Ўзбекистон — Тожикистон: туташ томирлар, ягона тарих ва ёрқин келажак

10:41 15 Август 2018 Сиёсат
574 0
Архив фото / "Халқ сўзи"

Марказий Осиёни ягона тарих, умумий келажак бирлаштириб туради. Бу ҳақиқат давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эзгу ғояларда яққол акс этди, ўзининг ҳаётбахшлиги билан минтақа аҳолиси турмушида, том маънода, туб бурилиш ясади. Эндиликда дўстлик, оқибат, меҳр-муҳаббат тушунчалари маълум даврларда синовдан ўтишини ҳис этган ҳолда икки жонажон қўшни мамлакат бугунги глобал даврда тараққиёт ва ҳамжиҳатлик йўлидан дадил боришмоқда. Икки дарё оралиғидаги серҳосил заминда қадим-қадимдан иноқ ва аҳил яшаб келган халқларнинг туташ томирлари бир-бирларини тушунишга хизмат қилаётгани алоҳида мақтовга сазовор. Дўстлик, қардошлик, тинчлик, барқарорлик, ишонч туйғуларини мустаҳкамлагани учун Ўзбекистон раҳбарига минтақа халқлари қатори, Тожикистон аҳолиси ҳам миннатдорлигини билдирмоқда. Президент Имомали Раҳмоннинг юртимизга амалга оширилиши кутилаётган давлат ташрифи олдидан ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар ушбу мамлакатда бўлишганида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилишди.

Хўжанд — замонавий шаҳар

Тожикистон шимолида жойлашган Хўжанд шаҳрининг довруғи етти иқлимга кетган, десак ­муболаға эмас. Александр Македонский бу гўзал кентдан нарёғига ўтишни истамаганиданми ёки, ҳақиқатдан ҳам, Ер юзининг сўнгги нуқтасига етиб келдим, деб ўйлаганиданми, унга Александрия Эсхата ­(чекка Александр) номини берган эди. Босқинчи мўғуллар Мовароуннаҳрга юришларида Ўтрор ва Банокент забтидан сўнг тутқунликка тушган ўн минглаб асирларни бу ерга қул қилиб ҳайдаб келиб, қалъа мудофаасини синдирмоқчи бўлишган. Аммо Жалолиддин Мангубердининг устози ва дўсти, ғоят истеъдодли саркарда ­Темур Малик бошчилигидаги мудофаачилар Хўжанд қалъасини мардонавор туриб ҳимоя қилишади. Темур Малик ширвоний шаклда ёпилган қайиқлардан фойдаланиб, дарёнинг ўнг соҳилида жойлашган мўғуллар қароргоҳига ярим тунда тўсатдан ҳужум уюштириб, уларнинг кучини қирқишга муваффақ бўлган экан. Бугунги кунда мазкур қалъанинг қадимий меъморий шакли тикланиб, тарих музейи ҳам шу ердан жой олган. Ҳар куни бу ерга ташриф буюрган юзлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар Темур Маликнинг ўлмас жасоратлари ҳақидаги ҳикояларни тинглашади. Унинг қаҳрамонликлари нафақат Хўжанд, балки Марказий Осиё халқларининг барчаси учун беқиёс ибрат эканлигини эътироф этишади. Унинг жасоратлари мангуликка дахлдорлиги хусусида ўзбек ва тожик адиблари, санъаткорларининг тарихий асарлари гувоҳлик беради. Ғоят мураккаб тақдир йўлини босиб ўтган Темур ­Малик ҳаёти, ирқу миллатидан қатъий назар, юртни севиш, унинг равнақи учун қўлидан келган барча ишни қилишнинг ёрқин намунасидир. Буюк саркарданинг хотирасини абадийлаштириш учун Хўжандда бунёдкорлик ишлари давом эттирилаётгани таҳсинга лойиқ. ­Жалолиддин Мангуберди ёдга олинган заҳотиёқ, дарҳол Темур Малик ҳам эсга тушади. Бу икки халқнинг турмуш тарзи, урф-удуми, қиёфаси бир бўлгани сингари қаҳрамонлари ҳам бир эканлиги уларни янада яқинлаштиради.

