Ўзбекистонда гўшт, гуруч ва спиртли ичимликлар қимматлашди

17:45 29 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1067 0
Архив фото

2018 йил июнь ойида Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари, гуруч ва спиртлик ичимликларнинг нархи кўтарилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси “Халқ сўзи“га маълум қилди.

Аммо, бошқа турдаги маҳсулотларнинг нархидаги пасайиш туфайли жорий йил ҳисобидан биринчи марта истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари умумий даражасида пасайиш кузатилган бўлиб, истеъмол секторидаги дефляция даражаси ой давомида 0,4 %ни ташкил этди.

Ой давомида товарлар нархи ўртача 0,6 %га пасайган бўлса, хизматлар эса аксинча, 0,3 %га қимматлашган.

Истеъмол секторида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши натижасида дефляция ҳолати қайд этилган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархларида эса аксинча, инфляцион жараёнлар кузатилди.

2018 йилнинг июнь ойида нон маҳсулотлари ўтган ойга нисбатан 4,8 фоизга, гўшт ва парранда гўшти 4,3 фоизга, спиртли ичимлик 1,0 фоизга ўсган бўлса, тухум 2,6, мева ва сабзавот маҳсулотлари 18,2, шакар 2,3, ёғ ва мой маҳсулотлари 0,2 фоизга арзонлашган

Нон маҳсулотлари қимматлашишига биринчи навбатда гуруч нархининг кескин ўсиши сабаб бўлган. Июнь ойида гуруч ўтган ойга нисбатан 22,9 фоизга қимматлашган. Аммо ловия (2,2 фоиз), нўхат (1,5), ва мош (0,5) арзонлашган. Гўшт маҳсулотларидан қўй гўшти 6,4, мол гўшти 6,0, тирик ва совитилган балиқ 5,5, гўшт қиймаси 4,7, суяксиз мол гўшти (лаҳм) 3,6 фоизга қимматлашган. Парранда гўшти (2,5 фоиз) ва товуқ болдири (сон қисми) 1,0 фоиз) арзонлашган.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари ичида энг катта пасайиш помидор ва бодрингда кузатилган. Ўтган ойга нисбатан помидор 69,3 фоизга арзонлашган бўлса, бодрингда бу кўрсаткич 64,9 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, картошка 38,9, саримсоқ пиёз 16,7, олма ва бананлар 10,6, пиёз 10,3 ва нок 2,5 фоизга арзонлашган. Аммо бу даврда сабзи 27,3, карам 25,2, цитрус 4,0 ва қуруқ мевалар 2,0 фоизга қимматлашган.

Спиртли ичимликлар нархларининг қимматлашишининг асосий сабабларидан бири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 5 март кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3583-сон Қарорига асосан 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб пиво ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадларига йўналтирилган қўшимча тўловларнинг жорий қилинганлиги кўрсатилган.

Бироқ, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жорий йилнинг июнь ойи давомида спиртли ичимликлар чакана савдоси фаолияти билан шуғулланувчи аксарият корхоналар ўзларидаги қолдиқ маҳсулотларини ўзгармаган нархларда сотган. Спиртли ичимликлар нархларига қўлланилган қўшимча тўловлар иккинчи ярим йилликдан бошлаб ушбу тур маҳсулотлар нархига ўз таъсирини ўтказиши кутилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар