Ўзбекистонда Google билан ҳамкорликда виртуал музейлар пайдо бўлади

12:10 28 Август 2018 Жамият
163 0

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “йўл харитаси” тасдиқланди. Шу асосда юртимиздаги асосий маданият ҳамда санъат объектлари бўйлаб 3D-турлар ишлаб чиқиш белгилаб қўйилди.

Бинобарин, маданият, ташқи ишлар, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, молия вазирликларига Google Cultural Institute билан ҳамкорликни йўлга қўйиш топшириғи берилди.

Дунёга машҳур компания билан биргаликда диёримиздаги асосий маданият ва санъат объектлари бўйлаб 3D-турлар яратилади. Бу эса уларни мамлакат аҳолиси ва хорижликлар ўртасида янада оммалаштириш ҳамда илгари суриш имконини беради.

Шунинг учун яқин кунлар ичида музейлар, театрлар ва шу каби муассасалар ҳақида маълумотлар жой олган сайт пайдо бўлади. Сайтда ана шу объектларда жойлашган маданий бойликлар йўналишни кўрсатиб бериш функцияси(маршрутизатор)га эга интерактив харита кўринишида тасвирланади ҳамда электрон чипта савдоси ҳам йўлга қўйилади.

2020 йил бошига келиб йирик музейлар қошидаги фонди мунтазам тўлдириб бориладиган жамоатчилик учун очиқ бўлган кутубхоналар тармоғи шакллантирилади.

 

Маълумот учун, Google Cultural Institute(Google маданият академияси) юзлаб музейлар, маданият институтлари ва дунё архивларини ўзида бирлаштирган глобал таълим онлайн лойиҳаси ва шериклик дастуридир. Исталган одам унинг ёрдамида дунёдаги энг машҳур музей мажмуаларини ҳар куни виртуал тарзда айланиб чиқиши, улардаги санъат дурдоналарининг энг майда деталларигача томоша қилиши мумкин. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар