Ўзбекистонда Европа кино фестивали ўтказилади

18:50 18 Май 2018 Маданият
670 0

Жорий йилнинг 25-30 май кунлари пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли кино саройида 6-Европа киноси фестивали ўтказилади. Фестивал “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, бу сафар томошабинларга Германия, Латвия, Руминия, Словения, Швейцария, Финляндия, Франция, Чехия, Венгрия ва Белгия давлатлари томонидан ишлаб чиқарилган 12 та фильм тақдим этилади. 

Фестивални Швейцарияда суратга олинган “Муҳаббатда телбалар” фильми очиб беради. Романтик мусиқали комедияда Швейцарияда истиқомат қилувчи шри ланкалик ёш йигитнинг европалик қизга бўлган муҳаббати кулгили воқеалар орқали очиб берилади. 

Шунингдек, оилавий кўриш учун мўлжалланган 4 та картина ҳам намойиш этилади: “У баскетболчи бўла қолсин” (Словения, 2017), “Компютердан хавфлироқ бобо” (Латвия, 2017), ”Бубуль” (Швейцария/Бельгия, 2014), “Хонаки” (Руминия, 2012). 

Фестиваль кун тартибидан иккита ҳужжатли филм ҳам ўрин олган бўлиб, "Тўрт элемент" (Финляндия, 2017) филми бешта ноёб персонажлар саргузаштлари орқали Ер, ҳаво, сув ва олов узра хаёлан саёҳат қилиш имконини беради. 

"Эртага" ҳужжатли филмида (2015 Франция,) эса ижодий жамоанинг 10 та мамлакат (Франция, Дания, Финляндия, Белгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, АҚШ, Швейцария, Швеция, Исландия) бўйлаб сайёҳати акс этган. Унда 2100 йилда инсониятни қандай инқироз кутиши мумкинлиги хусусида сўз боради. Экспедиция қишлоқ хўжалиги, энергетика, иқтисодиёт, демократия, таълим соҳасидаги мутахассислар билан учрашган. 

Фестивалда тақдим этилган барча филмлар суратга олган мамлакат тилида эфирга узатилади. Шунингдек, рус тилида субтитрлар берилади. Барча кино намойишлари бепул.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар