Ўзбекистонда “Экобоғлар” майдони қанча?

10:41 03 Август 2018 Жамият
349 0
Архив фото

Бундан ўн йил муқаддам 2 август санасида юртимизда Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилган эди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида асос солинган мазкур тузилма томонидан ўтган вақт мобайнида муайян ишлар амалга оширилди. Бинобарин, бундай вазифалар “Соғлом муҳит — инсон саломатлиги” тамойили асосида фаолият юритаётган ҳаракатнинг асосий мезонига айланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Хондайлиқ қишлоғидаги Тошкент ахборот-технологиялари университети ўқув-ишлаб чиқариш марказида ташкил этилган тадбирда айтиб ўтилди.

— Жумладан, шу давр ичида Экоҳаракат ташаббуси билан юртимиз ва хорижда 10 мингга яқин тадбирлар ўтказилиб, уларга 2,5 миллиондан зиёд фаоллар жалб этилди, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижриоя қўмитаси раиси ўринбосари С.Сангинов. — Давлат органлари, турли фуқаролик институтлари ҳамда ташкилатлар билан 40 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 200 дан кўпроқ нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқиндан алоқалар ўрнатилган. Бевосита Экоҳаракат ташаббуси туфайли 200 гектардан ортиқ "Экобоғ"лар вужудга келди.

     Бундан ташқари, Экоҳаракатнинг Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи аъзолари қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этмоқда.  Шу йиллар мобайнида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган 26 та қонун ишлаб чиқилгани, яна 8 та қонун ишлаб чиқилаётгани бунинг тасдиғидир.

Қолаверса, ўтган йили "Ишонч телефони" ва"Фуқаролар қабулхонаси" ташкил этилгани ҳам жамоатчилик, аҳоли билан ишлаш жараёнини янада мустаҳкамлади. Чунки улар орқали фуқаролардан табиатни муҳофаза қилиш, санитария қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар хусусида 3728 та мурожаат келиб тушди. Улар асосида 1320 маротаба рейдлар ўтказилди.

Бундай амалий тадбирлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, 
"Халқ сўзи" мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар