Ўзбекистонда компания раҳбарлари рақобат ўсишидан қўрқадими?

16:11 27 Июль 2018 Иқтисодиёт
293 0
Иллюстратив фото

CEO Survey ўрганишлари Ўзбекистонда компаниялар раҳбарларининг қарийб учдан икки қисми бозорда рақобатнинг ўсишини ўз бизнесининг барқарорлигига асосий хавф деб билишини кўрсатди. Бу ҳақида Газета.уз манбаси хабар берди.

Ўзбекистонда корхоналар раҳбарларининг 60 фоизи бозорда рақобатнинг ўсиши яқин беш йилда ўз бизнесига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди. Ушбу маълумот дунёнинг йирик компаниялари раҳбарлари ўртасида глобал сўров ўтказиш билан шуғулланувчи CEO Survey‘нинг Ўзбекистонга бағишланган илк сонида келтириб ўтилди. Унинг тақдимоти 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтди.

PricewaterhouseCoopers (PwC) аудиторлик компанияси 21 йилдан буён тадқиқот ўтказиб келади. Унда бутун дунёдаги қарийб 1500 нафар бизнес эгаси иштирок этади. Сўров натижалари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида эълон қилинади.

Ўзбекистонга бағишланган сон “Эҳтиёткор оптимизм” деб номланди. PwC фикрига кўра, у Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг келажакка тараддуди ва ишончини акс эттиради.

Сўровда 30 нафар CEO (chief executive officer — бош ижрочи директор, яъни компания бошлиғи) иштирок этди. Бунда давлат ёки давлат томонидан назорат қилинувчи компаниялар раҳбарлари жалб этилмади. 97 фоиз респондент эркаклардан иборат бўлди. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпроғи (51 фоизи) — 24−34 ёшдаги ёш тадбиркорлардир. 32 фоиз раҳбарлар хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослаштирилган компанияларни бошқарса, 21 фоизи — молия, 18 фоизи — истеъмол товарлари, 11 фоизи — технологиялар ва саноат маҳсулотлари ҳамда 7 фоизи — соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият кўрсатади.

Сўров якунларига кўра, 87 фоиз CEO яқин йилларда ўз компанияси даромадлари ўсишига ишонч билдириб, Россия (75 фоиз) ва Қозоғистондаги (86 фоиз) бизнес раҳбарлари билан солиштирилганда, анча юқори некбинлик кайфиятини намойиш этган.

Ўзбекистонлик раҳбарларнинг катта қисми ўз бизнесининг истиқболли ўсиши нуқтаи-назаридан Россия (67), Қозоғистон (43), Хитой (37), Туркия (30) ва Жанубий Корея (23 фоиз) мамлакатларини муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг 7 фоизигина АҚШни бўлғуси бизнеси учун аҳамиятли деб кўрсатган бўлса, 10 фоизи Германия, 17 фоизи ЕИнинг бошқа давлатларини белгилаган.

Сўров иштирокчиларининг 70 фоизи иқтисодиётнинг ўсишига ишонч билдирган. Айни пайтда респондентлар малакали кадрлар етишмовчилигидан хавотир билдирмоқда (60 фоиз).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар