Ўзбекистон юк ташишнинг электрон китобчасини жорий этади

20:42 03 Июль 2020 Иқтисодиёт
351 0

Сўнгги йилларда Ўзбекистон транзитга кўмаклашишда, минтақада ва унинг ташқарисида савдо-сотиқни рағбатлантиришда энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучга айланди. Бу ҳақида Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (ХАТИ) Бош котиби Умберто де Претто Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев билан бўлиб ўтган видеоконференция чоғида айтиб ўтди, деб хабар берди ТИВ.

Учрашувда таъкидланганидек, COVID-19​ пандемияси билан боғлиқ муаммоларга қарамай, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Ўзбекистонда юк ташиш (TIR Carnet) китобчаларидан фойдаланиш миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга кўпайди. Ушбу кўрсаткичнинг ўсиши 2019 йил якуни бўйича ундан олдинги йилга нисбатан 46 фоизни ташкил этган эди.

У.Претто БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси доирасида юкларни автомобилда халқаро ташиш тизимини рақамлаштиришни (эТИР) қўллаб-қувватлагани, шу жумладан, 1975 йилдаги Юкларни халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаш бўйича Божхона конвенциясига 11-иловани жорий йилнинг бошида қабул қилинишида фаол иштирок этгани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Ўзбек томони ХАТИ билан яқин ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ҳамда республиканинг халқаро транспорт коридорларида иштирок этиш географиясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини яна бир бор тасдиқлади. Таъкидланишича, реал вақт режимида ишлайдиган ишончли халқаро электрон маълумотлар базасининг мавжудлиги ҳисобига ҳужжатларни қоғозда расмийлаштирмасдан юк ташишни жорий этиш божхона органлари ва ташувчиларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради, унинг хавфсизлигини оширади ва ушбу жараённи тезлаштиради.

Видеоконференция якунида иштирокчилар юкларни етказиб бериш босқичларида ва тажриба тариқасидаги eTIR​ ташишларни амалга оширишда CОВИД-19 пандемиясининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Шунингдек, мазкур тадбирда ХАТИ, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмасининг раҳбар вакиллари маърузалар ва тақдимотлар билан иштирок этдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?