Ўзбекистонда хусусий олий ўқув юртлари пайдо бўлади

11:27 12 Июль 2018 Жамият
1143 1
Иллюстратив фото

Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари очилиши кутилмоқда. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган «Нодавлат олий таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасида шу ҳақда сўз боради.

Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тақдим этилган.

Лойиҳада қайд қилинишича, нодавлат олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчиларининг илмий педагогик салоҳияти камида республика бўйича олий таълим муассасаларидаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлмаслиги лозим. Шунингдек, хусусий олийгоҳларга айни пайтда фаолият кўрсатаётган ОТМ шарт-шароитларидан кам имкониятларга эга бўлмаслиги белгиланмоқда. 

Хусусий олий таълим муассасаларида таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши шарт қилиб қўйилмоқда. Унда  урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролик осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслиги таъкидланган.


Изоҳлар


Nodir Temirov

Нодавлат ОТМ очилиши тарафдориман. Шунда монополия булмайди. Бир хилликдан қочилади. Лекин таълим сифатини ва давоматни доимий текшириб туриш шарт.

15:1812.07.2018

Кўп ўқилганлар