Йигирманчи асрда инқилоблар, урушлар жафокаш бу икки халқнинг бошига қанчадан-қанча кулфатлар солди. Шу билан бирга илм-фан, маданиятда юксалиш даврини ҳам тарих саҳифаларига муҳрлади. Темур Малик ҳимоя қилган Хўжанд қалъасидан унча олис бўлмаган жойда лойдан тикланган уйчада улғайиб, турмуш кечириш мушкуллигидан отаси билан Қўқон томонларга мардикорчиликка жўнаган хипча ўспирин кейинчалик ўзбек илм-фани дарғаси сифатида донг таратди. Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) асосчиларидан бири эканлигидан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти бўлди. “Улуғбек ва унинг илмий мероси” асари эса унинг номи мангулик билан бўйлашиб кетишига кафолат яратиб берди. Хўжанддан чиқиб, ўзбек илм-фанига беқиёс улуш қўшган бу ўспирин академик Тошмуҳаммад ­Ниёзович Қори Ниёзий эди! Қомусий билим ­эгаси бўлган бу улуғ алломанинг ҳаёти ва ­ижоди бугунги кунда ҳар иккала мамлакат ёшлари учун ибрат ­мактабидир.

Сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий жиҳатдан ривожланиб бораётган Суғд вилоятининг маркази Хўжанд минтақадаги йирик саноатлашган шаҳарлардан бири ҳисобланади.

— Ҳозирги кунда қўшни Ўзбекистон билан алоқаларимиз ривожланиб бориши ҳар иккала томон учун манфаатлидир, — дейди вилоят ҳокими Ражаббой ­Аҳмадзода. — Туризм ва тадбиркорликка мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилаётган жорий йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси хизматларидан фойдаланишимиз бу соҳадаги имкониятларимизни янада кенгайтирди. Ўзбекистонда иссиқхоналар ташкил этилиши намунали йўлга қўйилган экан. Бу соҳадаги тажрибалар ҳам биз учун самарали бўлади. Ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий соҳаларда алоқаларни йўлга қўймоқдамиз. Спорт, илм-фан ҳар иккала мамлакат ёшларининг бир-бирлари билан борди-келди алоқаларини мустаҳкамлайди. Шу мақсаддан келиб чиқиб, турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Тожик-ўзбек ишбилармонлари ҳамкорлигида корхоналар ташкил этилиши бўйича илк қадамлар қўйилмоқда.

Тожикистон мустақиллиги йилларида улуғ форс-тожик шоири Камол Хўжандийнинг ҳоки Табриздан келтирилиб, унинг уй-музейига асос солинди. “Баҳористон” санаторийси, “Истиқлол” мажмуаси, шайх Маслиҳаддин Бадеуддин Нурининг мақбараси шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидандир. Айниқса, туну кун дарвозалари ёпилмайдиган Пайшанба бозори ­шарқона шукуҳи билан эътиборни тортади.

Ўтган асрда хўжалик раҳбарлари Саидхўжа Ўринхўжаев, Абдуғафур Самадов қишлоқ хўжалиги соҳасида донг таратган эди. Уларнинг эришган ютуқлари иттифоқдош республикалар хўжаликларига ибрат қилиб кўрсатилар эди. Саидхўжа Ўринхўжаевнинг шаҳардан унча узоқ бўлмаган ўз хўжалигида “Арбоб” деб номланган беқиёс сарой бунёд эттиргани ҳам ҳаммага маълум. Ўзига хос меъморий тузилишга эга бўлган бу иншоот муҳташамлиги билан ҳануз кишини лол қолдиради. Унинг айвонидан Хўжанд шаҳри, ўртадан тасмадек оқиб ўтаётган Сирдарё, дарёнинг нарёғидаги Мўнуғил тоғи кафтдагидек яққол кўзга ташланиб туради. 1992 йил республика парламентининг 16-сессияси шу ерда бўлиб ўтгани унинг тарихийлик аҳамиятини янада юксалтирган. Тожикистон Президенти Имомали ­Раҳмоннинг сиёсий фао­лияти ҳам айнан шу жойдан бошлангани туфайли сарой мамлакат аҳолисининг ўзига хос зиёратгоҳига айланган.

“Куй яқин, оҳанг яқин — дил яқин!”

Суғд вилоятининг қадимий тарихга эга бўлган шаҳарларидан яна бири Истаравшанга йўл олган Ўзбекистон журналистларини Муғ деб аталган тепаликка қурилган амфитеатрнинг муҳташам дарвозалари олдида карнай-сурнай садолари, нон ва асал билан кутиб олишди.

— Дўстлигимиз асалдек ширин бўлишини истаймиз, — дейди истаравшанлик шоира Раънои Зоирдўхт. — Шунинг учун туз ўрнига асал қўйдик.

Ажабо, шунчалик соғинч, меҳр-муҳаббат, яқинлик!

Ўйин-кулги, куй-қўшиқ, рақсу қувончлар!

Ким айта олади, бу икки халқни бир-биридан узоқда деб?

Куй яқин, оҳанг яқин — дил яқин!

Тил эса кўнгилдан муждалар олиб чиққанида ишққа эврилиб, барчага бирдек тушунарли бўлиш қудратига эга. Зеро, улуғ Жалолиддин Румий лутф этганидек:

Ишқ тили рубоб тилидек сир эмиш,

Турку арабу юнонга бир эмиш.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “толе йўқ”лигидан ўз юртини тарк этар экан, йўл-йўлакай Ўратепа ва унинг теварак-атрофидаги қишлоқларда ойлаб яшайди. Бобурчак қишлоғи, Бобур тоши сингари ундан қолган ёдгорликларни ­маҳаллий аҳоли эъзозлаб келади. Айтишларича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тоғ этакларидаги булоқ бошида ўз қўли билан ўтқазган зирк дарахти яқин-яқинларгача бўлган, бу ерда одамлар яшай бошлагач, шу зирк туфайли қишлоқ номини “Бобурчак” деб аташган экан.

— Сирдарё вилояти аҳолиси учун Ўратепа тоғлари ажойиб дам олиш маскани бўлиб келган, — дейди Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси Султонмурод Ҳожибоев. — Уларга ҳозир ҳам бағримиз очиқ. Пиримқул Қодиров ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларида туғилган қишлоғи Кенгкўлга тез-тез келиб турардилар. Ўшанда Ўратепада китоб дўконлари кўп бўларди. ­Абдувоҳид исмли марказий кутубхона директорини Пиримқул ака яхши таниб қолганлари учун у Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Эркин ­Воҳидов, Ўткир Ҳошимовни ҳам яхши таниб ­қолган, учраган одамга уларни танишини айтиб, мақтаниб юрарди. Айниқса, Эркин Воҳидовга бу ерлар жуда ёқиб қолганидан дам олиш масканларимизга ўзлари ҳам келиб-кетаверардилар.

Ардоқли ўзбек шоирининг:

Дўст билан обод уйинг,

Гар бўлса у вайрона ҳам.

Дўст қадам қўймас эса,

Вайронадир кошона ҳам,

деган унутилмас сатрлари ҳам эҳтимол ўшандаги меҳру муҳаббатлар тафтидан шоир қалбида алангаланиб, беихтиёр тилига қуйилиб келгандир?

— Пиримқул Қодиров ўша маҳаллардаги бир мақоласида ўзбек-тожик халқларининг дўст-биродарлигини Ўратепадаги қишлоқлар мисолида тасвирлаб берган эди, — дея давом этади С. Ҳожибоев. —Бир қишлоқда тожиклар ­яшаса, иккинчисида ўзбеклар истиқомат қилади, деб ёзган эди севимли ёзувчимиз.

Ўратепа аҳолиси орасида икки халқнинг яқинлигини ифода этувчи турли-туман латифанамо гаплар юради. Шундайлардан бирида айтилишича, Ўратепанинг сомон бозорида икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаб кетадиган тожик билан ўзбек учрашиб қолибди.

— Бу менми ё бу сенмисан? — дермиш ўзбек соддадиллик билан унинг кўксига бармоғини нуқиб.

Бошқа бир ҳангома эса қовун бозори ёнидаги сўрида болғалик билан суркатлик ёнма-ён қовун еб ўтиришгани ҳақида.

— Худоба шукр! — дебди болғалик ўзбек қовунни еб бўлгач, ўзини тожик тилининг билимдони кўрсатганича.

— Худога шукр! — дермиш суркатлик тожик ҳам тил борасида ундан қолишмаслигини намойиш этганича.

Муғ тепалигидаги амфитеатрнинг атрофини ўраган айвонларда Истаравшаннинг тожигу ўзбек қишлоқлари аҳолиси ўз ҳунарларини намойиш қилаётган экан. Дарвоқе, бу туманда ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, кандакорлик, кулоллик, тўқимачилик, темирчилик сингари халқ ҳунарманд­чилиги қадим-қадимдан ривожланиб келган. Бугунги саноатлашган замонда бундай кўҳна ҳунарлар билан рўзғор тебратиш анчалик мушкул кечса-да, қадрият сифатида улар халқ орасида ҳамон эъзозлаб келинади. Ҳавоси салқин бу ҳудудда қишлоқ хўжалигининг мевачилик, ­сабзавотчилик соҳалари ҳам яхши ривожланган.

— Илгари Тошкент бозорларида биз олиб борган сабзи-картошка, олма-нокларни талашиб-тортишиб олишарди, — дейди Чорбоғ қишлоғида истиқомат қилувчи деҳқон Ҳабибилла ­Нуруллаев. — Ҳовлимда етиштирган олмаларга Қўйлиқ бозоридан харидорлар келиб, ўзлари олиб кетишарди. Қовун-тарвузларни эса Мирзачўлдан келтирардик.

Ўратепа қир-адирларида узумчиликни ривожлантириш учун ҳам беқиёс имкониятлар мавжуд экан. Бозорлар очиқ бўлса, маҳсулотни олиб турса, бу соҳалар ўз-ўзидан ривожланаверади.

— Бу томони Жиззах, бу ёғи Сирдарё вилоятлари бизнинг ён қўшнимиз, — дейди Истаравшан тумани ҳокими Баҳром Иноятзода. — Ўзбекистоннинг кўп жойларида бўлгани каби Зомин тоғлари билан туташиб кетган бизнинг баҳаво қир-адирларимизда ҳам экотуризмни ривожлантириш имкониятлари катта. Айниқса, ёз ойларида тоғ ҳудудларидаги соя-салқин жойларда, шарқироқ булоқлар бўйида дам олишга нима етсин?

Туман ҳокими эътироф этганидек, табиатнинг бағри кенг, у ҳеч кимдан ўз саховатини аямайди.

Тошга битилган байтлар

Ўратепадан чиқиб мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри сари йўналган тоғ йўли бўйидаги сўлим масканда ижодий гуруҳни шаҳристонликлар ­кутиб олишди. Шаҳристонда олиб борилган ­археологик изланишлар натижасида Марказий Осиё тарихига оид қимматли маълумотлар ­топилганини мутахассислар яхши билишади. Шаҳристон довонидан ўтгач, Айний, Мастчоҳ ­туманлари бошланди. Заҳириддин Муҳаммад ­Бобур “Масчонинг пастки кенти Оббурдондир. Оббурдондан қуйироқда бир чашма бўлиб, бу чашмадан юқориси Масчога қарашли. Қуйиси ­Палғарга тааллуқлидир. Ушбу чашма бошида, унинг ёқасидаги тошга бу уч байтни сабт эттим.

Шунидамки, Жамшеди фаррухсиришт,

Ба сарчашмае бар санге навишт:

Бар ин чашма чун мо басе дам заданд,

Бирафтанд то чашм барҳам заданд.

Гирифтем олам бо мардию зўр,

Ва лекин набурдем бо худ ба гўр”.

Маъноси:

Эшитган эдимки, Жамшиддек номдор

Бош булоқ тошига ёздирди ёдгор:

Бу булоқ бошига кўплар етдилар,

Кўз юмиб очгунча йитиб кетдилар.

Мардлигу зўрлик-ла оламни олдик,

Лекин қабристонга қуруқ йўл солдик.

Форс адабиётининг буюк намояндаси Саъдий Шерозий қаламига мансуб байтлар битилган бу тошни машҳур тарихчи олим Александр ­Семёнов “Бобур тоши жаҳоннинг энг машҳур музейлари зийнати бўла олади!” дея таърифлагани ҳақида гап-сўзлар юради. Ҳозирги кунда Тожикистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида сақланаётган мана шундай сип-силлиқ қора тошлардан яна бири Тожикистон Миллий музейида ҳам бўлиб, унда ҳам Мирзо Бобур Шайх Саъдийнинг пурмаъно сатрларини тошга битган. Бу битикларда акс этган инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти, яшашдан мақсад-муддао нима эканлиги ҳақидаги умрбоқий ғоялар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Буюк зотларнинг умумбашарий ғоялари қисқа умри давомида ­инсон ҳаётини безайдиган асосий нарсаларга эътибор қаратиши лозимлигига ундайди.

