Ўзбекистонда 2025 йилгача энергетика тизимида муқобил энергия манбалари улушини 20 %га етказиш мўлжалланмоқда

16:10 22 Август 2019 Жамият
102 0

Иллюстратив фото

2019 йилнинг 19 август кунидан бери Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Сонгдо шаҳрида (Корея Республикаси) Яшил иқлим фондини дастурлаштириш бўйича глобал конференцияда иштирок этмоқда. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Конференциядан олдин Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовнинг БМТ собиқ бош котиби, Яшил тараққиёт глобал институти (GGGI) раиси Пан Ги Мун билан қисқа учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси раҳбари Пан Ги Мунга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илиқ саломларини ва энг эзгу тилакларини етказди.

Пан Ги Мун, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарининг Орол муаммосига ва дунёдаги иқлим ўзгаришига қаратаётган эътиборини ҳамда экологик фожиа ҳудудида унинг оқибатларини бартараф этиш ва ўсимлик оламини қайта жонлантириш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги чора-тадбирларни юқори баҳолади. У Монголияга ташрифи сабабли алоҳида учрашув ўтказа олмаётганлиги учун узр сўради ва ўзининг ўринбосари, Элчи Ким Ҳё Ин ва Яшил иқлим фонди ижрочи директори ўринбосари Ҳавер Мансанаресга Орол муаммоси бўйича Ўзбекистоннинг лойиҳаларини батафсил муҳокама қилишни буюрганини айтди.

140 дан ортиқ давлатларнинг делегациялари иштирок этаётган нуфузли конференцияда 21 август куни Ўзбекистон делегацияси вакили нутқ сўзлади. У иқлим ўзгариши оқибатлари билан курашиш ва мослашиш масалалари Ўзбекистон Ҳукумати кун тартибининг ажралмас қисмини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

Конференция қатнашчилари эътибори мамлакатимиз томонидан БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси 1993 йилда имзоланганлигига ва ўтган йил декабрь ойида Иқлим бўйича Париж битимини ратификация қилинганига қаратилди. Ўзбекистонда Париж битими бўйича мажбуриятларни бажариш мақсадида республиканинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш Стратегияси ишлаб чиқилган. Стратегия саноатни босқичма-босқич модернизация қилиш, иқтисодиётнинг асосий секторларида энергия самарадорлигини ва энергия тежамкорлигини оширишга йўналтирилган. Энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини ривожлантириш мамлакатнинг, айниқса, унинг энергетика секторининг “яшил иқтисодиётга” ўтиш жараёнида муҳим роль ўйнайди.

“2025 йилгача энергетик қувватларни ишлаб чиқиш тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 20% етказиш мўлжалланмоқда”, – дея таъкидланди.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриши муаммосига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидландики, “бир авлод кўз ўнгида бутун бошли денгизнинг йўқ бўлиши тамаддунлар тарихида кузатилмаган ҳолатдир. Бугун мазкур ҳалокат минтақа чегарасидан ошиб ўтиб, глобал муаммога айланди, халқаро ташкилотлар, сиёсатчилар, олимлар ва бутун дунё экспертларининг жиддий эътиборини талаб қилади”.

Экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар делегатларда қизиқиш уйғотди. Хусусан, 2018 йилда бошланган Орол инқирози оқибатлари билан курашиш бўйича янги Давлат дастури доирасида ўтган йил декабрь ойидан ҳозирга қадар Ўзбекистонда Орол денгизи қуриб қолган тубидаги 500 минг гектар саҳрони дарахтзорга айлантириш борасида улкан ишлар бажарилди.

Шу билан бирга ўтган йил октябрда шўрланиш шароитида Республика Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази, 2018 йил ноябрь ойида эса БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ҳамда чўл ва озуқа экинлари кўчатларини етиштириш билан шуғулланувчи Орол денгизи ҳавзасида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. 

Мазкур янги тузилмалар Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгариши шароитида чўллашиш ва экологик миграция жараёнининг давом этишини олдини олишга мўлжалланган экологик тоза технологияларни, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини, энергия ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон томони шу муносабат билан халқаро шерикларни Оролбўйи минтақасида қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун юқорида кўрсатиб ўтилган фондлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди. Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва Орол фожиаси оқибатларини ҳал қилиш борасидаги интилишларни амалга ошириш учун самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишнинг зарурлигини тўлиқ англашади.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019