“Ўзбекистон замонавий тенденциялар билан бирга, тарихнинг бебаҳо тажрибасига таянмоқда”

10:55 06 Ноябрь 2019 Жамият
136 0

Яқинда Франция халқаро ҳамжиҳатлик ва таълим ассоциацияси вакиллари юртимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати, таълим тизими, туризм соҳалари билан яқиндан таништирилди.

Делегация раҳбари — Франция халқаро ҳамжиҳатлик ва таълим ассоциацияси президенти Алан Паеннинг ушбу сафардан кўзланган мақсад, Ўзбекистонда олган таассуротлари, ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ёзиб олдик.

— Ўзбекистон — Шарқ юраги, — дейди у. — Бу ерга илк бор келишимиз. Ташрифимиздан мақсад таълим, маданият, адабиёт, экология соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, икки давлат ёшлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашдир.

Ташкилотимиз 2009 йил ташкил топган бўлиб, дунёда миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳамжиҳатликни кучайтириш, тараққиётга асос бўлаётган таълим тизимидаги энг афзал жиҳатларни ўрганади.

Бугунги кунда Францияда ҳам кенг миқёсли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, жамиятимизда, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида кузатилаётган ҳолат — миллий урф-одатлардан узоқлашиш ҳам юз беряпти. Ташкилотимиз француз ёшлари билан биргаликда қадриятларни қайта тиклаш, ривожлантиришга ҳаракат қиляпти.

Ўзбекистон миллий тараққиётининг янги даврида замонавий тенденциялар билан бирга, асрлар оша яшаб келаётган анъаналар, тарихнинг бебаҳо тажрибасига таянаётганини бутун дунё эътироф этмоқда. Шунингдек, юртингизда ёшларга эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи сифатида катта имкониятлар яратилаётир.

Ташрифимиз давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти билан танишиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик. Ушбу ташкилот томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатингиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган серғайрат ёшларни камолга етказишга катта туртки бўлишига ишончимиз янада ортди.

Сафаримиз давомида Самарқанд ва Бухорода ҳам бўлдик. Қадимий ҳамда навқирон ушбу шаҳарлар ҳайратланарли ва мафтункор. Ўзбекистоннинг туризм имкониятларига ҳавас қилса арзийди.

Бугунги кунда бир неча лойиҳалар устида ишламоқдамиз.Улардан бири экотуризм бўйича, “Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва пластик ифлосланишни камайтириш учун нима қилиш керак?” мавзусига бағишланган. Француз ва ўзбек ёшлари мазкур лойиҳа юзасидан аниқ дастурни ишлаб чиқмоқдалар. Бундан ташқари, ҳамкорликда саноат соҳаси, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, қолаверса, миллий қадриятларни асраб-авайлашга бағишланган халқаро конференциялар, илмий-амалий анжуманлар, семинар-тренинглар ташкил этиш, фикр-мулоҳаза алмашиш ниятимиз ҳам бор. Бунда бир гуруҳ ўзбек ва француз ёшлари икки давлатга ташриф буюриб, халқаро тажрибаларни бевосита ўзининг иштирокида ўрганади.

Келгуси йил кузда юртингизга яна бир бор келишни режалаштирганмиз. Ўшанда яна янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берамиз. Асосийси, ўзбек ва француз ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари ҳамиша мустаҳкам бўлишига ишонамиз.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019