Ўзбекистондаги кадастр идораларида ҳисобга олинмаган миллиондан ортиқ уй-жойлар мавжуд

11:11 28 Февраль 2019 Жамият
519 0

Маълумки, давлатимиз раҳбари раислигида 2017 йил 13 декабрда ўтказилган мажлисда Бош вазирнинг тегишли ўринбосарлари, Давлат солиқ қўмитаси, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси зиммасига қатор вазифалар юклатилганди.

Ер майдонлари ва кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр ва солиқ идораларида мавжуд маълумотлар базасининг ўзаро мутаносиблиги ва тўлиқлигини таъминлаш, ҳужжатсиз уй-жой ва ер майдонларини кадастр органларида рўйхатга қўйиш; мазкур майдонлар, кўчмас мулклар ҳамда уларнинг эгалари тўғрисида “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида кунлик электрон ахборот алмашиш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир. Қолаверса, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги Фармонига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2019 йилнинг 1 майига қадар ўтказиладиган бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.

“Бироқ қайд этилган вазифалар ҳамда Фармон талабларининг шу кунга қадар масъуллар томонидан лозим даражада ижро этилмагани қатор муаммоларни юзага келтирмоқда, - дея алоҳида таъкидлади Сенат раиси ялпи мажлисда - Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги маълумотлар билан кадастр идораларидаги мавжуд жисмоний шахслар уй-жойлари сони кескин фарқ қилади.

Кадастр идораларида ҳисобга олинмаган уй-жойлар айрим ҳудудларда ҳамон кўплигича қолмоқда.

Мисол учун, улар сони Андижон вилоятида 157 мингтани, Бухоро вилоятида 193 мингтани ва Қашқадарё вилоятида 401 мингтани ташкил этади.

“Ергеодезкадастр” ва Давлат солиқ қўмиталаридаги мавжуд маълумотлар базаларини мувофиқлаштириш ҳамда кунлик электрон ахборот алмашиш тизимининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги оқибатида мазкур қўмиталар маълумотлар базаларида ҳам жиддий фарқлар юзага келган.

Жумладан, солиқ органларида рўйхатга олиниб, кадастр органларида рўйхатга олинмаган жисмоний шахслар уй-жойлари сони мамлакат бўйича қарийб 812 мингтани ташкил қилади.

Айниқса, бу салбий кўрсаткичнинг Бухоро вилоятида 147 мингтани, Андижон вилоятида 167 мингдан ортиқни,Қашқадарё вилоятида 400 мингтани ташкил этаётгани ачинарлидир.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маълумотларида ва “Ергеодезкадастр” базасида мавжуд бўлиб,солиқ органлари базасига киритилмаган жисмоний шахсларнинг 1,2 млн.дан ортиқ уй-жойи бўйича 2018 йилда бюджетга 131 млрд. сўмдан ортиқ солиқлар ҳисобланмасдан қолган.

Агар 2019 йилда ушбу солиқ камида 20 фоизга ошиши инобатга олинса,160 млрд. сўмдан ортиқ қўшимча солиқ ундириш имкони мавжудлиги маълум бўлади.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда вилоятлар ҳокимларининг эътиборини шунга алоҳида қаратмоқчиманки, турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш бўйича умумдавлат акциясининг тугашига икки ой вақт қолди.

Бироқ, маълумотларга қараганда, акция доирасига тушиши мумкин бўлган кўчмас мулкларнинг бор-йўғи 30 фоизи бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган, холос.

Бундай ҳолатларнинг юзага келишига давлат органлари,энг аввало, маҳаллий ҳокимият, шу жумладан, кадастр,архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлмоқда.

Бюрократик тўсиқлар сабаблигина турар жойлари учун мулк ҳуқуқини қўлга кирита олмаётган фуқароларнинг эртага яна турли идоралар ўртасида сарсон бўлмаслигига ким кафолат беради?

Ваҳолонки, ўз уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқининг асоссиз эътироф этилмаётганидан норози бўлиб, фуқаролар турли вазирлик ва идоралар, хусусан, Сенатга кўплаб мурожаат қилмоқдалар.

Уй жойларнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги айрим ҳолларда ушбу уйларда яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ҳатто ота оналар ва уларнинг фарзандлари, бошқа яқин қариндошлар ўртасида низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

2018 йилда уй жойга эгалик билан боғлиқ 13,5 мингдан ортиқ низоларнинг судларда кўриб чиқилгани бунинг далилидир.

Умид қиламизки, масъул вазирлик ва идоралар, хусусан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда ҳокимликлар юқоридаги долзарб муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш чораларини кўрадилар”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019