Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот салкам 600 долларга етди

14:57 19 Июль 2018 Иқтисодиёт
260 0
Фото: uza.uz

2018 йилнинг январь – июнь ойлари учун ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг дастлабки баҳоланишини амалга оширилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь – июнида Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми жорий нархларда 152 трлн 533,4 млрд. сўмни ( 19,586 млрд доллар) ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 4,9 фоизга ўсди. ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилнинг январь – июнидаги нархларга нисбатан 135,4 фоизни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 4,653 минг сўмни (597,4 доллар) ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга юқоридир.

Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат (ЯҚҚ) ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 85,5 фоизини ташкил этди ва 5,0 фоизга ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 4,4 фоиз пунктни ташкил этди).

Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 14,5 фоизни ташкил этди ва 4,5 фоиз даражасида ўсиш қайд этилди.

ЯИМ ўсиш суръатига хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди (1,9 ф.п.) ва бу соҳа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 фоизга ўсди. Жумладан, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 1,7 фоизга, ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа 5,6 фоизга ва бошқа хизматлар 5,0 фоизга ўсди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар