Ўзбекистон — Туркия: Қардош халқларнинг муштарак мақсадлари

17:47 24 Сентябр 2019 Сиёсат
517 0

Ҳақиқий дўстлар қўл билан кўз кабидирлар, дея лутф этганди Мавлоно Жалолиддин Румий. Бунинг боиси эса шу: қўл оғриганда кўз йиғлайди, кўз йиғлаганида қўл артар... Асрлар синовидан ўтган бу ҳикмат азал-азалдан қардошу биродар бўлиб яшаган, илдизи бир, томирлари туташ, тилию дини муштарак ўзбек ва турк халқларининг бугунги дўстона муносабатларига нақадар мос қиёс!

“Ассалому алайкум”, “Хуш келибсиз”, “Марҳамат”, “Танишганимиздан хурсандмиз”, “Зиёратингиз қабул бўлсин”, “Қўлингиз дард кўрмасин”, “Соғ бўлинг”, “Ташаккур”, “Кўришгунча”... Бундай ўзбекона лутфу иборалар турк тили луғатида камми? Аммо бизни қизиқтирган жиҳат бошқа: айни дамда ҳаёт тарзимиз, маданиятимиз, маънавиятимизда қанчалик ўхшашликлар бор? Меҳмондўстлик, бағрикенглик бобидаги қадриятларимиз қай даражада бир-бирини такрорлайди? Кейинги йилларда икки давлат муносабатларидаги яқинлик қандай амалий натижалар бераётир? Ҳамкорлигимизнинг ёрқин истиқболлари нималарда намоён бўляпти?

Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармасининг таклифига биноан, ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчихонаси кўмагида Анқара ва Истанбул шаҳарларига уюштирган ижодий сафаримиз давомида ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Тарғиботнинг зўр усули

Тошкентдан Анқарагача замонавий ҳаво лайнерида 6 ярим соатлик масофа. Аммо “Turkish Airlines” авиакомпаниясининг илғор хизматлари ва хушмуомала ходимлари шарофати билан вақт шиддати тезлашгандек туюлади. Қардошларимизнинг бу соҳадаги зукколигига ҳам қойил қолмай илож йўқ. Самолётнинг ҳар бир ўриндиғи орт қисмига ўрнатилган мониторлар орқали ҳали сафар аввалидаёқ бораётган манзилингиз ҳақида маълум тасаввурга эга бўласиз. Беш-ўн дақиқалик махсус видеороликлар Туркия давлатининг туризм соҳасидаги юксак салоҳиятини кўз-кўз этади. Ушбу ўлканинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳ манзиллари, маданияти билан йўловчиларни таништиради. Қолаверса, айни шу бежирим экранлар ёрдамида мамлакатдаги энг сўнгги янгиликлардан бохабар бўлишингиз мумкин. Яна самолёт бортида билганларимиз шу бўлди: Туркияда 81 провинция мавжуд. Аҳоли сони айни пайтда 81 миллион нафар. Нуфуси кўплиги бўйича Истанбул илк ўринда — 16 миллионга яқин киши! Анқарада эса 5,5 миллион аҳоли истиқомат қилади. Бу рўйхатда кейинги поғоналарни Измир (қарийб 4 миллион 300 минг), Бурса (3 миллион атрофида), Анталия (2 миллион 400 минг нафардан ортиқ) шаҳарлари эгаллаган. Иқтисодий салоҳиятига кўра, Туркия дунёдаги катта йигирматаликка кирувчи давлатлардан бири саналади.

Парвоз чоғида тарғиботнинг ушбу самарали усули мамлакатимиз Миллий авиакомпанияси самолётларида ҳам қўлланила бошлаганини эшитиб қувондик.

Узоқ йўл босиб, Ер шарининг бошқа бир нуқтасига қўнсангиз-у, ўзингизни ўз юртингиздагидек ҳис қилсангиз... Буям бир ҳикмат эмасми?! Аввало, сўзимизни иқлим ўхшашликларидан бошлайлик. Соат кундузги 9:30. Анқарада ҳаво ҳарорати 22 даража илиқ. Пойтахтимиздаги каби аҳён-аҳён енгил шабада ҳам эсиб туради. Шаҳар атрофи қир-адирлар билан ўралган. Анқара майдони пасту баландликлардан иборат. Осмонўпар бинолар у қадар кўп эмас. Бу борада ҳам Тошкентни ёдга солади. Одамлари жуда илтифотли.

Сафаримизнинг илк санаси якшанба кунига тўғри келгани боис меҳмонхона атрофидаги кўчаларни яёв кезамиз. Соат дўкони олдида ўзини Меҳмедбей деб таништирган ўрта ёшли киши бизни қўярда-қўймай ичкарига бошлайди. Ўзбекистондан эканлигимизни эшитиб “О, ота макон” дея дарҳол бизни чой билан меҳмон қилади. Имом Бухорий, Исо Термизий ва бошқа азиз авлиёларимиз номларини тилга олади. Дўконида ишловчи Назира исмли ўзбекистонлик қизнинг гўзал хулқу одобидан сўз очади. Анқаранинг гавжум кўчаларидан учтаси Ўзбекистон, 12 таси Тошкент, 8 таси Самарқанд ва 11 таси Бухоро номи аталишини эслатади. Келаси йили оиласи билан Самарқанд зиёратига боришни дилига тукканини гапириб беради. Ана шу дамда Ўзбекистондек табаррук замин фарзандлари эканлигимиздан фахрланиб кетамиз.

Кўча бўйлаб бир неча чақирим юргач, йўлимиз Қизил ой майдонига туташди. Бу ерда асли Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидан бўлган юртдошимиз Шерали Тожиевни учратдик.

— Икки йилдирки шу ерда ишлайман, — дейди у. — Турк ҳамкасбларимизнинг қурилиш соҳасидаги тажрибаларини ўрганяпман. Ростини айтсам, ўзбекистонликларга бу ерда алоҳида ҳурмат кўрсатишади. Қардошларимиз, дея ардоқлашади. Келгусида ўрганганларимни юртимизда қўллаш ниятим бор. Қолаверса, икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши билан Туркияга Ўзбекистондан келувчи сайёҳлар сони ҳам кескин кўпайди. Бу ерда бир ойгача визасиз юриш амалиёти йўлга қўйилгани самараси бу!

Суҳбатимиз ниҳоясида Шерали ака бизни Анқаранинг Кечиўрен туманида жойлашган тамаддихонага таклиф қилди. Айтишича, шу ҳудудда “Оzbek sofrasi”, “Samarkand sofrasi” деб номланган икки ошхона бор экан. Бу ернинг палови, сомсаси, шўрваси ва мантиси жуда машҳур экан. Биз, келгусида, албатта, ана шу ажойиб манзилларда ҳам меҳмон бўлишни дилимизга тугиб, ҳамюртимиз билан “Ўзбекистонда кўришгунча” деб хайрлашдик.

Уч ибратли тажриба

Йирик мегаполисларнинг ибратга лойиқ жиҳатлари кўп бўлиши табиий. Анқара ҳам бундан мустасно эмас. Эътиборимизни тортган биринчи жиҳат пиёдалар йўлаклари ўртасига бир қатор қилиб ўрнатилган махсус қопламалар бўлди. Бундай манзарага шаҳарнинг деярли барча йирик кўчалари бўйларида дуч келдик. Англадикки, бўртма ва чуқур изли кошинларнинг аниқ вазифаси бор. Яъни, айни шу нуқталар бўйлаб ҳаракатланган кўзи ожиз инсонлар манзилидан адашмасин. Бинобарин, бошқа йўловчилар билан тўқнашиб кетиш хавфи камайиши ҳам турган гап. Шундай экан, бундай қулайлик Ўзбекистоннинг барча йирик ва гавжум шаҳарларида жорий этилса, фойдадан холи бўлмаcди.

Яна бир ибратга лойиқ тажриба: ҳар ўттиз-қирқ қадамда махсус устунларга катта елим идишлар ўрнатилиб, ичига махсус елим халталар жойланган. Бу — тозаликка хизмат қилувчи омил. Муҳими, уларга ташланган чиқиндиларни олиб кетиш, ташиш ва қайта ишлаш бирмунча қулай ва осон.

Яна бир жиҳат. Анқарада Ўзбекистондаги каби маҳобатли тўйхоналарни учратмадик. Аксинча, никоҳ маросимлари ўтказиладиган манзилларнинг бари бир қаватли. Нари борса, 200 ўринга мўлжалланган. Одми ва ўз ўрнида шинам бўлган бу каби масканларда ортиқча ҳашаматга кўзингиз тушмайди. Мезбонлар вакилининг айтишича, Туркия тўйлари 100-150 чоғли меҳмон иштирокида ўтади. Исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Тўй дастурхони турфа ноз-неъматларга тўлдириб ташланмайди. Айниқса, нонни жуда тежаб истеъмол қилишади. Турли кўкат ва резаворлар аҳолининг кундалик таомномасидан муқим жой олган. Бу мамлакатда кейинги йилларда йигит ва қизларнинг турмуш қуриш ёши бирмунча узайган бўлса-да (ўртача 30-35 ёш), аммо никоҳ маросими билан боғлиқ таомилларда пулни кўкка совуришга хизмат қилувчи ҳолатлар йўқ. Бунинг ўрнига, тежаб қолинган маблағ келин-куёвнинг келгуси ҳаёти учун зарур бўлган жиҳозлар харидига йўналтирилади.

“Оммавий маданият” жиддий таҳдид солаётган ҳозирги кунимизда ҳар масалага юқоридаги каби оқилона ёндашув зарур, деган хулосага келдик.

Бошқарманинг “юраги” бор

Сафаримизнинг илк расмий учрашуви манзили — Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси. Бу ерда мазкур нуфузли идора фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.

— Бошқармамизга Туркия ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир янгиликлар, воқеликларни биринчилар қаторида оммага айтиш ваколати берилган, — дейди бошқарманинг медиа алоқалар координатори Мужаҳид Экер. — Мамлакатимиздаги барча ташкилот ва идораларнинг коммуникация соҳасига доир фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси ҳам зиммамизда. Бундан ташқари, хорижда ижтимоий дипломатия юритамиз. Халқ ва давлат ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаймиз. Медиа соҳасига доир ишларни такомиллаштирамиз. Журналистларни аккредитациядан ўтказиш, уларнинг давлат ташкилотларидан ахборот олишини енгиллаштириш масалалари ҳам бошқармамиз ишининг муҳим йўналишларидандир. Аҳолини давлатимиз раҳбарининг кундалик, ҳафталик дастурларидан хабардор қиламиз. Президентимизнинг бошқа мамлакат етакчилари билан телефон орқали мулоқотларини ташкиллаштирамиз. ОАВдаги чиқишларини уюштирамиз...

Бинобарин, Мужаҳидбей бошқармада халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилганига алоҳида тўхталиб ўтаркан, Президент ҳузуридаги Алоқа маркази (СIMER) шундай лойиҳалардан бири эканлигини айтиб ўтди. Унга ҳар бир фуқаро ўз шикоят ва аризалари билан мурожаат қилиши мумкинлигини, йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 21 кундан 14 кунга қисқартирилганини қайд этди. Бошқарма мутасаддисининг айтишича, СIMER иш бошлаганидан буён ўтган бир йил давомида бу ерга 3 миллион 11 минг 90 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.

Шу ўринда Президент Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари каби одамлар муаммоларини ҳал этишнинг самарали механизмлари Ўзбекистонда 2016 йилдаёқ жорий этилганини ёдга олдик. Шунингдек, Коммуникация бошқармасида шу йилдан бошлаб фаолият бошлаган “Ўлкам учун фикрим бор” лойиҳаси мамлакатимизда бир неча йилдирки, “Менинг фикрим” портали тарзида иш олиб бораётгани ҳам эътирофга лойиқ жиҳатдир.

Хабарлар мониторинг маркази — Коммуникация бошқармасининг “юраги”. Бу ерда бир зум бўлса-да иш тўхтамайди. Ходимлар 24 соат давомида, уч навбатчиликда меҳнат қилади. Дунёнинг турли нуқталарида Туркия номи билан боғлиқ чоп этилган ҳар қандай хабар, янгилик ёки тафсилот 35 тилдан туркчага ўгирилиб, шу ерда жамланади ва тегишлигига кўра жумҳуриятдаги ташкилот, идора ва муассасаларга жўнатилади. Бу юмушлар марказдаги ва хорижий мамлакатлардаги жами 150 нафарга яқин малакали таржимон зиммасида. Ўз навбатида, Туркия сиёсатига доир энг муҳим янгиликлар 6 нафар мутахассис кўмагида турк тилидан бошқа тилларга ўгирилиб, хорижий ОАВларга тарқатилади.

— Ўзбекистон билан алоқаларимиз келгусида янада мустаҳкамланишига ишончимиз комил, — деди Мужаҳид Экер суҳбат якунида. — Барча соҳада ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан икки давлат ҳам бирдек манфаатдор. Ўз фаолият йўналишимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, яқин истиқболда юртингизда медиа соҳасидаги алоқаларимизни юқори босқичга кўтарадиган лойиҳаларни амалга ошириш ниятимиз бор. Ўйлайманки, бу икки қардош халқнинг, икки дўст ва биродар давлатнинг бундан-да яқинлашувига мустаҳкам кўприк бўлади.

Дўстлик кўприги

Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТIKAга нисбатан шундай таъриф беришади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, беғараз ёрдам — ташкилотнинг бош мақсади. 1992 йилдан буён агентлик дунёнинг турли нуқталарида эзгуликка йўғрилган ўз лойиҳаларини рўёбга чиқариб келмоқда. Бундан манфаат кўраётганлар эса, энг аввало, ўша юртнинг оддий одамлари. Лойиҳалар турфа хил. Улар орасида таълим, саломатлик, туризм йўналишлари устувор ўрин эгаллайди. Хусусан, ТIKA томонидан Ўзбекистонда ўтган даврда умумий қиймати 41 миллион АҚШ долларидан зиёд техник кўмак грант лойиҳалари амалга оширилди. 2019 йил ниҳоясига кўра, кўрсаткичлар янада ортиши кутилаётир.

Шундай муҳим лойиҳалардан навбатдагиси Ўзбекистонда Истанбулнинг “Gebze” ташкилий саноат зонаси филиали очилиши бўлади. Бу мамлакатимизда Туркия ишбилармонларининг инвестициявий фаолияти учун янада кенг имкониятларни юзага келтиради.

— Ўзбекистонни қардош ўлка сифатида жуда қадрлаймиз, — дейди Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги раиси ўринбосари Раҳман Нурдин. — Бу мамлакат жуда қадим тарихга, бой маданиятга эга. Табаррук заминингиздан кўплаб алломалар, улуғ зотлар етишиб чиққан. Ўлкангиз Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган. Минтақа давлатлари тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Биз кейинги йилларда мамлакатингизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни, ислоҳотларни мамнуният билан кузатиб боряпмиз. Шу маънода, агентлигимиз Ўзбекистонда кўплаб фойдали лойиҳаларни рўёбга чиқаришга интилиб келади. Асосий мақсадимиз икки томонлама муносабатларни юқори босқичга кўтариш. Ўзбекистон халқининг янада фаровон ҳаёт кечиришига ўз ҳиссамизни қўшиш!

Икки муҳим хушхабар

Туркияга сафаримиз давом этаётган бир паллада давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги поғонага кўтарилиб бораётганига доир икки муҳим хушхабар эшитдик. Шулардан бири Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуннинг имзоланиши бўлди. Бу эзгу қадам турк дунёси, шу жумладан, Туркия Республикаси жамоатчилиги томонидан тарихий воқелик сифатида кутиб олинди.

— Ўзбекистон туркий тилли давлатлар орасида алоҳида нуфузга эга, — дейди Хориждаги турклар ва ва қардош жамиятлар бошқармаси координатори Севилай Йилдирим. — Сўнгги уч йил давомида мамлакатингиз қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга эришди. Нафақат чегараларини, балки бағрини ҳам кенг очди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини юксак олқишлаймиз. Ишончим комилки, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг эзгу ишлари учун янада кенг йўл очади. Қолаверса, бу турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун замин бўлади.

Яна бир муҳим янгилик: 16 сентябрь Тошкент ва Анқара муносабатлари тарихида унутилмас кун бўлиб қолди. Негаки, айни шу санада икки шаҳар ўртасида “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида” меморандум имзоланди.

— Туркия ва Ўзбекистон нафақат маданият, санъат, туризм каби соҳаларда, балки савдо-сотиқ, саноат, қурилиш, шаҳарсозлик жабҳаларида ҳам ўзаро яқин ҳамкорларга айланиб улгурди, — дейди Анқарадаги йирик туризм компанияларидан бирининг масъул ходими Карем Ўзкан. — Шундай экан, ҳар икки пойтахт шаҳарнинг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Анқара ҳам, Тошкент ҳам кўп жабҳада юқори салоҳиятга эга. Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш эса Туркия ва Ўзбекистоннинг бош кентлари истиқболига хизмат қилади. Шундай экан, қардош халқларнинг яқинлашуви, шаҳарларимизнинг биродарлашувини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Ўйлайманки, келажакда бундай манзилларимиз сафи янада кенгаяди.

...Албатта, интилиш бор жойда юксалиш бўлади. Тараққиёт кафолати эса ҳамжиҳатликда! Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг бугунги янги босқичи, унинг ҳаётий самараларини қардош халқ вакиллари, жумҳуриятнинг давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари самимий дил сўзларидан янада теранроқ англагандек бўлдик. Аммо ҳали айтмоқчи бўлганларимиз кўп. Буларни бир мақолага жамлаш эса имконсиз. Шундай экан, сафар таассуротлари билан боғлиқ навбатдаги чиқишларимизда Туркия ва Ўзбекистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда ушбу мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир ибратли тажрибаларни кенгроқ ёритишни мақсад қилдик.

Фаррух БЎТАЕВ (“Халқ сўзи”).

Тошкент — Анқара — Истанбул — Тошкент.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019