Ўзбекистонда бизнес юритиш учун энг қулай шароит яратилади

09:56 18 Июль 2018 Жамият
122 0
Иллюстратив фото

Мамлакатимизда ўтган вақт мобайнида бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичини яхшилаш бўйича қатор қарорлар қабул қилиниб, бу борада яхши натижаларга эришилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда. Кейинги беш йил ичида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда

74-ўринга кўтарилгани, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олгани бежиз эмас.

Бироқ тараққиёт, ривожланиш деганлари ҳеч қачон бир жойда депсиниб, тўхтаб туришни хуш кўрмайди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган давлат юксалишдан ортда қолади. Улоқни эса ўзгалар илиб кетади.

Айни ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини юзага келтириш, бизнес юритиш учун мавжуд халқаро нормалар ва стандартлар талабларига мос фаолиятни амалга ошириш, хорижий сармояларни жалб этиш учун мақбул шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 июлда қабул қилинган “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги яна бир муҳим қадам сифатида соҳада кузатилаётган мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда Ўзбекистоннинг рейтингини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда амалга оширилиши зарур бўлган комплекс чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди. Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсади — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун мамлакатда 2022 йилгача Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича тегишли органларга “Бизнес юритиш” ҳисоботларини танқидий ўрганиб бориш ва ҳар йили 1 декабрга қадар “Бизнес юритиш” ҳисоботида республиканинг алоҳида кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида ишбилармонлик муҳити ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиққа киритиш вазифаси юклатилди. Бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш ва Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш вазифаси Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига юклатилиб, мазкур орган шу соҳа бўйича ваколатли орган деб ҳисобланиши белгиланди.

Бундан ташқари, агентликка “Йўл харитаси”га мувофиқ, амалга ошириладиган тадбирлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотларининг техник кўмаги, грантлари ҳамда кредитларини жалб этиш бўйича зарур чоралар кўриш, “Бизнес юритиш” ҳисоботи йўналишлари юзасидан қонун ҳужжатлари талабларининг амалиётга жорий қилиниши натижалари ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини тадбиркорлар орасида сўров ўтказиш орқали аниқлаб бориш вазифаси қўйилди.

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбарининг қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли адо этилиши мамлакатимиз тараққиётида юксалишга эришишга хизмат қилади.

Хўш, бу борада парламентнинг ўрни ҳамда иштироки нималардан иборат бўлади? Албатта, мазкур долзарб вазифаларни амалга оширишда парламент аъзоларидан кенг жамоатчилик ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари асосида амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, уларда тадбиркорлик субъектлари учун қулай, шаффоф, содда тартиб-таомиллар акс этишини таъминлаш талаб қилинади.

Бу эса, ўз навбатида, юртимизда иқтисодиётнинг жадал ривожланишига, бизнес юритиш учун шароитларнинг янада яхшиланишига, хорижий инвестицияларни жалб этишда жозибали ҳамда ишончли муҳитни яратишда ҳал қилувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Абдуғани УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар