Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати билан Афғонистон ҳукумати ўртасида муроса топишга ёрдам бера олиш салоҳиятига эга​ — АҚШлик экспертлар

17:04 15 Сентябр 2020 Сиёсат
306 0

АҚШнинг Афғонистон ва Покистондаги собиқ махсус вакили Ричард Олсен, Жорж Вашингтон университетининг Халқаро муносабатлар мактаби профессори Жеймс Дурсо ва Омаха шаҳрида жойлашган Небраска университетининг Афғонистон тадқиқотлари Маркази директори Шержон Аҳмадзай Доха шаҳрида (Қатар) 12 сентябрь куни афғонлараро музокараларнинг бошланиши расмий маросими ва тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида «Дунё» ААга интервью берди.

Ричард Олсеннинг таъкидлашича, Ўзбекистон кўп йиллар давомида афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишга ҳисса қўшиб келаётган, Афғонистонга энг хайрихоҳ бўлган қўшнилардан биридир.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча йилда бу йўналишда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ҳаракатларида алоҳида суръат кузатилмоқда.

«2018 йил март ойида бўлиб ўтган Тошкент анжумани афғон заминида тинчлик ўрнатиш учун муҳим қадам бўлди ва АҚШ бошлаган ҳозирги тинчлик жараёни Афғонистонда барқарорликка эришиш бўйича эришилган минтақавий келишувга асосланади», деди дипломат.

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон Афғонистон учун муҳим савдо-иқтисодий шерикдир. Бунга мисол тариқасида амалга оширилаётган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни келтириш мумкин. «Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларда АҚШ учун муҳим шерик бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда», деди АҚШнинг собиқ махсус вакили.

«Ўзбекистон ҳурматга муносиб ва бетараф минтақавий иштирокчи сифатида кўрилади – мамлакат «Толибон» ҳаракати билан Афғонистон ҳукумати ўртасида муроса топишга ёрдам бера олиш салоҳиятига эга. Ўзбекистоннинг мавжудлиги ва унинг тинчликка эришишдаги таъсири музокаралар столида сезилади, деб ишонаман», - деди Ричард Олсен.

Профессор Жеймс Дурсо Ўзбекистоннинг Афғонистонда инсон салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувида муҳим ўрин тутишини қайд этди.

«Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда малакали кадрлар тайёрлаш учун дарвоза ҳисобланади. Термиздаги каби ўқув марказлари ёш афғонларни бутун минтақа учун тўғри йўналишда ривожлантиришга ёрдам беради. Меҳнат муносабатлари, ишбилармонлик муҳити, молиявий барқарорлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистонда олинадиган амалий кўникмалар афғон ёшлари учун ўз мамлакати келажагини яратишда жуда муҳим», - дейди эксперт.

У Ўзбекистоннинг муҳим транспорт салоҳияти ҳақида фикр билдирар экан, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Покистон ва Эрон савдо йўлларига боғланиш истиқболига эга Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт ва логистика маркази ҳамда Ҳайратон орқали Термиз шаҳридан Мозори Шарифдан Ҳиротгача бўлган темир йўл тармоғи Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Илгари Афғонистон Президенти маъмуриятида асосий лавозимларни эгаллаган Небраска университетининг Афғонистон тадқиқотлари маркази раҳбари Шержан Аҳмадзай Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириши масаласига хайрихоҳ эканига ишонч ҳосил қилаётганини таъкидлади. Бу АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиёдаги ўзаро боғлиқлик ҳақидаги тасаввурларига жуда мос келади. Қўшма Штатлар 2001 йилдан бери Афғонистонда бўлиб, минтақадаги давлатлар бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари ва савдо-сотиқни минтақа манфаати учун илгари суришга туртки берувчи сиёсатни ишлаб чиқмоқда.

Америкалик тадқиқотчига кўра, Марказий Осиёда ҳамкорлик ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилгани минтақавий ҳамкорликнинг ҳаётий зарурат эканини яна бир бор кўрсатди. Агар Ўзбекистон Марказий Осиёдаги жараёнларнинг бошқарувчисига айланган бўлса, Афғонистон минтақанинг Эрон, Ҳиндистон ва Жанубий Осиё билан савдо маркази ёки кўпригига айланиши мумкин, деб ҳисоблайди Шержан Аҳмадзай.

Ўзбекистон ҳар икки томонни, Доҳа қароргоҳидаги толибларни ҳам, Афғонистон ҳукуматини ҳам узоқ муддатли барқарорлик ва тинчликка йўл очиб берувчи муросага эришиш учун бирлашишга, шунингдек, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасидаги савдони оширишга ундаб, ушбу жараёнда ижобий ўрин тутмоқда, дея таъкидлади америкалик тадқиқотчи.

«Икки томонлама савдо кўламини 1,5 миллиард долларга етказиш мақсади, айниқса, пандемия даврида муҳим кўрсаткичдир. Бу Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасидаги минтақавий алоқалар ва савдо-сотиқни тарғиб қилишда улкан қадам бўлади», - дейди Шержон Аҳмадзай.

Экспертга кўра, «Қўшма Штатлар минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва Афғонистонни бу жараёнларга жалб этиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Доналд Трамп маъмурияти иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди, бинобарин, ўсишнинг ўзи минтақа давлатлари ичида рўй бериши керак. Тараққиёт учун улкан салоҳият мавжуд бўлиб, бунга сармоя жалб этилиши керак. Икки томонлама савдо алоқалари ва минтақавий алоқаларнинг улкан имкониятлари Ўзбекистон ва Афғонистонга Марказий Осиё бўйлаб узоқ муддатли тинчлик ва барқарор тараққиётни йўлга қўйишда муҳим омил бўлиш имконини бермоқда».

«Ўзбекистон раҳбари ташаббуслари ўз натижаларини берди ва Афғонистон жамоатчилиги ҳамда ҳукумат доиралари ўртасида ижобий баҳоланди. Афғонистон ҳукумати ва халқи Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти Афғонистонда фаол иштирок этаётганидан жуда мамнун. Инсонлар Афғонистон масаласида Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий иштирокини қайд этиб, Афғонистонда тинчликка эришишда барча шерикларни бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни некбинлик кайфиятида қараши олмоқда», - дейди эксперт.

Унинг қайд етишича, Афғонистонда тинчликка эришишда ушбу жараёнга жалб қилинган давлатлар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ўзбекистоннинг Самарқандда тинчлик музокараларини ўтказиш таклифи, 2019 йилнинг августида эса «Толибон» делегациясининг қабул қилинганини тўғри тушуниш керак. «Бу қадамлар ҳар икки томон билан мулоқот ўрнатиш учун зарур эди. 2018 йилда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Кобулга ташрифи чоғида Афғонистон ҳукумати ва бошқа томонлар билан музокаралар ўтказганини қайд этиш жоиз. Вазир Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг Афғонистонда тинчлик жараёнини муҳокама қилиш учун Доҳада «Толибон» ҳаракати етакчилари, хусусан, Мулла Бародар Охунд билан учрашувларини ҳам тилга олиш зарур. Бу муҳим қадамлар эди», дея таъкидлайди америкалик тадқиқотчи.

Шержон Аҳмадзай фикрига кўра, буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг тинчлик ва хавфсизликка бўлган қизиқишидан дарак бериб, нафақат Афғонистон, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари учун икки томонлама савдо-сотиқ учун янги имкониятлар эшигини очади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?