Ўзбекистонда молия бозори қачон ривожланади?

18:16 16 Август 2018 Иқтисодиёт
473 0

Мутахассислар тақдим этган таҳлиллар Ўзбекистонда молия бозорининг ликвидлиги талаб даражасида эмаслигини кўрсатади. Иккиламчи бозорнинг мавжуд ҳолати ва аҳоли бошқа қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг молия бозоридаги фаолиятини сусайтирмоқда.

Иқтисодиётнинг реал сектори ва молия бозоридаги узилишлар сабабли корхоналарга инвестиция маблағларини жалб қилиш учун молия бозорининг замонавий воситаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келиняпти. Уй хўжаликларининг молия бозорига кириб бориши орқали уларнинг корпоратив қимматли қоғозлар бозоридаги салмоғини ошириш масаласи ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, кредитлаш, жамғарма-депозит, пул ўтказмалари, ҳисоб-касса амалиёти, суғурталаш, инкассация, молиявий кафолатлаш ва валюта олди-сотдиси каби молиявий хизматлар кўрсатиш юртимизда лозим даражада, ёинки, халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилмаган. Иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасида кенг қўлланиладиган биржа, лизинг, рейтинглаш, қайта суғурталаш, брокерлик, мулкни баҳолаш, молиявий маслаҳат бериш, молиявий ресурсларни ишончли бошқариш каби хизматларни кўрсатиш кутилган натижаларни бермаяпти.

“Молия бозори ва молия хизматлари соҳасини янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуси олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Банк-молия академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида шу каби масалалар муҳокама қилинди. Сенаторлар, хорижий ва миллий экспертлар, мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари иштирокида мамлакатда молиявий бошқарувнинг янги турларини татбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратиш муаммоси ўртага ташланди.

— Тўғри, соҳада ҳали натижавий ёндашувни кутаётган, айниқса, қонунчиликдаги такомилга муҳтож бўлган нормалар талайгина, — деди Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов. — Айниқса, корпоратив бошқарув ва молия соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, қимматли қоғозларни сотиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг бўш пул маблағларини мамлакат иқтисодиётига жалб этиш бўйича ишларни янада жонлантириш лозим. Чунки бу камчиликлар молия бозори ва хизматларини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижроси самарадорлигини ошириш, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилишга салбий таъсир кўрсатяпти. Бунинг учун бир неча янги қонунлар қабул қилиш олдимизда турган вазифалардан. Жумладан, давра суҳбатида билдирилган таклифга кўра, молия бозорини ривожлантириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш, инвесторлар ҳамда фонд бозорининг бошқа иштирокчиларига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилинишини янада тезлаштиришга келишиб олинди.

Тадбирда иштирок этган соҳанинг халқаро экспертлари ҳам бу борада халқаро тажрибанинг муваффақиятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр билдирди.

— Корея ва Ўзбекистон иқтисодиёти ва банк-молия тизими бир биридан катта фарқ қилади, — дейди Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази консультанти Пол Ли. — Аммо, Ўзбекистон замонавий молия бозорини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга мамлакат. Унинг инвестиция ресурсларини янада очиқроқ тақдим этиш, банкларнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳоли ўртасида акциядорлик жамиятлари фаолиятида иштирок этишга ишонч уйғотиш – молия бозорининг келгусидаги истиқболини таъминлайди. Бугун молия бозори кечагидан фарқ қилади. Мулкдор бўлиш учун имкониятлар жуда кўп. Бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш орқали молия бозорларининг жадал суръатлар билан ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиш мумкин.

Давра суҳбати якуни бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига молия бозори ва хизматларини ривожлантириш, фонд биржаси механизмларини такомиллаштириш ҳамда давлат қисқа муддатли қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ ўзгартишлар киритиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар