Ўзбекистонда эркаклар пенсияга чиққандан сўнг яна қанча умр кечиради? Аёллар-чи? 

14:30 25 Июнь 2018 Жамият
973 0
Фото: Gazeta.uz

Ўзбекистон аҳолиси пенсияга чиққандан сўнг энг узоқ умр кўрадиган инсонлар эканлиги аниқланди. Тадқиқотларда пенсияга чиққандан сўнг аёллар(пенсия ёши 55) ўртача 20 йил, эркаклар(пенсия ёши 60) 9,7 йил яшаши маълум бўлди.

“Настоящая время” телеканали Жаҳон банкининг Women, Business and the Law лойиҳасидаги пенсияга доир маълумотлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кутилаётган ўртача умр давомийлиги бўйича Global Health Observatory ҳисоботи асосида собиқ иттифоқ ҳудудидаги қайси давлатда пенсионерлар энг узоқ умр кўришини аниқлади.

Ўзбекистон 29,7 йиллик кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллади. Ҳисоботда мамлакатимизда аёлларнинг кутилаётган ўртача умр давомийлиги 75, эркакларники эса 69,7 ёшга тенглиги маълум қилинган. Зеро, тадқиқотларда пенсияга чиққандан сўнг юртимиз аёллари(пенсия ёши 55) ўртача 20 йил, эркаклари(пенсия ёши 60) 9,7 йил яшаши маълум бўлди.

Иккинчи ўрин 29,6 йил натижа билан Россияга насиб этди. Мазкур мамлакатда пенсия ёшини ошириш бўйича ислоҳотларни қабул қилиш режалаштириляпти. Бугунги кунда эса бу ерда пенсияга чиққандан сўнгэркаклар 6,4 йил (66,7 ёш), аёллар эса 23,2 йил (77,2 ёш) яшаши мумкин.

Беларусь энг узун умр кўрадиган пенсионерлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллади. Бу мамлакатда мазкур рақамлар аёлларда 21 йил, эркакларда эса қарийб 6 йил эканлиги аён бўлди.

Бу борада энг паст кўрсаткич Қозоғистонда қайд этилди. У ерда пенсияга чиққандан сўнг ўртача умр кўриш 8,05 йилга тенг бўлди. Амалдаги қонунчиликка кўра 63 ёшдан пенсияга чиққач, аёллар ўртача яна 12 йил, эркаклар эса тахминан 4 йил яшаши аниқланди.

Агар алоҳида солиштириладиган бўлса, пенсияга чиққандан сўнг аёллар ўртасида россияликлар (23 йилдан зиёд) энг яхши натижага эришган бўлса, Беларусь (21 йил) ва Ўзбекистон (20 йил) қолган поғоналарни банд этган. Қозоғистон ва Молдова эса, аксинча, охирги ўринларни эгаллади — 12 йилдан сал ортиқроқ.

Шу тариқа ҳисоботда ўзбекистонлик эркаклар пенсияга чиққандан сўнг энг узоқ умр кўрадиган инсонлар эканлиги ойдинлашди. Уларнинг бу борадаги натижаси ўртача қарийб 10 йил бўлиб, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ўрин украиналикларга насиб этди. Улар пенсияга чиққандан сўнг ўртача 7,6 йил яшаб, 67,6 йил умр кўриши таҳлилларда маълум бўлди. Россия эса рўйхатнинг учинчи ўрнини эгаллади – 6,5 йилдан сал камроқ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар