“Тошкент — Хўжанд — Тошкент” йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди

13:19 15 Май 2018 Жамият
482 0

Қулайлик

Давлатимиз раҳбари жорий йил март ойида Тожикистон Республикасига қилган давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида халқаро автомобиль қатновини йўлга қўйишга оид битим имзоланган эди. Бугун унинг ижроси таъминланиб, “Тошкент — Хўжанд — Тошкент” йўналиши бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Мазкур йўналишидаги илк тақдимот рейси бўйича автобус эрталаб соат 8:30 да “Тошкент” автовокзалидан йўлга чиқди. Мазкур йўналиш масофаси 174 километрга тенг бўлса-да, йўловчиларга яратилган қулайликлар масофани қисқартираётгандек, гўё. 

— Ўзим Тожикистонда туғилганман, — дейди йўловчилардан бири Мавлуда Мирзаева. — Тошкентга келин бўлиб тушганман. Ушбу автобус қатновининг йўлга қўйилгани мен каби кўплаб юртдошларимиз учун ота-онаси, қариндошлари билан тез-тез дийдорлашиш, ҳолидан хабар олиб туриш учун яна бир қулайлик бўлди.  Бундан жудаям хурсандмиз. 

— Яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги автобус қатновлари очилганида, хаёлимдан “Тожикистонга ҳам автобус ҳаракати йўлга қўйилар”, деган фикр ўтган эди, — дейди яна бир йўловчи Шомаҳмат Эрматов. — Буни қарангки, бугун ўйлаб юрган орзуларимиз рўёбга чиқди. Мана шундай замонавий, барча қулайликка эга автобусда Хўжандга кетаяпмиз. Ўзим ўқитувчиман. Талабалик даврларим Тожикистонда ўтган. Ўша пайтларда жуда кўп дўстлар орттирдим. Бугун уларни кўрай, суҳбатлашай, деб йўлга чиқдим. Яратиб берилаётган автотранспорт хизматларидан мамнунмиз. 

Ушбу йўналишда йўловчиларга Ўзбекистон томонидан “Manzara tourism bus” ҳамда Тожикистон томонидан эса “Xolding Aziya grupp Tadjikistan” компаниялари хизмат кўрсатади.
Янги йўналиш бўйича жорий йилнинг 17 майидан бошлаб ҳар куни уч маротаба мунтазам автобус қатновлари амалга оширилади. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Ҳаким ЙЎЛДОШЕВ олган суратлар.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар