Ўзбекистонда 2017 йилда нарковазият қандай бўлди? Аниқ рақам ва фактлар

11:26 26 Июнь 2018 Жамият
248 0

Гиёҳвандлик воситаларини етиштиришда жаҳонда етакчи ўринларда турадиган давлатлардан бири саналган Афғонистон билан чегарадошлик Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқаро экспертларнинг аниқлашича, 2017 йилда Афғонистонда кўкнори етиштириладиган майдонлар 328 минг гектарни(2016 йилда 201 минг гектар)*, ишлаб чиқарилган опий миқдори 9000 (4800) тоннани ташкил этган.

2017 йилда мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан наркотрафикка қарши курашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилиб, бу жараёнда гиёҳванд моддаларни мамлакатимизга олиб кириш йўлларини беркитиш, уларнинг нафақат республикамиз ичида ноқонуний муомалада бўлиши, балки ҳудудимиз орқали транзит қилинишига чек қўйиш ҳамда барқарор уюшган жиноий гуруҳларни йўқ қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2017 йилда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 5429(6646) та жиноят фош этилган. Улардан 2233(2798) таси наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш, 553(645) таси контрабанда, 1142(1482) таси гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, 95(145) таси бангихоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, бошқа турдаги наркожиноятлар 1406(1576) тани ташкил этди.

2017 йилда республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишида бўлган жами 1 тонна 994,1 кг.(3 тонна 542,4 кг.) миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган бўлиб, улардан героин – 12,43 кг. (107,76 кг.), опий – 797,9 кг.(1446,82 кг.), наша – 78,5 кг.(241,15 кг.), марихуана – 916,6 кг.(883,23 кг.), кўкнори – 188,2 кг.(862,84 кг.) ҳамда 361,7 гр.(579,1 гр.) янги турдаги психофаол воситалардир.

Мамлакатимизга афғон наркотиклари асосан Тожикистон ва Қирғизистондан ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жануби-шарқдан Тошкент вилоятига олиб кирилади.

Жумладан, 2017 йил 27 февраль куни Сурхондарё вилоятида жами 1,2 кг. героин гиёҳвандлик воситасини ўтказиш-сотиш билан шуғулланаётган маҳаллий фуқаро қўлга олинди.

Ўзбекистонда 2017 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширганлиги учун ушланган шахсларнинг 45(110) нафарини чет эл фуқаролари ташкил этиб, улардан 18(24) нафари Афғонистон, 14(27) нафари Тожикистон, 8(14) нафари Қозоғистонва 2(19) нафари Россия фуқароларидир. Улардан 267,7 кг.(340 кг.) гиёҳвандлик воситалари, 516(2461) та психотроп таблетка, 23 л. 1700 гр.(45,8 гр.) прекурсорлар мусодара қилинди.

Мисолларга мурожаат этсак.

2017 йил 10 январь куни Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароси, 1976 йилда туғилган Саид Тоҳир ўғли 10,6 кг.га яқин опий ва 0,6 кг. гашиш гиёҳвандлик воситасини айланма йўллар орқали олиб ўтаётган вақтда қўлга олинди.

Ўтган йил 6 июнь куни Сурхонадрё вилоятида Афғонистон фуқароси, 1985 йилда туғилган Кифоят Абдулсамат ўғли 57 кг. опий гиёҳвандлик воситасини контрабанда йўли билан олиб ўтаётганда қўлга олинди ҳамда унинг ёнидан 5 дона ўқи билан 7,62 калибрли пистолет далилий ашё сифатида олинди.

“Қора дори – 2017” тадбири давомида 895(1090) та ҳолатда 3306(4933) кв.м. майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилганлиги аниқланди. 950(2037) кв.м. майдондаги ёввойи наша ўсимликлари йўқ қилинди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан 4806(5890) та наркожиноят аниқланиб, 1069(1632) кг. гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан 272 (446) та наркожиноят аниқланиб, 700,7(1922,1) кг. гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

ДХХ Чегара қўшинлари томонидан 162 (142) та ҳолатда 142,6(182,8) кг. гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 266 (345) та ҳолат аниқланди. Натижада 3961,1(616,1) кг. наркотик, 2262(6099) дона психотроп таблетка ҳамда 3,6(1,7) кг. ва 43 литр(1,5 литр) прекурсорлар мусодара қилинди.

Бош прокуратура томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов олиб борган гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 4806(4672) та жиноят иши назорат тариқасида ўрганилди.

Республика суд органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид 3116(3484) та жиноят иши кўриб чиқилди ва 4889(4726) нафар шахсга нисбатан жазо тайинланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва улар устидан назорат ўрнатиш борасида ўзига юклатилган халқаро мажбуриятларни мунтазам равишда бажариб келмоқда. Республика мутасадди идоралари ва ташкилотлари вакилларининг малакасини ҳамда профессионал кўникмаларини ошириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро лойиҳалар доирасида ўтказилган семинар, тренинг ва ўқув-амалий машғулотларда республиканинг 676 нафар мутахассиси қатнашди.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ, Россия Федерацияси ва Марказий Осиё давлатларининг мувофиқлаштирувчи идоралари билан мунтазам равишда нарковазиятга оид маълумотлар алмашинуви амалга оширилмоқда.

* қавслар ичида 2016 йил якуни бўйича кўрсаткичлар келтирилган


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар