Ўзбекистонда илк бор “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ўтказилади

10:58 20 Март 2019 Жамият
372 0

Ўзбекистонда илк бор шифокорлар ўртасида “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ўтказилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Турнир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан ўтказилмоқда.

Айтиш мумкинки, юртимиз шифокорлари ўртасида футбол, айниқса, энг оммалашган спорт турларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизнинг футбол бўйича шифокорлар терма жамоаси бир неча йиллардан бери футбол бўйича шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиб келинадиган Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашиб келади. 2018 йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийликни ўз зиммасига олиб, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани жамоани янада руҳлантирмоқда.

Бу ҳақда жорий йилнинг 25 – 30 март кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Украина шифокорларининг футбол жамоалари иштирокида ўтадиган “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Маълумки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йил март ойи бошидан буён ҳафтанинг ҳар шанбасида Республика юриш куни, Республика юриш марофони каби оммавий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилди. Мазкур халқаро турнир ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Яъни, соғлиқни сақлаш муассасалари тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш, дунё ҳамжамияти шифокорлари ўртасида юртимиз шифокорларининг обрўси ва имижини ошириш, чет эллик шифокорларга юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва туристик салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ташкил этилмоқда.

Мусобақа регламентига асосан, ўйинларда 25 ёшдан катта бўлган, мутахассислиги ва фуқаролигидан қатъий назар, шифокорлик дипломига эга бўлган ходимлар иштирок этади. Турнирда Ўзбекистон терма жамоасидан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Украина терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бундан ташқари, турнирга Францияда жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ходимлари Олимпия ўйинлари ассоциацияси вакили Гийом Гассенд ҳам таклиф этилган.

Айтиш жоизки, Россия жамоаси 40 ва ундан катта ёшдаги шифокорлар билан юртимизга ташриф буюради. Шу сабабли ҳам мазкур ёш тоифасида Ўзбекистон-2 терма жамоаси ҳам иштирок этади. Шу тариқа нуфузли мусобақада жами 8 та жамоа қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг тантанали очилиш ва қуръа ташлаш маросими 25 март куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь ва Украина жамоалари 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро курашади. Ўйинлар 11.00 ва 14.00да пойтахтимиздаги “Миллий ” ва “Жар” стадионларида ўтказилади. Россия ва Ўзбекистон-2 терма жамоалари эса гуруҳ баҳсларида иштирок этмайди. 29 март куни плей-офф ўйинлари, 30 март куни мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Турнирнинг тантанали ёпилиш маросими соат 17.00 да бўлиб ўтади.

Тадбир доирасида “Тиббиёт ва спортда инновациялар” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳам ўтказилиши ва унда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича шифокорларнинг ўзаро тажриба ва фикр алмашиши кўзда тутилган. Шунингдек, меҳмон жамоаларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳатини ташкил қилиш орқали уларга юртимизнинг туристик салоҳияти ва имкониятларини кенг намойиш қилиш режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019