Ўзбекистонда гиламдўзлик санъати ҳақида фильм суратга олинди

09:18 24 Август 2020 Маданият
223 0

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси билан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан гиламлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Гиламлар – тарих пойандози» номли ҳужжатли фильм тасвирга олинди. Бу ҳақда Агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Ҳужжатли фильм теоретик-кўргазмали маълумотларга таяниб қолмай, асосан, Ўзбекистоннинг туристик потенциалини намойиш этувчи йўналишда ишланган. Унда гиламдўзлик санъати қадимий артефакт сифатида, бугунги кунда ҳам сақланиб, анъанага мувофиқ давом этиб келаётган санъат тури кўринишида очиб берилади. «Гиламлар – тарих пойандози» ҳужжатли фильмининг режиссёри Александр Гамиров, сценарий муаллифи Мавлуда Тошпўлатова, оператор Умид Маликов, фильм директори Гулнора Абдураҳимова.

Съёмка жараёнлари Ўзбекистоннинг гиламдўзлик ривожланган ҳудудларида, шунингдек, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган «Хива Ичан-Қалъа Давлат қўриқхона музейи», «Ҳунарманд музейи», «Хива амалий санъат ва хўжалик музейи» ҳамда «Хоразм гиламлари» цехида бўлиб ўтди. Фильм ижодкорлари Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам суратга олиш ишларини олиб боришган.

Бундан ташқари, фильмда гилам тўқиш, ипак ва жун ипларнинг бўялиши, табиий бўёқларнинг тайёрланиш жараёни акс эттирилган. Шунингдек, Ўзбекистон музейлари фондида сақланаётган гиламлар ҳамда архив фото, видео материаллардан фойдаланилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?