Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштириш соҳасини ривожлантириш учун техника етарлими?

11:16 07 Август 2019 Жамият
795 0

Иллюстратив фото

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Адолат” СДП фракцияларининг ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” ўтказилди. Унда депутатларнинг “Мамлакатда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлиги ва бу борада истиқболдаги вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан саволларига жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти таклиф қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида бутун дунё тажрибасида ўзини оқлаган янги тизим — кластер тизимига ўтиш, улар фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 

“Ҳукумат соати”да бу борада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шу бўйича депуталар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда республикамизда 241 мингта қишлоқ хўжалик техникаси, шундан 52 минг мингта тракторлар мавжуд. Тракторлар билан таъминланганлик даражаси сабзавот ва полизчиликда – 54 фоиз, боғдорчилик ва узумчиликда – 48 фоиз, чорвачиликда – 55 фоизни ташкил этади. Шундан боғдорчиликка ихтисослаштирилган тракторларнинг 57 фоизи, транспорт тракторларининг 41 фоизи, ҳайдов тракторларининг 31 фоизи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддиси ушбу муаммо юзасидан парламент вакиллари берган саволга жавоб қайтарар экан, мазкур масалани ижобий ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерларда 2019-2025 йилларда 100 мингдан ортиқ янги қишлоқ хўжалиги техникаси, жумладан, 18 минг 744 та мева-сабзавотчиликка мослаштирилган техникалар ишлаб чиқарилиб, жойларга етказиб берилиши белгиланганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилган замонавий техника сотиб олишда қийматини 15 фоизини субсидиялаш ҳамда банк кредити ёки лизингга сотиб олинган техникалар бўйича фоиз ставкаларининг 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий этилганини маълум қилди. Албатта, ушбу механизмлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизация даражасини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳосилдорликни камида 15-20 фоизга ошириш имконини беришини таъкидлади.

Ўз навбатида, депутатлар вазирликнинг мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлигини янада ошириш борасидаги истиқболдаги режалари, кўрилаётган чора-тадбирлари хусусида қизиқдилар. Шунингдек, кластерлар томонидан етиштирилаётган мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилиш борасида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволлар бердилар.  

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг депутатлар томонидан вазирлик фаолиятини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янада жонлантиришга, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги жозибадорлигини оширишга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?