Ўзбекистонда илк бор Халқаро велосипед куни нишонланди

16:37 04 Июнь 2018 Жамият
368 0

Кеча Ўзбекистон велоспорт федерацияси ва Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Халқаро велосипед куни муносабати билан велопойга мусобақаси ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь санаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро велосипед куни деб эълон қилинган.

Шу муносабат билан қабул қилинган резолюцияда барча давлатлар велосипедни бошқарилиши осон, ўзи арзон, ишончли ва экологик жиҳатдан тоза, инсоннинг жисмоний ва руҳий соғломлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган восита сифатида оммалаштириш учун кўмаклашишга чақирилган.

Велопойга Махтумқули кўчаси бўйлаб ташкил этилиб, марра “Ашхобод” хиёбони бўлди. Унинг расмий қисми ҳам шу ерда ўтказилди.

Умумий узунлиги 4,5 км. тенг пойгаларда юртимизда фаолият юритаётган дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар, қарийб 300 киши иштирок этди. Уларнинг орасида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ва БМТТДнинг доимий вакили Хелена Фрейзер, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси Кристофер Аллан ҳам бор эди.

Якуний маросимда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Туркманистон элчиси Шири Шириев ва БМТнинг юртимиздаги доимий координатори Хелена Фрейзер қатнашчиларга мазкур муҳим тадбирга келганликлари учун миннатдорлик билдириб, барчани спорт байрами билан табриклади.

Айтганча, ушбу пойгаларда онлайн нашримизга мурожаат қилган фахрий велоспортчилар Хурсанд Шеров ҳамда Светлана Исаевани ҳам кўриб қолдик.

Хабарингиз бор, бу икки инсон миллий курашимиз шу йил Индонезияда ташкил этиладиган 18-Осиё ўйинларига киритилиши муносабати билан “Тошкент-Жакарта” йўналишида велосипедда йўлга чиқиб, ўзига хос велотарғибот ўтказиб кетиш учун ҳомий топиш масаласида мурожаат қилган эди.

Хурсанд Шеров билан шу масалада гаплашганимизда, ўзининг қадрдон уловида ва ҳамроҳи Светлана Исаева билан яқин вақт ичида “қайдасан, Жакарта?!” дея йўлга чиқиб кетажагини билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар