Ўзбекистонда 10 йил давомида 5000 МВт.ли қуёш ва 3000 МВт.ли шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган

20:04 13 Март 2020 Иқтисодиёт
336 0

Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилгача электр энергия ишлаб чиқарилишининг умумий ҳажмида ҚЭМ улушини (қайта тикланувчи энергия манбаларини) 25 фоизга ошириш мақсадини қўймоқда. Ҳозирги пайтда ушбу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Бундай натижаларга эришиш учун Энергетика вазирлиги томонидан қайта тикланувчи энергетикада йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол чоралар кўриляпти.

10 йил давомида умумий қуввати 5000 МВт га тенг қуёш электр станцияларини ва умумий қуввати 3000 МВтга тенг шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

Шу мақсадда бугунги кунда Энергетика вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида тўғридан- тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларни танлаб олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2021 йилнинг охиригача Ўзбекистонда ҳар бирининг қуввати 100 МВт га тенг икки фотоэлектр (қуёшли) станцияларини фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молиявий корпорация (IFC) иштирокида давлат-хусусий шериклиги дастури асосида фотоэлектр (қуёшли) станцияларини қуриш бўйича “Scaling solar II” лойиҳаси амалга оширилмоқда. IFC қуёш энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни тизимлаштириш ва тендерлар ўтказишда ёрдам кўрсатиш мақсадида етакчи маслаҳатчи сифатида жалб қилинган.

2019 йилда Ўзбекистонда IFC кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ўтказилди, унинг натижалари 4 октябрда эълон қилинди. Тендер Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган биринчи ФЭС қурилиши бўйича ўтказилди.

Халқаро тендернинг биринчи босқичида ХХР, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания иштирок этди, шундан 11 та компания малакавий танловдан ўтди.

Тендер тижорий таклифлари 5 та компания: “Acwa Power” (Саудия Арабистони); “Jinko Power” ва “Aljoimah Energy & Water Consortium” (ХХР/Саудия Арабистони); “Masdar” (БАА); “TBEA Xinjianing Sunoasis Co Ltd” (ХХР) ва “Total Eren” (Франция) томонидан таклиф қилинди.

Даъвогарларнинг техник ва тижорий таклифларини ўрганиш ва уларни баҳолаш натижаларига кўра, тендер комиссияси томонидан халқаро тендернинг биринчи босқичи ғолиби деб ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1кВт.с 2,679 АҚШ центига тенг ва қурилиш муддати 12 ой бўлган “Masdar” (БАА) компания ғолиб деб эълон қилинди. БАА экспертлари баҳосига кўра, қуёшли электр станция йилига 60 млн. КВт•с электроэнергия ишлаб чиқаради.

Йил бошидан буён 1 ГВт қуёш энергияси қувватига эришиш юзасидан йирик ҳукумат ташаббуси доирасида ушбу лойиҳа бўйича тендер савдоларининг иккинчи босқичини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда. “Scaling solar II” доирасида Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 200 МВт.га тенг иккита фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тендер эълон қилинган. Биринчи тендернинг самарадорлигини ҳисобга олиб, иккинчи босқич натижаларига кўра иштирокчилар сонининг ортиши кутилмоқда, бу эса тарифларни янада пасайтириш имконини беради.

Таъкидлаш керакки, “Masdar” компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилади. Зарафшон шаҳрида умумий қуввати 500 МВт га тенг шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

Masdar Абу-Даби Ҳукуматининг “Mubadala Investment Company” инвестициявий холдингининг шўъба корхонаси ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компаниянинг амалга оширилган инвестициявий лойиҳалари портфели ўз ичига қайта тикланувчи манбалардан электр энергияни ишлаб чиқариш бўйича ўрнатилган 4000 МВт қувватларни қамраб олади.

ЕТТБ Ўзбекистон Ҳукуматига шамол энергияси бўйича лойиҳаларни ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатмоқда, уларнинг умумий қуввати 1000 МВт ни ташкил қилади. Қорақалпоғистондаги 100 МВт ли лойиҳага тендер яқин кунларда эълон қилинади.

Осиё тараққиёт банки кўмагида Энергетика вазирлиги томонидан шу йилнинг

1 февралида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ФЭС қурилиши бўйича биринчи синов лойиҳасининг бошланганлиги эълон қилинди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида ишлаб чиқилган 1 ГВт қуёш энергияси қувватига эришиш бўйича Дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Лойиҳага мувофиқ камида 200 МВт ўзгарувчан ток қувватига эга қуёшли электр станция, жумладан, 220 кВ кучланишли янги подстанция барпо этилади ҳамда 500 кВ кучланишли “Сурхон” подстанциясига уланиш учун 52 км узунликдаги электр узатиш тармоғи тортилади.

Бугунги кунгача тендерда иштирок этиш учун 54 та компания буюртма берган, бу эса инвесторларнинг Ўзбекистонда ҚЭМ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга бўлган кучли қизиқишидан далолат беради. Бундан ташқари, танлов иштирокчилари географияси ҳам кенгайди, уларга жумладан, Европа мамлакатларидан янги компаниялар ҳам қўшилди.

ОТБ Ўзбекистон Ҳукуматига энергетика секторида асосий ислоҳотларни амалга оширишда, шу жумладан, мамлакатда қуёш энергетикасини ривожлантиришга йўналтирилган тадқиқотлар, 2013 йилда очилган Қуёш энергияси институтидан тортиб, 2014 йилда қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича Йўл харитасини қабул қилиш ва Ўзбекистоннинг қуёш энергияси салоҳиятини баҳолаш бўйича қатор тадқиқотларни олиб боришда ёрдам кўрсатмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон Ҳукумати ҚЭМ лойиҳаларида иштирок этиш бўйича яхши шартларни таклиф қилаётган йирик компаниялар билан тўғридан тўғри музокараларни олиб бормоқда.

Хусусан, “TOTAL Eren” компанияси (Франция) билан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида фотоэлектр станция барпо этилади. Умумий қуввати 100 МВт га тенг ФЭС қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича тегишли битим 2019 йил сентябрида имзоланган. Ушбу лойиҳанинг биринчи асосини 2018 йил октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга ташрифи пайтида имзоланган битим ва тегишли қарори ташкил этади.

Яна бир йирик компания — ACWA Power (Саудия Арабистони) билан қуввати 500–1000 МВт га тенг шамол электр станциясини қуриш бўйича битим имзоланди. Бунда инвестициялар 550–1,1 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Шамол электр станциясининг ишга туширилиши 2023 йилга мўлжалланмоқда.

ACWA Power электр станциялари ва чучуклаштирилган сув ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқарувчи, инвестор ва оператор ҳисобланади. Ҳозирги пайтда компания Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиёдаги 12 та мамлакатда иш юритади. ACWA Power портфели инвестициявий қиймати 45,5 млрд АҚШ долларига тенг бўлган, 31 ГВт электроэнергия ва 5,2 млн.М3/кун чучуклаштирилган сув ишлаб чиқарувчи 56 та активни қамраб олади.

Унга 2004 йилда Ар-Риёдда асос солинган ACWA Power ҳозирги пайтда тўққизта Саудия конгломератлари, жумладан, Vision Халқаро инвестициявий компанияси, Давлат инвестициялари жамғармаси (ДИЖ), Саудия Арабистонининг Давлат пенсия агентлигининг мулкдори ҳисобланади.

Ўзбекистонда босқичма босқич амалга оширилаётган лойиҳаларнинг сони муттасил кўпайиб бормоқда. Ушбу лойиҳалар бўйича инвесторларнинг таклифлари, давлат кафолатлари берилишини кўзда тутмаса-да, энергетика бозорининг йирик вакилларининг мамлакатимизда жиддий иш юритишга қизиқиши ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?