Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашишда АКТ тизимидан қай даражада фойдаланиляпти?

12:17 24 Август 2020 Сиёсат
222 0

Кўпчиликнинг эсида бўлса керак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бериши, рақамли технологияларни давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкинлигини таъкидлаган эди.

Дунёнинг барча давлатларини саросимага солган коронавирус пандемияси (COVID-19) бир жиҳатдан АКТ соҳасини ривожланишига туртки бўлди десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, аҳолида таълим ва тиббиёт соҳаларига оид маълумотларга нисбатан эҳтиёж 100 карра ошди. Бу эса ўз-ўзидан биринчи навбатда ушбу соҳаларда ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишнинг долзарблигини оширди.

Хусусан, карантин даврида бутун Ўзбекистон таълим тизимида масофавий таълимдан фойдаланилиши, ҳар куни минглаб ўқитувчилар, ўқувчиларимиз учун онлайн дарслар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Ҳозир коронавирусга қарши курашишни назоратга олиш ва самарали иш олиб бориш ва унинг олдини олишда замонавий технологиялардан фойдаланиш долзарб вазифа. Шулардан келиб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги Huawei компанияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олишда АКТ-технологияларидан самарали фойдаланиш мақсадида бир қатор келишувларни амалга оширди.

Республикамиз аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 23 мартдаги қарорига кўра, республикамизда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, лицензия асосида фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари ва провайдерлари, икки ой давомида симли телефон алоқаси (халқаро телефон сўзлашувлардан ва мобил алоқасидан ташқари) ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғига симли ва симсиз уланиш хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда абонентлар тармоқдан ўчирилмаслиги таъминланди.

Синов тариқасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларига масофавий таълим бериш мақсадида «онлайн-мактаб» лойиҳаси ишга туширилди. 3 та телевизион канал орқали “online-maktab” рукни билан ташкил этилаётган телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича ер усти рақамли телевидение, кабель телевидение, IP-телевидение, интернет тармоқлари орқали ҳамда ер сунъий йўлдоши орқали узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларида ўрнатилган кам қувватли телеузаткичлар орқали очиқ ҳолда (бепул) тарқатиш таъминланди.

«Таълим» тариф режаси жорий қилинди ва унинг бир ойлик абонент тўлови 29 900 сўм қилиб белгиланди. Бунда 1000 дақиқа лимит, 4 минг мегабайт лимит ва 200 SMS тақдим этилди.

“Uzdigital TV” МЧЖ томонидан дори-дармон ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш билан шуғулланувчи субъектларнинг реклама роликлари бепул тарқатилмоқда.

Республикада карантин объектлари 129 та симли ва 56 та мобил телефон алоқаси билан таъминланиб, узлуксиз ишлаши назоратга олинди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган идоралараро ишчи гуруҳлар штаблари телекоммуникация хизматлари билан таъминланди, беморлар билан масофадан тезкор сўров ишларини амалга ошириш учун 170 та планшет қурилмалари сим-карталари ажратилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида ташкил этилган карантин зонаси ҳудудида барқарор алоқани ташкил этиш учун 2 та қўшимча база станциялар (Билайн ва УзМобайл) ўрнатилди, 840 дона стационар ва 1100 та мобил телефон аппаратлари тегишли имтиёзли дақиқалари билан берилди.

Таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда республикада узлуксиз алоқани таъминлаш ва фуқароларимизга имкониятлар яратиш мақсадида телекоммуникация операторлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус бўйича карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб барча телекоммуникация операторлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари уйдан бемалол фанларни ўзлаштириш учун таълим манбаларининг веб-сайтларга бепул кириши таъминлаб берилди.

Ўзбекистонда коронавирус масаласида ишончли маълумотга эга бўлиш учун 16 мартдан Тошкентда фуқароларимиздан коронавирус инфекцияси юзасидан туғилган саволларига ўз вақтида жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги call-марказининг қисқа «1003» ягона рақами 24 соат давомида ишлаб туриши таъминланди. Фуқаролар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда бепул амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг Call-маркази негизида «1003» қисқа рақами орқали барча мурожаатларни қабул қилиш йўлга қўйилди. Жорий йил 1 август ҳолатига 1 225,7 минг қўнғироқ бўлган, шундан 816 437 мингдан ортиғига бепул хизмат кўрсатилган.

Шунингдек, жорий йил 9 июлдан «Ўзбектелеком» АКнинг негизида уйда даволанаётган беморларни телефон орқали даволаниш бўйича маслаҳат бериб бориш мақсадида ташкил этилган колл-марказга «1105» қисқа рақами бириктирилди. Жумладан, жорий йил 1 август ҳолатига 101,8 минг қўнғироқлар бўлган, шундан 76,9 мингдан ортиғига бепул хизмат кўрсатилган.

Коронавирус инфекцияси бўйича аҳолига тўғри ва аниқ маълумотлар бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурожаати бўйича мобил алоқа абонентларига SMS хабарлар бепул юбориб келинмоқда.

Шифокорларга ахборот-коммуникация соҳаси ёрдами сифатида 2,33 млрд. сўм миқдордаги 5 821 дона мобил алоқа терминаллари бепул ёки ижара асосида фойдаланиш учун берилди.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар ҳамда улар билан алоқада бўлган шахсларнинг ҳисобини юритиш бўйича идоралараро ахборот тизими ишлаб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитар-эпидемиологик назорат хизматининг масъул оператор ва ходимларига ахборот тизимига чегараланган каналлар орқали кириш имконияти яратилди. Карантин марказларида сақланаётган шахсларнинг марказлашган ҳисоби ва карантин режими ҳолати устидан мониторингни олиб бориш мақсадида www.karantininfo.uz ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Тиббий мутахассисларнинг фуқароларга онлайн маслаҳатлар беришларини ташкил қилиш учун Телеграм-бот (t.me/coronavirusYordamBot), ўз-ўзини ташхислаш ва тест қилиш учун Телеграм-бот (t.me/checkCoronavirusBot) ишлаб чиқилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Яна бир муҳим жиҳат, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилиниб, марказда тадбиркорлар кўнгиллилар ҳамда волонтёрларни, шунингдек, ёши улуғ ночор ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг мурожаатларини қабул қилишни ташкил этишда ушбу марказларга тезликда ва қулай боғланишлари учун Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан «1197» қисқа рақами ташкил этилди.

Хулоса ўрнида таълим ва тиббиёт соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларини ўз вақтида ва кенг жорий этилганлиги коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши, шу билан бирга узлуксиз таълимни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилди.

Иномжон ҚУДРАТОВ,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?