Ўзбекистонда ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилмоқда

15:58 16 Октябр 2018 Жамият
1632 0

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib Uzbekistan — 2018“ VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ташкил этилди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбир юртимизда ахборот-кутубхона фаолиятини янада такомиллаштириш, китобхонликни тарғиб этиш мақсадида ўтказилмоқда.

— Халқимизнинг ахборот маданиятини юксалтириш, миллий маданий меросимизни асраш, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига интернет орқали хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бугунги кун талабидир, — дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов. — Мазкур ҳафталик кутубхоналар фаолиятига оид янги замонавий технологиялар билан ўқувчиларни кенгроқ таништириш, аҳолининг турли қатламларига хизмат кўрсатишни ташкил этишда зиё масканларининг ижтимоий-маданий ролини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳафталик доирасида “Китоб ва китобхонлик — инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида республика семинари, “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2018” танловининг республика босқичи бўлиб ўтади. Шунингдек, АҚШ Конгресс кутубхонаси билан биргаликда кутубхона фондларини рақамлаштириш ва сақлаш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида видеоконференция, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг библиографик билимини ошириш бўйича “Библиограф мактаби”нинг назарий ва амалий машғулотлари, “Каталогизатор мактаби” — Ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш ўқув тренинги ҳамда бошқа қатор тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?