Ўзбекистонда автомобиллар ойналарини қорайтиришга расман рухсат берилади

09:23 29 Июнь 2018 Жамият
1379 0

Ўзбекистонда автомобилларнинг ойнасини қорайтириши учун расман рухсат бериладиган бўлди. Ҳукуматнинг тонировка қилинган ойнали транспорт воситалари эксплуатациясини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Лойиҳада Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 1 июлидан тўлов асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг қорайтирилган ойнали енгил транспорт воситалари эксплуатациясига доир таклифини тасдиқлаш таклиф этилган.

Ҳужжатга кўра, автомобиль орқа ойнасининг ёруғлик ўтказувчанлиги 5 фоиздан кам бўлмаслиги керак, орқа ўриндиқнинг ён томонларидаги ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги эса 30 фоиздан кам бўлмаслиги кўзда тутилган. Тонировкани ўрнатиш ИИВ қошидаги "Инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази" томонидан давлат стандартига кўра ишлаб чиқилган ва тасдиқланган тартибда амалга оширилади. Давлат стандарти Йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати бўлимлари томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатга асосланади. 

Ўз ўрнида енгил транспорт воситалари олд ойнасининг юқори қисмида кенглиги 14 сантиметрдан ошмаган 30 фоиздан кам ёруғлик ўтказувчи чизиқларни ўрнатиш учун рухсат талаб этилмайди. 

Тонировкани ўрнатишга рухсат олиш учун тўловлар ставкаси жисмоний шахслар учун — энг кам иш ҳақининг 90 баробари (15,5 млн сўм), юридик шахслар учун эса ЭКИҲнинг 120 баробарини (20,6 млн сўм) ташкил қилиши мумкин. Хорижий мамлакатларнинг юридик шахслари учун тўлов ЭКИҲнинг  140 баробари (24,1 млн сўм) миқдорида бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, хорижий давлатларнинг ойнаси қорайтирилган транспорт воситаларининг Ўзбекистонга кириши ва унинг ҳудуди бўйлаб транзити учун 15 доллар миқдорида йиғим ундириш таклиф қилинмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар