Ўзбекистон ва Афғонистон: Муштарак мақсадлар ва дўстлик ришталари

10:32 19 Август 2019 Жамият
138 0

19 август куни Афғонистон Ислом Республикаси давлат мустақиллигининг юз йиллигини нишонлайди.

Афғонистон асрлар давомида мамлакатимизнинг энг яқин қўшниларидан бири, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, диний эътиқод, урф-одатлар боғлаб турадиган ўлка бўлиб келган. Ўзбек ва афғон халқлари ўзаро биродардир ҳамда бу узоқ тарихдан буён ўз исботини топиб келмоқда. Шунинг учун ҳам мазкур сана халқларимиз фикр-ўйлари ва интилишларини ифодалайдиган умумий байрам сифатида тилга олинади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил октябрь ойида ўрнатилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсатини прагматик йўлга ўзгартирди. Пировардида Ўзбекистон — Афғонистон алоқалари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди ва улар янгича мазмун ва изчилликни касб этди.

Очиқлик, ўзаро ишонч, ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатига устувор эътибор бугунги юқори даражадаги муносабатларнинг асосини ташкил қилмоқда. Айтиш жоизки, бундай даража шу пайтгача ҳеч қачон кузатилмаган эди.

Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Ашраф ўанининг сиёсий иродаси туфайли амалий натижаларга эришиляпти. Президентларнинг кенг кўламли саъй-ҳаракатлари ва очиқлик руҳидаги шахсий мулоқотлари бундай оламшумул мавқега етишга имконият яратди.

Шуни таъкидлаш лозимки, 2017 йилдан буён икки давлат раҳбарларининг самимийлик ва тўлиқ ишонч руҳидаги олтита учрашуви бўлиб ўтди.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўанининг 2017 йил 4 — 6 декабрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи Ўзбекистон — Афғонистон алоқаларининг янада мустаҳкамланишида муҳим босқичлардан бири бўлди. Мулоқотлар якунида хавфсизлик, энергетика ва транспорт соҳаларига оид 20 та қўшма ҳужжат, қиймати 500 миллион доллардан зиёд 40 та тижорат шартномаси имзоланди.

Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро конференция афғон давлатчилигининг замонавий тарихидаги йирик воқеа бўлди.

Анжуман якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри тинчликпарвар музокараларни зудлик билан бошлаш зарурлиги бўйича минтақавий ва глобал даражадаги ягона позицияни намойиш этди.

Ўзбекистон тинчлик ўрнатиш бўйича сиёсий музокаралар афғон можаросининг барча иштирокчиси, мамлакатнинг ҳамма партиялари ва ҳаракатлари, этник гуруҳларни қамраб олиши кераклиги бўйича қатъий позиция тарафдоридир. Айнан Тошкент конференциясидан сўнг бу йўналишдаги халқаро саъй-ҳаракатлар сезиларли тарзда фаоллашди.

Афғонистон муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг яна диққат марказига тушди. Афғонистон бўйича тузилган “Кобул жараёни”, “Осиё юраги”, Истанбул жараёни”, “Москва формати”, “Халқаро мулоқот гуруҳи” ва “ШҲТ — Афғонистонмулоқот гуруҳи” каби бошқа кўп томонлама тузилмалар фаолияти ҳам янги изчиллик касб этди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тезкор барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни йўлга қўйиш бўйича сиёсий жараённинг ажралмас қисмига айланишига олиб келди.

Ўзбекистон ушбу мамлакатда тинчликка эришиш юзасидан қуйидаги асосий тамойилнинг тарафдори бўлиб қолмоқда — мамлакатда мустаҳкам тинчлик бўйича сиёсий жараён фақат афғонларнинг ўзлари ва Афғонистон халқи етакчилигида амалга оширилиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг бугун афғон можаросининг барча тарафлари томонидан тан олинган мазкур принципиал ва узоқ муддатли позицияси халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Хавфсизлик бўйича ва икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари йўналишидаги алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир.

2018 йил февраль ва 2019 йил март ойларида Тошкент ва Кобулда Ўзбекистон ва Афғонистон хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари даражасида хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Афғонистон қўшма комиссиясининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

2017 йил январь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди ташкил этилди.

2018 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида Афғонистон Ислом Республикасининг Бош консулхонаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакилининг тайинланиши Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистон билан алоқаларни босқичма-босқич ва мақсадли ривожлантиришга қаратилаётган катта эътиборнинг яна бир тасдиғидир. Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди ва мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга кенг жалб қилишга интилмоқда.

Жорий йил январь ойида Самарқанд шаҳрида минтақадаги барча давлатлар кўмагида Афғонистоннинг “Ҳиндистон — Марказий Осиё” мулоқотига қўшилишидек эътиборли воқеа содир бўлди.

Табиийки, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани қайта тиклаш ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу мақсадда Афғонистонда транспорт ва логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон томонидан бунёд этилаётган Сурхон — Пули-Хумри электр линияси, Термиз шаҳрида очилган афғон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази, божхона терминалига эга “Термиз-карго” логистика маркази, Мозори-Шариф — Ҳирот темир йўли қурилиши лойиҳаси бор.

2017 йил ноябрь ойида 30 йиллик танаффусдан сўнг Тошкент — Кобул — Тошкент авиақатновининг очилиши кўп қиррали алоқаларимизни янада ривожлантиришнинг яна бир муҳим босқичи бўлди.

Мамлакатларимиз ўзаро савдо ҳажмини оширишга интилмоқда. 2019 йилнинг биринчи ярмида Афғонистон билан ўзаро савдо айирбошлаш 266 миллион долларни ташкил қилди. Ушбу кўрсаткични яқин орада 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон билан ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри савдо амалиётини бажариш ва ўзбек озиқ-овқат маҳсулотларини ушбу мамлакатга пасайтирилган нархларда етказиб бериш бўйича қарори бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бўлди.

Икки томонлама муносабатларнинг замонавий тарихида биринчи марта амалга оширилган Ўзбекистон Бош вазирининг Афғонистонга сафари муҳим воқеа бўлди. Мазкур тадбир ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги истиқболли йўналишларни очди.

Таъкидлаш лозимки, 2019 йил 17 июль куни Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг арафасида Ўзбекистон — Афғонистон бизнес форуми, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси ҳамда ҳукумат ва ишбилармон доиралар вакиллари мулоқоти шаклидаги мажлис ташкил этилди.

Бугун Ўзбекистонда афғон капитали иштирокида 300 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда, улардан 20 таси 100 фоиз хориж маблағлари ҳисобига ташкил этилган. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида “Термиз-карго” логистика маркази ва “Термиз” эркин иқтисодий зонаси, Кобул ва Мозори- Шариф шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилган.

Самарали ҳамкорликни амалга оширишда маданий-гуманитар соҳа ҳам муҳим роль ўйнайди. Халқларимиз ўртасидаги асрларга татийдиган алоқалар маданиятлараро ришталарда ҳам ўз ифодасини топган. Афғонистон ҳудудида бугун ўзбек миллатига мансуб 4 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қилаётгани ўзаро ҳамкорликка ижобий таъсир ўтказмоқда. Улар ўз меҳнати билан нафақат афғон давлатчилиги асосларини мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистон — Афғонистон алоқаларини ҳар томонлама такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Таълим соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг устувор жиҳатидан бўлиб қолмоқда. 2018 йил январь ойида Термиз шаҳрида афғон фуқароларини ўқитишга ихтисослаштирилган таълим марказининг очилиши бунинг ёрқин ифодасидир. У Афғонистон учун ўзбек тилини ўқитиш ва темир йўл соҳаларида мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзига хос масканга айланди.

Икки мамлакат маданият ва илм-фан вакиллари делегациялари билан алмашув фаоллашмоқда. Афғонистон делегацияси 2018 йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда мақом санъати халқаро фестивалида қатнашди, ўзбек олимлари делегацияси Кобулда Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган халқаро симпозиумда иштирок этди.

Бундан ташқари, 2018 йил декабрь ойида Тошкентда Темурийлар сулоласининг атоқли вакили Гавҳаршодбегим ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро симпозиум ўтказилди.

2019 йил июль ойида Тошкентда “Афғонистон XX ва XXI асрлар чорраҳасида: тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатлар, Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.

Ўзбекистон ҳамиша дўст афғон халқига ёрдам қўлини чўзади. Бу нафақат ҳурмат белгиси, балки унинг бугун Марказий Осиё ва дунёда рўй бераётган жараёнлардаги алоҳида роли эътирофи ҳамдир. Афғонистон заминига узоқ кутилган тинчлик ва барқарорлик ўрнатиладиган кун, албатта, келади.

«Дунё» АА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019