Меъморий ечимининг ўзи бир мўъжиза

Китобга бўлган муносабат орқали ҳар қандай жамият ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Тожикистон кутубхоналарида ўтган асрда чоп этилган барча китоблар ҳам кўз қорачиғидек эъзозлаб, асраб келинади. Шу сабабли қишлоқ кутубхоналари захиралари ҳам анча бой. Мамлакат шаҳарларидаги марказий кутубхоналар эса пойтахт Душанбе шаҳридаги Тожикистон Миллий кутубхонаси билан замонавий ахборот узатиш технологиялари орқали доимий алоқада. Миллий кутубхона меъморий ечимининг ўзи бир мўъжиза, унинг ташқи кўринишиёқ кишини ҳайрат олами сари етаклайди. Унинг деворлари кулранг тусда бўлиб, киши руҳида аллақандай ёқимли таассурот уйғотади. Узоқдан қараган кишига саҳифаси очиб қўйилган китобни эслатади. Тожик маданиятига ҳисса қўшган 22 нафар ижодкорнинг бюсти китоб саҳифаларидан боқиб тургандек. 2012 йил 20 мартда Президент Имомали Раҳмон иштирокида очилган тўққиз қаватли мазкур кутубхонанинг узунлиги 167, баландлиги 52 метрни ташкил ­этади. Унинг умумий майдони 45 минг квадрат метрга тенг. Ўнлаб ўқув заллари, галереялар, тадбир ва кўргазмалар ўтказишга мўлжалланган залларга эга.

— Кутубхонамизда мижозларга замонавий хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик мавжуд, — дейди халқаро муносабатлар ва маданий алоқалар бўйича директор ўринбосари Салима Ражабова. — ­Электрон каталог ва кутубхоналар тузилган, юксак даражада хизмат кўрсатиш мақсадида ­инновацион лойиҳалардан фойдаланяпмиз.

Мазкур кутубхона Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан мус­таҳкам алоқа боғлаган.

Қайирмаликлар

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидан бир гуруҳ ҳамюртларимиз ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Кўлобга бориб жойлашиб қолишган экан. Ҳозирги кунда улар Томошатепа деган жойда яшашади.

— ўузорнинг Қайирмасиданмиз, — дейди ўзини Ҳожихушназар Ражабов деб таништирган оппоқ соқолли саксон яшар отахон. — Ота-­боболаримиз туяга ўтириб, бу ерга келиб қолишган. Мана ҳозир кўпайишиб, 400 хўжаликка ­етдик.

— Қавму қариндошларимиз, уруғларимиз билан борди-келди қилиб турамиз, — дейди ­Мирзо Менглиев. — Биз энди шу ерга кўникдик.

Қадим афсоналарга ўхшаб кетадиган бу воқеа ҳайратланарлидир. Бу ёғини олиб қарасангиз, Ўратепада ҳам Қайирма қишлоғи бор. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева Боёвут туманида таваллуд топган бўлса ҳам, ота-боболари шу қишлоқдан. Тошкент, Сирдарё вилоятларида ҳам қайирмаликлар истиқомат қилади.

Бу мисолдан ҳам кўриниб турибдики, ўзбегу тожик эт билан тирноқ каби бир-биридан ажралмас оға-инилардир.

— Бу бир синов даври, — дер экан Самар­қанд вилоятининг Ургут туманида таваллуд топиб Душанбе шаҳрида яшаган зуллисонайн шоир Ўлмас Жамол маҳалладошларига таскин-тасалли берганича. — Кун келиб бир мард ўртага чиқадию, алоқаларимиз яна тикланганида мана шу синов даврининг сабоқлари ҳали жуда асқатади.

Бохтар шаҳрининг Ургут маҳалласида кексалар марҳум зуллисонайн шоир Ўлмас Жамолнинг бу сўзларини эслашиб, унинг ўзи бу кунларни кўролмаганига афсусланишди, унинг руҳига ўзбек ижодкорлари билан биргаликда дуо ўқишди.

Синов даври ортда қолди.

Энди эса замондан ортда қолмай ҳамнафас ҳаракат қилиш, бир-бирини тушуниш томирлари туташ, тарихи ягона, келажаги муштарак ­халқларимиз манфаатларига хизмат қилади.

Шойим БЎТАЕВ, “Халқ сўзи” махсус мухбири.
Тошкент — Хўжанд — Душанбе — Тошкент.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар