Ўзбекистон ва Канада — иқтисодий мулоқотларни фаол ривожлантириш тарафдори

12:30 09 Август 2020 Иқтисодиёт
297 0

Ўзбекистоннинг Канададаги элчихонаси (қароргоҳи Вашингтонда) Канада экспортни ривожлантириш корпорациясининг Евросиё бўйича бош вакили Дарси Феррон, Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйича минтақавий директори Роберт Кэмерон билан музокаралар ўтказди.

Видеоконференцияда элчи Жавлон Ваҳобов йирик инвестиция лойиҳалари доирасида республиканинг хорижий молия институтлари билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар, шунингдек, хорижий экспорт кредит агентликлари каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, иштирокчиларга нефть-газ ва тоғ-кон саноати, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, туризм ва бошқа соҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Дарси Феррон Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва чет эл бизнеси учун очилаётган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, Канада экспортни ривожлантириш корпорацияси республика ҳукумати ва молиявий институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласини катта қизиқиш билан ўрганаётганини таъкидлади. Корпорация Канада компанияларидан аризалар келиб тушса, Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича таклифларни қабул қилишга тайёр экани маълум қилинди.

Канада экспортни ривожлантириш корпорациясининг Истанбулдаги ваколатхонаси Ўзбекистон йўналишини мувофиқлаштиради, шунингдек республикада бизнес қилишни режалаштирган Канада компанияларига ёрдам беради. Дарси Ферронга кўра, сўнгги беш йил ичида корпорация Ўзбекистонга, асосан, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноатини ривожлантириш учун Канада компаниялари ҳамда 4 та кичик ва ўрта корхонага 7,6 миллион доллар ажратган.

Суҳбат давомида корпорация вакиллари элчихонанинг Ўзбекистонда Канада илғор технологиялари асосида гўшт ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Элчининг таъкидлашича, 2020 йил республикада чорвачилик соҳасида 84 янги лойиҳа амалга оширилади ва гўштни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади.

Музокараларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегациясининг мол гўшти етиштириш ва экспорт қилиш, шунингдек, қорамоллар сони бўйича Канадада етакчи бўлган Алберта вилоятига ташрифини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Канада экспортни ривожлантириш корпорациясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйича минтақавий директори Роберт Кэмерон корпорация Канада компанияларининг 184 та хорижий мамлакатда инвестицияларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Мижозларни чет элда қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсадида корпорация 17 мамлакатда ўз ваколатхоналарини очган.

Бундан ташқари корпорация 200 дан ортиқ ташқи бозорда, шу жумладан 130 ривожланаётган мамлакатларда фаолият юритадиган компанияларга ёрдам беради. Натижада, корпорациянинг бевосита кўмаги билан 2019 йилда 510 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган, шунингдек, Канаданинг 542 компанияси ва халқаро молиявий институтлар ўртасидаги алоқаларни ўрнатишда ёрдам кўрсатган.

Учрашув якунида Канада экспортни ривожлантириш корпорацияси вакиллари Ўзбекистон бозорига кириш ва бизнес лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган Канада компаниялари билан ҳамкорликни ўрнатиш имкониятларини ўрганишни тасдиқлади. Шунингдек, Канада томони республикага инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш учун Канада бизнес ҳамжамияти орасида қўшма онлайн-бизнес брифингларни ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Канада экспортни ривожлантириш корпорацияси 1944 йил Канада компанияларининг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирги кунда корпорация Канададаги корхоналарга экспортни молиялаштириш бўйича хизматлар кўрсатадиган асосий молия институтидир.

Канада корхоналарининг ташқи иқтисодий операцияларини қўллаб-қувватлаш доирасида корпорация ўз мижозларига экспортни суғурталаш, экспортни кафолатли қўллаб-қувватлаш ва экспортни молиялаштириш, шунингдек консалтинг хизматларини таклиф этиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?