Ўзбекистонда “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг биринчи хорижий филиали очилди

22:48 03 Сентябр 2019 Жамият
351 0

2019 йил 3 сентябрь куни Тошкентда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети (ММФИ МТЯУ) филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзатом” матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв, Ўзбекистон Ресубликаси Энергетика вазири, Бош вазирнинг маслаҳатчиси Алишер Султонов, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг олий раҳбарият вакиллари, “Ўзатом” агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари ва бошқа ҳурматли меҳмонлар иштирок этди.

Тошкентда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиалининг очилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб боришининг ёрқин тасдиғидир. Бу ерда талабалар энг замонавий дастурлар асосида таълим олади. Ушбу таълим муассасаси нафақат Россияда, балки халқаро даражада ҳам тан олинган. Филиалнинг барча битирувчилари Ўзбеистонда ва хорижда тан олинадиган Россия намунасидаги димломлар олади ва атом соҳасидаги маҳаллий корхоналарда иш ўринлари билан таъминланади.

“Росатом” давлат корпорацияси бош директори “ММФИ” филиалининг очилиши мамлакатда атом тармоғини ривожлантириш учун мутахассисларни тайёрлаш сифатли дастурини ривожлантиришга ёрдам беради, деб ишонч билдирди.

- Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясининг қурилиши кўламли лойиҳадир, уни амалга ошириш, сўзсиз, кадрлар потенциалига боғлиқ. Кадрларни тайёрлаш эса мамлакат атом тармоғини муваффақиятли ривожланиши учун асос бўлади. Ушбу соҳада ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимиз жуда ҳам муваффақиятли ривожланаётганидан мамнунмиз, - деди Алексей Лихачёв.

Тантанали нутқлардан сўнг меҳмонлар рамзий лентани қирқишди, бу эса хорижий ОТМнинг биринчи филиали очилганидан дарак берди. Сўнг маросим иштирокчилари мамлакатнинг бўлажак атомчилари ўқийдиган аудиториялар, янги кампусдаги замонавий лабораторияларни кўздан кечирди. “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв биринчи талабалар билан суҳбатлашди ва уларга ўқишларида муваффақиятлар тилади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ва “ММФИ” МТЯУ ректори Михаил Стриханов биринчи талабаларга Россиянинг энг яхши “атом” университети тарихи ҳақида маъруза ўқишди.

Филиални очиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга тегишлидир. Янги ОТМ фаолиятининг асосий йўналишларига ядро энергетикаси, иссиқлик физикаси соҳасида юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш, ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш киради.

Ўқитиш жараёнига ўзбекистонлик мутахассислар билан бир қаторда РФ ва хорижий мамлакатлардаги етакчи ОТМда кўп йиллик педагогик фаолиятга эга бўлган россиялик юқори малакали педагоглар жалб этилган. Талабаларда масофали ўқитиш орқали жаҳон экспертларининг лекцияларини эшитиш имкони ҳам бўлади. Биринчи лекторлар қаторидан МАГАТЭ вакиллари ва “Росатом” мутахассислари ўрин олган.

Бу ерда илк бор 100 нафар талаба имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб яқин кунларда ўқишни янги кампусда бошлайди. Ўқиш бюджет асосида бўлади.

Маълумот учун:

“ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали республикада биринчи АЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Россия Президентлари келишувлари бўйича ташкил қилинган. 2018 йил сентябрь ойида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида республикада ҳар бирининг қуввати 1200 меговатт бўлган иккита энергоблокли ВВЭР туридаги реактор мосламали атом электр станциясини қуриш ҳақида меморандум имзоланган эди.

Ўзбекистонда АЭС қуриш учун жой Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган эди.

2018 йилдан бошлаб бевосита “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро универрситети негизида Россия пойтахтида Ўзбекистондан 56 талабани ОТМ ва “Росатом” давлат корпорацияси квотаси бўйича ўқишни бошлашган.

Шу билан бирга, мамлакат атом тармоғи учун ўз вақтида ва сифатли мутахассисларни тайёрлаш мақсадида “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорлик доирасида “Ўзатом” агентлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мутахассислари атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида қисқа муддатли ва ўрта муддатли малака ошириш курслари ва стажировка ўтишмоқда.

Мамлакатимизда атом тармоғи учун кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик кенгайтириб борилмоқда. Хусусан, шу вақтга қадар Беларусь, Бутун жаҳон ядро уюшмаси (WNA) ҳузуридаги Бутун жаҳон ядро университети ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019