Ўзбекистон яна битта “Орзулар лайнери”ни қабул қилиб олади

15:57 30 Апрель 2018 Иқтисодиёт
525 0

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Boeing” корпорацияси навбатдаги “Boeing-787 Dreamliner” йўловчи самолётини етказиб бериш бўйича шартномани имзолади. 

Натижада юртимиз миллий авиаташувчисида 2020 йилгача ўз паркида ушбу турдаги самолётлар олтитага етадиган бўлди.
Жорий йилнинг май ойи ўрталарида етказиб берилиши кутилаётган учинчи “Орзулар лайнери”  МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккитасидан йўловчи ўриндиқлари сони кўплиги(270 та, шундан 24 таси бизнес, 246 таси иқтисод классида) ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Янги самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа “Boeing-787 Dreamliner” ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага карбонат-ангидрид ажралиб чиқишини камайтириш имконини берувчи “GE Aviation” компаниясининг “GEnx-1B” двигателлари ўрнатилган.
Навбатдаги “Boeing-787 Dreamliner” самолётларининг келиши билан МАК авиапарки ноёб даражасига етади. Зеро, авиакомпания авиатранспорт бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, ўз ҳаво флотидан унумли фойдаланмоқда. Шунингдек, яқин ва узоқ йўналишларда самарали фаолият юритиб, янги йўналишларни очаяпти ҳамда йўловчиларни узоқ масофаларга юқори даражадаги қулайлик билан ташимоқда.

Миллий авиакомпания мутахассислари замонавий техник ва технологик ускуналар билан жиҳозланган ушбу янги авиалайнерни қисқа муддатда муваффақиятли ўзлаштирдилар. Уларнинг юқори тайёрлик даражаси туфайли эксплуатация жараёнида “Boeing-787 Dreamliner” самолётларини 100 фоизлик ишончлилиги таъминланди.
Бугунги кунда миллий авиакомпания “Boeing-787 Dreamliner” самолётларида Нью-Йорк шаҳрига тўғридан-тўғри парвозлар ва бошқа халқаро йўналишлардаги қатновлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар