Ўзбекистонда 1,6 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди

12:18 26 Июнь 2018 Жамият
456 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбири ўтказилди. У 26 июнь “Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш” куни муносабати билан ҳамда наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жорий гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида ташкил этилди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Тадбир давомида 1 тонна 605 килограмм 738 грамм гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан, 15 кг. 619 гр. героин, 1 тонна 1 кг. 688 гр. опий, 98 кг. 733 гр. гашиш, 406 кг. 234 гр. марихуана, 55 кг. 60 гр. кўкнор, 1,4 гр.дан ортиқ янги турдаги психофаол воситалар(“Спайс” ва бошқалар) ҳамда 27 кг. 472 гр. каннабис ва психотроп моддалар махсус печларда ёқиб юборилди.

Унда мутасадди идоралар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумот учун, Ўзбекистон 1995 йил февраль ойида БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда наркотикларга қарши курашиш борасидаги бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилган. Ўз навбатида 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мамлакатимизда бу борадаги халқаро мажбуриятлар, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш каби муҳим масалаларнинг ҳуқуқий базаси шакллантирилган.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ҳозирга қадар мамлакатимизда таъқиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига қўшимча 80 турдаги янги гиёҳвандлик воситалари киритилди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Бугунги кунда Ўзбекистон гиёҳванд моддалар билан боғлиқ таҳдидга қарши курашда мавжуд барча ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий имкониятлардан фойдаланмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар