Ўзбекистонда ҳозирда болалар орасида коронавирус билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари қандай? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

16:14 28 Август 2020 Жамият
467 0

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова долзарб саволларга жавоб қайтарди.

Савол: 14 сентябрдан мактаблар очилиши кўзда тутилган. Бу борада мактаб директорлари, ўқитувчилар, ўқувчилар учун алоҳида тушунтириш ишлари олиб бориладими?

Жавоб: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда пандемия шароитида таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.

БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) тавсиялари асосида яратилган ушбу қарор лойиҳасида СOVID-19 пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун алоҳида тавсиялар акс этган.

Қўшма қарор лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий веб-сайтида батафсил танишиш мумкин.

Лойиҳа юзасидан фикр ва мулоҳазалар Shtab@minzdrav.uz электрон манзилида қабул қилинади.

Бундан ташқари ушбу тавсиялар ҳозирги кунда нашр этилиши ва ҳар бир ўқув муассасаларига тарқатилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ота-оналар, халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун пандемия даврида эътибор берилиши керак бўлган тавсиялар ҳақида видеоролик тайёрламоқда.

Ушбу видеоролик мактаблар бошланишидан олдин ОАВда мунтазам кўрсатиб борилади.

Савол: Мактаблар бошланишга оз қолган сари ҳар бир ота-онани болалар ҳақидаги маълумотлар қизиқтирмоқда. Ҳозирда болалар орасида касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари қандай?

Жавоб: Республика бўйича бугунги кунга қадар 89 755 нафар бола карантинга олинган бўлиб, уларнинг орасида COVID-19 аниқланганлар 3932 нафарни (4,3%) ташкил қилмоқда.

COVID-19 аниқланганлар орасида ёши бўйича таҳлил қилганимизда:

— 1 ёшгача 190 нафарни (4,8%);

— 3 ёшгача болалар 683 (17,4%) нафарни;

— 3 ёшдан 7 ёшгача болалар 934 (23,8%) нафарни;

— 7-18 ёшгача болалар 2125 (54%) нафарида касаллик аниқланган.

3932 нафар касалланганлар орасида жами соғайганлар — 3293 нафарни (83.7%), бугунги кунда даволанаётганлар 639 нафарни (16,3%) ташкил этмоқда.

Ҳозирги кунга қадар болалар орасида касалликнинг ўта оғир кечиши кузатилмади, ўлим ҳолати бўлмади.

Юқоридаги кўрсаткичлар республикамизда карантин эълон қилинган ҳамда мактабгача таълим ва халқ таълими муассасалари фаолият юритмаган даврга тўғри келади.

Савол: Мактаб директориман. Пандемия даврида ходимларнинг саломатлиги ва меҳнатга лаёқатини сақлаб қолишда уларга қандай тавсиялар бера оламан? 

Жавоб: Ходимлар ўз имкониятлари чегараларини билишлари ва стрессли вазиятларда ўзларига қандай ёрдам беришни билишлари жуда муҳимдир.

Қуйида ходимларнинг саломатлиги ва меҳнатга лаёқатини сақлаб қолишда ёрдам берадиган тавсиялар келтирилган:

Нафас олиш машқини бажаринг:

— ҳеч ким сизни безовта қилмайдиган қулай жойни топинг;

— нафас олишда диққатни жамланг, чалғимасликка ҳаракат қилинг, телефонингизни узоқроққа қўйинг;

— бурнингиз орқали нафас олар экансиз, ҳар бир нафасни олишингиз давомийлиги бешга санагунга қадар давом этсин;

— кейин беш сония давомида секин оғзингиздан нафас чиқаринг;

— 3 ва 4-босқичларни камида бир дақиқа давомида такрорланг.

Бошқа одамлар билан суҳбатлашинг.

Мавжуд шароитда ижтимоий масофани сақлаш мажбурий чора бўлсада, сиз телефонингиз ёки компьютерингиздан фойдаланиб, оилангиз ва дўстларингиз билан мулоқотда бўлишингиз мумкин.

Мунтазам равишда бир-бингизга қўнғироқ қилинг, бир-бирингиз билан нафақат вазиятингиз ҳақида, балки бошқа умумий мавзулар ҳақида ҳам суҳбатлашиб туришингиз учун маълум вақтни белгиланг. Ҳамкасблар билан суҳбатлашинг.

Уйқу режимига риоя қилинг!

Уйқу гигиенаси қоидаларига кўра, кунига 7-8 соат ухлаш тавсия этилади.

Хона нимқонғу ва салқин бўлиши керак. Охирги овқат ётишдан энг камида икки соат олдин тановул қилинган бўлиши керак. Уйқудан бир соат олдин душ қабул қилиш лозим ва ётишдан олдин кўп сув ичмаслик керак.

Смартфонингиз билан ухламанг! Бунинг ўрнига сокинлаштирувчи мусиқа тингланг.

Бошқалардан ўрганинг!

Янги пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилишнинг ижобий мисолларини пайқашга ва қабул қилишга ҳаракат қилинг. Бу сизга яхши кайфиятни сақлашга, ўзингизнинг самарадорлигингизни оширишга ва ишлашда давом этишда ёрдам беради.

Ҳамма нарсада ижобий жиҳатларни қидиринг!

Эҳтимол атрофимиздаги нарсаларни ўзгартира олмаслигимиз мумкин, лекин ичимиздаги нарсаларга таъсир қилишимиз мумкин.

Санитария ва гигиена коидаларига риоя қилишни ҳам унутманг!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?