Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қанчага етди?

18:04 12 Сентябр 2018 Сиёсат
148 0
Иллюстратив фото

2018 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ Давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Браян МакФитерс билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-17 май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи ва Президент Дональд Трамп билан ўтказган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи-назаридан икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва уларни оширишнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.

Учрашувда икки томонлама савдодаги ижобий динамика қайд этилди. 2018 йилнинг саккиз ойи давомида ўзаро савдо айланмаси деярли 300 млн. долларни ташкил этди. 2017 йилда эса жами кўрсаткич 210,2 млн. долларга тенг бўлган эди. Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун сезиларли салоҳиятнинг мавжудлиги эътироф этилди ва бунга икки томонда ҳам қизиқиш борлиги таъкидланди.

Учрашув давомида Ўзбекистон-Америка кун тартибининг бошқа масалалари, жумладан, мамлакатимизда Америка бизнес ҳафталигини ўтказишга тайёргарликнинг бориши ҳам муҳокама қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар