Ўзбекистон — Туркманистон: Дўстлик ва аҳилликнинг ҳаётий ифодалари

10:34 20 Апрель 2018 Сиёсат
487 0

Айни пайтда “Халқ сўзи” махсус мухбири Одилбек ОДАМБОЕВ Туркманистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. У илк таассуротларини қоғозга тушириб, таҳририятга йўллади. Қуйида ана шу материал билан танишасиз.

Туркман халқи биз учун нафақат ён қўшни — жон қўшни, балки қон-қардошимиз, яхши-ёмон кунларда елкадошимиздир. Ўзбек ҳамиша туркман биродарини “жигарим”, деб ардоқласа, туркман ўзбекни “дўғоним”, дея эъзозлайди.

Самимий, ширинсўз одамлари, донғи етти иқлимга кетган гиламлари, “Ахалтака” зотли учқур отлари билан машҳур туркман диёрига ижодий сафаримиз “Тошҳовуз” божхона масканидан бошланди. Тошҳовуз шаҳри пойтахт Ашхободдан 546 километр узоқда жойлашган. Кейинги йилларда бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Туркманистон қишлоқ хўжалиги институти, “Руҳият” саройи, -Андалиб номидаги мусиқали драма театри, “Бахт саройи”, “Тарих ва ўлкани ўрганиш музейи”, “Гарашсизлик” стадиони каби қатор иншоотлар бунёд этилган. Тошҳовуз “Тарих ва ўлкани ўрганиш музейи” шаҳардаги энг диққатга сазовор масканлардан бири саналади. Биз ана шу масканларни айланиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Бу ҳақда навбатдаги мақолаларимизда батафсил -тўхталамиз.

“Туркманистон ҳаво йўллари”нинг замонавий самолётида кейинги манзил — Ашхобод томон парвоз қилдик. Эллик дақиқадан сўнг пойтахт аэропортига етиб келдик. 2016 йилда фойдаланишга топширилган, умумий қиймати 2,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Ашхобод халқаро аэропорти учишга чоғланаётган лочин тимсолида барпо этилган. Ўзига хос ушбу лойиҳа ҳар қандай меҳмон эътиборини тортади. Маълумотларга кўра, “ҳаво дарвозаси” соатига 1600 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Истиқлол йилларида Ашхобод замонавий ҳамда миллий меъморчилик анъаналари уйғунлашган гўзал шаҳарга айланди. Уни бежиз “Оқ мармар бинолар шаҳри” деб айтишмайди. Ҳудуд марказидаги Конституция ёдгорлиги, тоғ бағридаги телеминора, “Оғузкент” меҳмонхонаси, “Бетарафлик” монументи, “Бахт” саройи каби бинолар пойтахт кўркига кўрк қўшиб турибди.

1995 йил 12 декабрда Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олингани тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинган. Шу муносабат билан бунёд этилган “Бетарафлик” монументи энг маҳобатли ёдгорликлардан бири бўлиб, замонавий Туркманистоннинг ўзига хос тимсоли саналади.

Ашхобод шаҳрининг марказий кўчаларидан бири улуғ мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталади. Буюк шоир даҳосига ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида унинг салобатли ҳайкали ўрнатилган. Мазкур кўчада жойлашган “Илҳом” сайилгоҳида эса Марказий Осиёда илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган олиму фузалолар қаторида Шайх Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва бошқа буюк бобокалонларимиз ҳайкаллари қад ростлаган.

Умуман, Ашхободдаги сайёҳлар эътирофига сазовор бўлиб келаётган, замонавий шаҳарсозликнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассамлаштирган, ноёб меъморий ечимга эга иншоотлар туркман халқининг улкан бунёдкорлик салоҳиятидан дарак бериб турибди.

— Қўшни давлатлар, жумладан, Туркманистон билан дўстона алоқаларни кучайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида устуворлик касб этаётганидан минтақада яшаётган барча халқлар бирдек мамнун бўлмоқда, — дейди Туркманистон Мажлисининг халқаро ва пар-ламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Нури Комеков. — Ҳар иккала мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳам йилдан-йилга ривож топмоқда. Президентимизнинг Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифи ушбу дўстона алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ижодий сафаримиз режасидан туркманистонлик ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлар ҳам ўрин олган бўлиб, мулоқотларимиз ниҳоятда жўшқин ҳамда мароқли кечмоқда.

— Замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг ижод намуналарини туркман тилида ўқувчиларимизга етказаяпмиз, — дейди “Дунё адабиёти” журнали бўлим муҳаррири Аннамуҳаммад Киршенов. — Яқин истиқболда юртингиздаги адабиётга ихтисослаштирилган нашрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Бизнинг нашрда ўзбек адибларининг, сизнинг нашрларда туркман ижодкорларининг асарларини чоп этиб борсак, айни муддао бўларди.

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастурлари доирасида маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистонда ҳамда Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўриклар, кўргазма ҳамда форумларда фаол қатнашиб келаяпти. Жумладан, Ашхобод шаҳрида айни кунларда давом этаётган “Айдим-саз санъатининг қадимий чешмелари” деб номланган халқаро илмий анжуман ва фестивалда мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

— Фестиваль доирасида Махтумқули номидаги миллий мусиқали драма театрида ўтказилган дўстлик концертида ўзбек санъаткорлари ижросидаги “Тоҳир ва Зуҳра” достонидан “Намасан” қўшиғи ҳамда “Хоразм лазгиси” томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди, — дейди Туркманистон Маданият ишлари вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Билбил Бабаева. — “Санъат сарҳад билмайди”, деганларидек, ўзбек қўшиқларининг туркман элида мухлислари кўпаймоқда, туркман қўшиқлари Ўзбекистонда севиб тингланаяпти. Бошқача айтганда, икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар