҳисоблашмаслик, хорижда ишлаб, ўқиб келаётган тажрибали таржимон ва мутахассислардан турли субъектив ҳолатлар туфайли самарали фойдаланилмаётганлиги оқибатидир. Хусусан, олий таълим муассасаларимизда чет тилини ўртача даражада (В1) ўзлаштирган айрим ўқитувчилар (жаҳон стандартига асосан чет тилини ўргатувчи мутахассис камида С1, С2 даражаларига эга бўлиши лозим) немис тили бўйича дарс ўтаётганини қандай тушуниш керак? Ўзи амалий таржимонлик қилмаган, таржималари дунё юзини кўрмаган “мутахассис” ушбу ҳунар сирларидан бошқаларни қандай хабардор қилсин?!

Ушбу муаммоларнинг юзага келишига асосий сабаблардан бири немис тили таълимига эътиборнинг сустлигидир. 2012 йил 10 декабрда “Чет тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига биноан 2013 йилдан бошлаб халқ таълимида чет тилларни ўқитиш аввалгидай 5-синфдан эмас, балки 1-синфданоқ йўлга қўйилди. Бу замон талаби, яхши янгилик бўлди. Бироқ ўрганиладиган чет тиллар сифатида биргина инглиз тилига асосий эътибор қаратила бошланди.

Аслида немис ва француз тилларининг дунё тамаддунида аҳамияти катта. Жумладан, немис тили Европа Иттифоқининг асосий ишчи тили мақомида бўлиб, унга фан ва технологиялар тили сифатида қаралади. Немис тили Германиядан ташқари Австрия ва Швейцариянинг давлат тили, Люксембург, Лихтенштайн, жанубий-шарқий Франция, Шимолий Италия, Чехия ва Венгрия каби мамлакатларда яшовчи халқларнинг коммуникация тилидир.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда немис тилини ўқитишни янада кучайтириш зарур. Бу нафақат филология ва тилшунослик йўналишида, балки турли соҳаларда кадрлар тайёрлашда жорий этилиши керак. Масалан, юртимизга келаётган сайёҳларнинг катта қисми немисзабон мамлакатлардан, улар республикамизга салмоқли туристик валюта инвестицияси келтирмоқда. Саёҳатбонлар, гидларнинг олмон тилини пухта билиши уларнинг қадимий шаҳарларимиз, тарихий обидаларимиз, умуман, юртимизга қизиқишини ошириши табиий.

Олий таълим масканларида ўқитилаётган немис тили ўқув режасида педагогика, психология ва методика фанлари ўқув соатларини янада кўпайтириш керак. Бу ўқитувчи учун жуда зарур бўлган касбий тайёргарликни кафолатлайди. Шу сабабдан немис тили ўқитувчилари тайёрлаш вазифаси асосан педагогика университети ва институтлари зиммасига юклатилмоғи лозим. Бироқ, афсуски, айни пайтда аҳвол тескари. Етакчи ҳисобланмиш Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ)да Германиянинг Фрайбург ва Ҳайделберг педагогика университетлари билан ҳамкорлик шартномалари бўла туриб, немис тили бўлими ва кафедраси 2016 йили тугатилган. Юртимизда немис тили ўқитувчилари тайёрлаш ҳам нопедагогик, жумладан, филологик йўналишдаги олий таълим муассасаларига юклатиб қўйилган. Мамлакатга эса филолог ва таржимонлардан кўра, мактаблар, академик лицей учун кўпроқ ўқитувчи кадрлар керак! Қатор вилоятлар (Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистон)даги университетларнинг немис тили бўлимлари ва кафедраларида немис тили назарияси ва уни ўқитиш методикасидан мутахассислашмаган, илмий даражалари ва унвонлари йўқ ўқитувчилар ишламоқда. Бу эса сифатсиз таълим ва олмон тили бўйича етарли билим ва малакага эга бўлмаган мутахассислар деганидир.

Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш борасидаги ишларни қайта кўриб чиқадилар, деган умиддамиз. Немис тилига муносиб эътибор, баҳо ва аҳамият бериб, унинг юртимизда ўқитилаётган чет тиллар ичидаги улушини кўтарадилар. Бу эса немисзабон мамлакатлар билан ҳамкорликни янада юқори поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Хуррам РАҲИМОВ,

Германиядаги Олмон-ўзбек илмий жамияти ҳамда Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019