Ўзбекистон ва Япония Адлия вазирликлари ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди

15:17 14 Март 2019 Жамият
374 0

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов бошчилигидаги Ўзбекистоннинг идоралараро делегацияси Токио ва Нагоя шаҳарларида Япония томони билан ҳамкорликда ташкил этилаётган маъмурий тартиб-таомиллар ва суд жараёнига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун Японияда бўлиб турибди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

13 март куни Токио шаҳрида Ўзбекистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов ва Япония адлия вазирининг парламент ўринбосари

Х. Кадояма Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Япония Адлия вазирлиги ўртасида ҳуқуқ ва адлия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолади. Мазкур ҳужжат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларига мувофиқ икки мамлакат идоралари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ўзаро манфаатли масалалар бўйича икки томонлама муносабатлар ўрнатишга қаратилган.

Меморандум доирасида ҳамкорликдаги тадбирлар, тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро алоқа йўналишлари ўрганилишини таъминлаш ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.

Томонларнинг фикрича, меморандум икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлабгина қолмай, икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳада самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий замин яратади.

Бундан ташқари, шу куни делегация аъзоларининг Парламент Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутати, Япония собиқ адлия вазири Й. Камикава билан учрашуви бўлиб ўтди.

12 март куни М. Истамов Парламент Маслаҳатчилар палатаси (юқори палата) аъзоси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси К. Накаяма билан учрашди.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон делегациясининг ҳамюртларимиз билан учрашуви ташкил этилди. Учрашувдан кўзланган мақсад – республикада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш, улар билан мунтазам ва очиқ мулоқот ўрнатишдан иборат эди. Ўзбекистон уларга кўмак кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр экани билдирилди.

Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019