Ўзбекистонда мовий қимматбаҳо реза мева - голубика етиштириш жозибали ва даромадли бизнесга айланиши мумкинми?

09:33 06 Август 2019 Жамият
555 0

Аввало голубика шимол ботқоқликларида ўсадиган мевали бута ва унинг тўқ кўк меваси(расмда) эканлигини айтиб ўтсак.

EastFruit портали экспертларининг фикрича, мамлакатда ишчи кучи харажатлари паст эканлиги маҳаллий голубикани рақобатдош қила олади.

Улар бир қатор давлатлар, жумладан, юртимиз супермаркетлари чакана савдо тармоқларидаги мева-сабзавот бўлимлари бўйича халқаро аудитни якунлашди. Шу аснода Ўзбекистонда илк бор голубика пайдо бўлганини эътироф этишди.

Экспертлар Тошкент супермаркетларида ана шундай мовий реза мевага дуч келишгани қайд этишган. Уларнинг сўзларига кўра, унинг нархи Польша ва Украинадагига нисбатан анча қимат ва “чақиб” олади.

Хусусан, 150 граммлик қадоқдаги голубиканинг ўртача нархи 49 минг сўм, демак 1 кг.и қарийб 327 минг сўмни ташкил этади. Бошқача айтганда, ҳозирги курсда 1 килосининг қиймати деярли 37,6 АҚШ долларига тенг. Ваҳолонки, Украинада унинг чакана нархи анча арзон – 1 кг. 9 доллардан 12 долларгача турар экан.

Ижтимоий тармоқларда ҳам Ўзбекистондаги тўйларда голубикани кўринарли жойга чиройли вазаларда қўйилгани тез-тез кўзга ташланяпти. Бу мамлакатда голубика ҳам ўзига хос урфга айланаётгани, демак, мазкур мевани маҳаллий миқёсда етиштирилишини кенгайтириш имкони бор. Бу эса унинг нархини ҳам арзонлаштиради.

Портал вакиллари маркировка бўйича маҳаллий дўконлардаги “Дюк” навли голубика Ўзбекистонда голланд технологияси асосида етиштирилганини маълум қилишар экан, негадир ушбу маҳсулотни фақат С витаминига бой дея реклама қилишаётганини тушунишмаганини билдиришган. Сабаби ушбу мева таркибида бошқа фойдали витаминлар ва микроэлементлар ҳам кўп.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда боғдорчиликка инвестиция “бум”и кузатилмоқда. Қолаверса, сабзавот, мева, реза мева ва ёнғоқларни ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш учун арзон молиялаштириш шарти билан кўп сонли лойиҳалар тақдим қилинмоқда. Шуларни инобатга олсак, яқин йиллар ичида ушбу мамлакатда голубикани саноат йўли билан ишлаб чиқариш ривожланиши эҳтимолдан холи эмас. Агар голубика дунё бозоридаги энг қиммат резавор эканлиги ҳисобга олинса, уни бошқа давлатларга экспорт қилишда узун транспорт йўллари ва қиммат логистика ҳам Ўзбекистонга халақит бера олмайди. Боз устига, бу ерда уни етиштириш мавсумини Испанияники билан синхронлаштириш мумкин. Бироқ Ўзбекистонда ишчи кучига кетадиган харажатлар Испаниядагига нисбатан анча пастдир. Бу мамлакатни тўлиқ рақобатдош қила олади. Голубикани Осиё бозорлари: Хитой, Гонконг, Сингапур, Малайзия, Вьетнамга экспорт қилиш айниқса манфаатлидир”, - дейди ФАО инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак.

Унинг айтишича, ҳозирча бу ҳақда фақат назарий жиҳатдан гапириш мумкин, сабаби Ўзбекистон учун энг катта муаммо ушбу қимматбаҳо реза мевани етиштириш, ишлов бериш, музлатиш, етказиш ҳамда маркетинг технологиялари бўйича билимлар ва тушунчаларнинг етишмовчилигидир. 

Аммо голубика ташиш учун энг қулай маҳсулотлардан бири эканлиги, Ўзбекистонда уни қўл билан териш имконияти мавжудлиги унга анча қиммат нарх белгилаш имкониятини беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019