Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб олади

10:34 11 Май 2018 Сиёсат
577 0
Фото: president.uz

15 — 17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларига илк расмий ташрифини амалга оширади. Тошкентнинг Вашингтон билан сиёсий мулоқоти ҳақида нималарни билмоқ лозим, икки мамлакат етакчиларининг навбатдаги учрашуви қандай истиқболларни очади — ушбу мақола ана шу мавзуга бағишланган.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган, 1992 йил 19 февралда эса мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари ўзининг комплекслилиги, узоқ муддатли ва кўп қирралилиги билан ажралиб турди. Сиёсий мулоқот халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган, ўзаро ҳурмат ҳамда бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган.

100 дан зиёд ҳужжатлардан иборат бўлган қамровли шартнома ҳуқуқий пойдевор кўп қиррали ҳамкорликни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашмоқда. 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги Декларация икки томонлама муносабатларда муҳим ўрин тутаяпти.

Сўнгги бир ярим йил эса алоқалар фаоллашувида мисли кўрилмаган давр бўлиб қолди. Икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ҳамда Дональд Трампнинг очиқлик, барча йўналишдаги алоқаларни кучайтириш, уларни аниқ-равшан мазмун билан бойитишни намоён этган сиёсий иродаси туфайли ўзаро ишончнинг юқори даражасига эришилди.

Биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари икки маротаба — Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашдилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан қатъий интилишни кўрсатганлари ҳолда, долзарб аҳамиятга эга воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотда бўлдилар ҳамда ўзаро табрикномалар алмашдилар.

Ҳамкорликка тизимли мазмун бағишлаш ва эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистонда Қўшма Штатлар билан барча манфаатли соҳадаги шерикликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли “Йўл харитаси” амалга оширилмоқда.

АҚШ ҳукуматининг энг муҳим идоралари вакилларидан иборат турли даражалардаги делегациялар Ўзбекистонга мунтазам равишда келади. Ҳар йили ўтказиладиган сиёсий маслаҳатлашувлар эса ҳамкорликнинг муҳим масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий механизм вазифасини бажармоқда.

Давлатларимиз қонунчилик органлари ўртасида ҳам самарали алоқалар йўлга қўйилган. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ташкил этилди, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги Америка конгрессменлари гуруҳи республикамизга келди.

Ўзбекистонда давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳасида бошланган кенг қамровли ислоҳотлар яна бир ўзаро яқинлаштирувчи омиллардан бўлди. АҚШ ижтимоий-сиёсий доиралари мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда ва қўллаб-қувватлашмоқда. Вашингтоннинг бу борадаги нуқтаи назари турли минбарлардан бир неча маротаба баён қилинди. Шу ўринда Давлат котиби ёрдамчисининг инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда меҳнат масалалари бўйича ўринбосари Рэнди Берри бошчилигидаги делегация яқинда республикамизда бўлиб, ислоҳотларнинг бориши ва уларнинг натижалари тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлганини эслаб ўтиш ҳам мақсадга мувофиқ.

Экспертларнинг қайд этишларича, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон кўпгина соҳалардаги улкан салоҳияти билан Қўшма Штатларнинг минтақадаги сиёсатида объектив равишда ўта муҳим ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни ўзгартириш бўйича ташланган жиддий қадамлар Вашингтонда катта қизиқиш уйғотди. АҚШ бошқарув доиралари Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳитни шакллантиришга имкон берган расмий Тошкентнинг замонавий ташқи сиёсий йўлини тўла қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

Масалан, 2017 йилнинг декабрида давлатимиз раҳбари ҳамда Президент Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсатини олқишлади.

Томонлар 2015 йилнинг ноябрида Марказий Осиёнинг беш давлати ҳамда АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтган учрашувида асос солинган “АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари” (С5+1) форматидаги мулоқотни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирги пайтгача мазкур механизм доирасида беш маротаба учрашув ўтказилди, унинг охиргиси жорий йилнинг январь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди.

Вашингтоннинг Афғонистондаги ҳозирги стратегияси ҳам Қўшма Штатлар сиёсатида Ўзбекистон йўналишининг аҳамиятини оширишга хизмат қилмоқда. Афғонистонга хавф-хатар манбаси эмас, балки узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорлик учун имконият сифатида қараётган Ўзбекистоннинг янги ёндашуви Қўшма Штатларда муносиб эътироф этилди.

Шу боисдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси Оқ уйда якдиллик билан қўллаб-қувватлангани ажабланарли эмас. Президент Дональд Трамп давлатимиз раҳбарига йўллаган мактубида Ўзбекистон Президентининг минтақавий ёндашувга доир ташаббусини қўллаб-қувватлаши, бу эса, ўз навбатида, вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун шароит яратиши, иқтисодий, жумладан, Афғонистон билан савдо алоқаларини равнақ топтиришини қайд этди.

“Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларингиз катта муваффақиятлар келтирди. Ўтган йили ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган конференция бутун Марказий Осиё бўйлаб истиқболли ҳамкорлик муҳитини яратди, Президент Ашраф ўани билан декабрь ойидаги учрашувингиз эса мустаҳкам ҳамкорлик ва тараққиётга замин ҳозирлаб берди”, дейилади АҚШ маъмурияти раҳбарининг мактубида.

Тошкент форумида АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон бошчилигидаги делегация иштирок этди. Давлат котиби ўринбосари ўз чиқишида ушбу конференция ўз вақтида ўтказилаётгани ҳамда бу тадбир долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бир оз кейинроқ эса маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида дипломат “Кобулдаги мулоқот Тошкентга кўчди ҳамда халқаро мақом касб этди”, дея баёнот берди.

Умуман олганда, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг Вашингтонда бўлажак учрашуви Ўзбекистон ҳамда Америка Қўшма Штатларининг яқин йилларга мўлжалланган муносабатларидаги устуворликларни белгилаш билан бирга, икки томонлама ва кун тартибидаги халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан “соат милларини тўғрилаб олиш” имконини беради. Экспертларнинг эътирофича, мазкур ташрифнинг натижалари Ўзбекистон — АҚШ стратегик мулоқотини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имконият яратиши баробарида, ҳар икки мамлакат манфаатлари ҳамда XXI асрнинг бугунги халқаро муносабатлари реалликларига тўла жавоб беради. Шунингдек, бу вазифа яқинда мамлакатимиз Президентининг Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига ҳамоҳангдир.

Шаҳриёр ТУРҒУНБОЕВ,
«Жаҳон» АА.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар