Ўзбекистонда болаларни юқумли касалликлардан эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди

16:37 24 Апрель 2018 Жамият
682 0
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда бу ҳақда маълумот берилди.
Республикамизда юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги таъминланмоқда. Жумладан, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади. 

2017 йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Ушбу тадбир учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада, ўтган йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди. Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар 105 миллиард сўмга етказилади.
2019 йилдан бошлаб барча ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. 
Сайёрамизнинг айрим ҳудудларида полиомиелит бўйича мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб тургани унга қарши профилактикани янада кучайтиришни талаб этмоқда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

— Полиомиелит, яъни шол билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар хасталанади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Миллий иммунизация дастури координатори Дилором Турсунова. — Унинг асоратлари кўпинча ногиронликка олиб келади, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Касалликнинг олдини олишнинг бирдан-бир чораси эмлашдир. Бу борада янги вакцинани қўллаш юртимизда шу йилнинг 24-28 апрель кунлари — миллий эмлаш ҳафталиги доирасида амалга оширилади. Инактивлаштирилган полиомиелит вакцинаси (ИПВ) шу вақтга қадар қўлланиб келинган орал полиомиелит вакцинаси (ОПВ)дан ичаклар шиллиқ қаватида мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиши билан фарқланиб, вируснинг одамдан одамга ўтишининг тўла олдини олади. Янги вакцина хавфсизлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификати билан кафолатланган. Эмлаш инъекция йўли билан амалга оширилади. Ота-оналардан ҳафталик доирасида 4 ойликкача бўлган фарзандларини ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига эмлатиш учун олиб чиқишларини сўраймиз.

ИПВнинг кенг қамровли жорий этилиши полиомиелитни глобал миқёсда бартараф этиш режасининг қисми бўлиб, айни чоғда дунёдаги барча болани ушбу вакцина билан эмлаш бўйича ЮНИСЕФ ва ЖССТ томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашда амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатилаяпти. Хусусан, ушбу халқаро ташкилотлар кўмагида янги вакцина харид қилинди. Юртимизнинг барча ҳудудида уни сақлаш ва эмлашни амалга оширувчи мутахассислар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Уларда эмлаш бригадалари ва пунктларидаги жами 6 минг нафарга яқин шифокорлар, 7 минг нафардан зиёд эмлаш ва патронаж ҳамширалари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйлари мутасаддиларининг билим ва салоҳияти оширилган.  

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

— Ўзбекистон 2002 йили полиомиелитдан ҳоли ҳудуд мақомига эришган бўлса-да, миллий иммунизация календарига янги вакцинанинг киритилиши мазкур касалликнинг қайтадан пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш ва ҳеч бир бола фалаж бўлмаслигини таъминлаш томон қўйилган муҳим қадамдир, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман. — Биз Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур вакцина таъминотини йўлга қўйганлиги ва ота-оналарга фарзандларини эмлатиш учун тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришга ёрдам бераётганидан мамнунмиз.
Иштирокчилар Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникасида янги вакцина билан болаларни эмлаш тадбирида ҳам қатнашдилар. 
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
     


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар