Ўзбекистонда ҳафта охиригача яна 7 та чартер рейс амалга оширилади

21:10 24 Март 2020 Жамият
2010 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан чет элдаги фуқароларни чартер рейслар орқали мамлакатга олиб келиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 24-27 март кунлари ҳар куни Россия Федерациясининг Москва шаҳридан биттадан жами 4 та рейс (РФ маҳаллий вақти бўйича соат 17:00да);

Туркиянинг Истанбул шаҳридан 24 ва 27 март кунлари 2 та рейс (Туркиянинг маҳаллий вақти бўйича соат 23:00да) амалга оширилади.

Шунингдек, Корея Республикасининг Сеул шаҳридан 29 март куни чартер рейс (вақти аниқланмоқда) амалга оширилади.

Худди шу каби келгуси ҳафтада ҳам Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Туркиянинг Истанбул, БААнинг Дубай шаҳарларидан фуқароларни чартер рейслари орқали олиб келиш ишлари давом этади.

“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, самолёт экипажи аъзолари ҳам хавфсизлик нуқтайи назаридан, коронавирус инкубацияси давридан келиб чиқиб, карантин остида сақланишини ҳамда махсус комиссия томонидан мазкур масалани имкон қадар қисқа муддат ичида бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини инобатга олган ҳолда, чет элда бўлиб турган фуқароларимиз томонидан сабрли бўлишлари сўралади.

Чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келинадиган барча фуқаролар махсус комиссия талабларига мувофиқ, махсус текширувлардан ўтказилади ва қатъий равишда республиканинг ҳудудларида карантин тадбирлари учун ташкил этилган санаторий ва бошқа муассасаларда 14 кунлик карантинда назоратда сақланади”, дейилади республика махсус комиссияси томонидан Kun.uzʼга тақдим этилган маълумотда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?