Ўзбекистонда дунё стратегик хом ашё мувозанатида ўзгариш ясаган мажмуа борми? 

18:38 06 Ноябрь 2018 Жамият
659 0

Темур ЭШБОЕВ/ “Халқ сўзи-online”. Навоий кон-металлургия комбинати дунё кончилиги тараққиётининг улкан ютуқларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. Бинобарин, унинг сайёрамиз қазилма бойликларини ўзлаштириш харитасида пайдо бўлиши шунчаки воқеликкина эмас, балки жаҳон стратегик хом ашё мувозанатида ҳам ўзгариш ясаб, Ўзбекистон салоҳиятини намоён этди. Комбинат қисқа фурсатда Ер юзидаги олтин ва уран ишлаб чиқарувчи компаниялар рўйхатининг биринчи ўнталигига киргани бунга яққол мисолдир. Қуввати, фаолият юритаётган ҳудуди кўлами, халқ хўжалигидаги самараси, маҳсулот тури, жамоа таркиби ва уларни ижтимоий ҳимоялаш жиҳатидан у МДҲда юксак мавқеда туради.

Комбинатда олтин ва уран ишлаб чиқариш асосий тармоқ ҳисобланиб, бу борада Мурунтов кони рудаларнинг кварцли, Кўкпатас кони эса сульфидли хом ашё турлари билан тавсифланади. Мурунтов кони комбинат хом ашё базасининг асосини ташкил этиб, қазиш ишлари очиқ усулда олиб борилаётганлиги туфайли у юқоридан диаметри “улкан коса”ни эслатади. Бироқ ушбу “коса”дан олинган ҳар ҳовуч тупроқ ҳам олтинга бойки, шу сабаб бу коннинг ўзида руда бой қатламини қидириш, ҳисоблаш, қисқа йўллар билан қайта ишлаш корхоналарига етказиш ишлари устида тинимсиз изланиш олиб борилади.

Конда бир сменада юздан ортиқ каттаю кичик техникалар, шунингдек, йўлсозлар ишлайди. Уларнинг фаолияти илгари умумий алоқа воситалари орқали мувофиқлаштирилгани туфайли кўплаб тушунмовчилик ва англашилмовчиликларга сабаб бўларди. Эндиликда эса у йўлдош навигацияси орқали ҳар бир техникага топшириқ ва маълумот алоҳида жўнатилади. Мурунтовлик кончилар мустақиллик йилларида қўллаган яна бир янгилик кон математик моделини қуриш ва унинг захираларини ҳисоблаб чиқишнинг компьютер технологияси яратилгани бўлди. Жаҳон кончилик амалиётида илк бор қўлланилган мазкур усул захираларни ҳисоблаб чиқишда 1985 йилдагига нисбатан 2-2,5 баравар самарадорликни тақдим этди.

Иккинчи гидрометаллургия заводи Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги йирик қувватлардан бири ҳисобланади. Корхона, асосан, Мурунтов кони рудаларидан валюта даражасидаги олтин ажратиб олишга ихтисослаштирилган. Завод жаҳон кончилик амалиётида илк бор олтинни сорбцияси тиндирилган эритмалардан эмас, балки пульпанинг суюқ фазасидан ажратиб олиш технологиясини муваффақиятли жорий қилганлиги билан кончилик тарихида алоҳида эътироф этилади. Бундан ташқари, олтин электролизининг ишлов берилган электролитларидан 99,9софликдаги палладий олиш технологияси ҳам айнан шу заводда ўзлаштирилган. Корхонанинг рудаларни қайта ишлаш қуввати илгари йилига 23 миллион тоннани ташкил этар эди. Олиб борилган реконструкция ва модернизация тадбирлари туфайли бу кўрсаткич қарийб 50 фоиз оширилди.

Комбинатда олтин хом ашё ресурсларининг иккинчи саноат тури — сульфидли рудалар Кўкпатас ва Даугизтов конларидан олинади. Кўкпатас кони бу ерда учинчи гидрометаллургия заводи барпо этилишига асос яратди. Бугунги кунда ушбу заводда дунё кончилик амалиётидаги янгилик — сульфидли рудаларни оксидлашнинг бактериал технологияси жорий этилди. Мазкур технология экологик тозалик нуқтаи назаридан техник тафаккурнинг ажойиб ютуқларидан бири саналиб, унда махсус бактериялар қўлланилади. Аслида, бактериялар ёрдамида оксидлаш табиий жараён бўлиб, у бир неча юз йил давомида кечади. Заводдаги амалиётлар эса буни тезлаштириб, оксидланган рудалардан маҳсулот олиш имконини беради. Ушбу концепция қайта ишланаётган сульфид рудасида металл миқдорини амалда икки марта ошириш имконини яратиши билан аҳамиятлидир.

Маълумки, илғор техника ва воситалар шунга мос сервис хизматини ҳам талаб қилади. Айни сабабдан комбинатда автотранспорт саройлари сўнгги авлод ускуналари билан жиҳозланган, ўз лабораторияларига эга. Бу ерда автосамосвал ва бошқа транспорт воситаларига қуйилаётган ёнилғи-мойлаш материалларининг сифати чуқур таҳлилдан ўтказилади.

Навоий кон-металлургия комбинати — илғор техника, замон талабидаги технологиялар жамланган йирик мажмуа. Шу маънода, комбинат таркибидаги Навоий машинасозлик заводи Қизилқум кончиларининг таянчи, десак, айни ҳақиқат. Бирлашмада металлга ишлов бериш уни қуйишдан тортиб, оддий мурват тайёрлашгача бўлган барча жараённи қамраб олганки, бу наинки комбинат, балки бутун ҳудуддаги саноат корхоналарини эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш, уларнинг узлуксиз ишлаш имкониятини яратмоқда. Корхонанинг металл қуйиш цехида рангли металл, чўян ва пўлатдан турли маркалардаги 100 граммдан тортиб 40 тоннагача бўлган деталларни қуйиш мумкин. Марказдан қочма куч ва юқори босим асосида буни амалга оширишга мўлжалланган махсус машиналарнинг ишга туширилиши корхона жамоасига ўта мураккаб ва йирик ҳажмдаги деталларни ҳам тайёрлашда қўл келди.

Навоий кон-металлургия комбинатида шу кунга қадар эришилган натижалар мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг инъикосидир. Бу ерда жорий этилган кучли ижтимоий ҳимоя ҳам айни сиёсат самараси. Бунёд этилган спорт иншоотлари,дам олиш ва саломатликни мустаҳкамлаш масканлари, сўлим гўшалардаги оромгоҳлар кончилар ва уларнинг оила аъзоларига бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, жисмоний ҳамда маънавий камолот мутаносиблигини таъминлаш билан бирга, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Зафаробод каби шаҳарлар кўркига кўрк қўшмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати бугун ўзининг олтмиш йиллик юбилейини тантана қилишга тайёргарлик кўраётир.Олтмиш йилдирки, у Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Комбинат бир қатор халқаро танлов, ярмарка ва бошқа тадбирларда ўз маҳсулоти, интеллектуал салоҳияти билан юксак эътироф этиб келиняпти.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019